03.08.2024 19:28
10796
Теглар
Мадримов енгилмас Кроуфордга қарши. Ўзбек боксчиси мутлақ жаҳон чемпионини илк марта мағлуб этадими?

Париж Олимпиадасида бокс бўйича баҳслар тобора ўзининг қизғин палласига кираётган бўлишига қарамай, якшанба тонгида бутун дунё бокс ишқибозларининг нигоҳи Лос-Анжелесга қаратилади. Кечанинг асосий тўқнашувида супер ярим ўрта вазн тоифасида WBA камари соҳиби Исроил Мадримов афсонавий Теренс Кроуфорд билан беллашади. 40та баҳсида 40 ғалабага эришган йилнинг энг яхши боксчисига қарши жанг олдидан Исроил фақат битта нарсани сўрашини айтиб, муҳим мурожаат билан чиқди.

Мағлубият нималигини билмаётган рақиблар

Ўзбекистон вақти билан 4 август тонгида АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги 22 минг томошабин сиғимига эга «BMO Stadium» аренасида «Riyadh Season» сериясидаги катта проффесионал бокс оқшоми ташкил этилади. Кечанинг марказий жангида супер ярим ўрта вазн тоифасида WBA йўналиши чемпиони Исроил Мадримов америкалик Теренс Кроуфорд билан тўқнаш келади. Бу жангда ўзбекистонлик 29 ёшли боксчи ўзига тегишли WBA камарини ҳимоя қилади. Қолаверса, ўртага WBO Interim камари ҳам тикилган. Шунингдек, жанг ғолиби WBC камари даъвогарига айланади.

Теренс Кроуфорд «Pound-for-pound» рейтинги етакчиси ҳисобланади. У проф боксда жами 40та жангида 40та ғалабага эришган. Эътиборлиси, 36 ёшли боксчи 31та жангини нокаут билан якунлаган. Енгилмас Кроуфорд тахаллусини олган чарм қўлқоп устаси мутлақ жаҳон чемпиони, WBC ва WBA камарлари эгаси саналади.

Исроил Мадримов эса супер ярим ўрта вазн тоифасида WBA камари соҳиби саналиб, профессионал боксдаги 10та жангидан 9тасида ғалабага эришган, фақат битта жангда дуранг қайд этган. 7та жангни нокаут билан якунлаган.

Жангдан бир кун олдин, 3 август куни ҳар икки боксчи вазн ўлчаш маросими қатнашишди. Унга кўра, Мадримов – 69,85 кг, Кроуфорд – 69,58 кг вазнда экани қайд этилди.

Усикни ортда қолдирган ва йил боксчиси деб топилган Кроуфорд

Учта вазн тоифасидаги жаҳон чемпиони ва pound-for-pound рейтинги пешқадами Теренс Кроуфорд июн ойида ESPY талқинига кўра, йил боксчиси деб топилганди.

Ушбу номинациясида Теренсдан ташқари Александр Усик, Наоя Иноуэ ва Сеньеса Эстрада ҳам даъвогарлик қилаётганди. Америкалик 36 ёшли боксчи енгил вазнда (61,2 кг) вазн тоифасида собиқ чемпион саналса, ўртаярим вазнда (63,5 кг) мутлақ чемпион ҳисобланади.

Жангга ким қандай етиб келди?

Енгилмас Кроуфорд сўнгги марта 2023 йил июл ойида ҳамюрти Эррол Спенсни муддатидан аввал мағлуб этганди.

Исроил Мадримов эса шу йилнинг март ойида WBА камарини қўлга киритган. У Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳридаги «Kingdom Arena» мажмуасида ўтган профессионал бокс кечасида супер ярим ўрта вазнда WBA камари учун россиялик чемпион Магомед Қурбоновга (25-1-0, 13 KO) қарши рингга кўтарилиб, шу вақтгача енгилмаган рақибини мағлубиятга учратган эди.

«Бу жанг енгилмас Кроуфорд учун энг қийин синовлардан бирига айланади»

Лос-Анжелесда ўтадиган жанг олдидан ушбу баҳсни трансляция қиладиган DAZN телеканали промо ролик тайёрлади. Унда 29 ёшли ўзбекистонлик ва 36 ёшли америкалик боксчиларнинг бу жанггача фаолияти саҳналаштирилган.

«Кроуфорд ва Мадримов афсонавий жангда тўқнаш келишади. Аминманки, бу жанг енгилмас Кроуфорд учун ҳам фаолиятидаги энг қийин синовлардан бирига айланади», - дейди Саудия Арабистони кўнгилочар ишлар ишлар бўйича департамент раиси ва жанг ташкилотчиларидан бири Турки аш-Шайх.

Усик Кроуфорд – Мадримов жанги олдидан: «Кучлиси ғолиб бўлади»

WBA, WBO, WBC ва IBO супероғир вазн бўйича чемпион Александр Усик Теренс Кроуфорд ва Исроил Мадримов жанги олдидан фикрларини билдирди.

«Лос-Анжелесдаги бокс оқшомида давримизнинг энг зўр жангчиларидан бири чиқиш қилади. Бу баҳсда кучлиси ғолиб бўлади. Омад, йигитлар!», - дея жангдан олдин кимнинг имкониятини юқори эканини айтишни истамади украиналик боксчи.

«Фақат битта нарсани сўрайман...» – Мадримов жанг олдидан ҳакамларни холис бўлишга чақирди

Ўзбекистонлик боксчи фаолиятидаги энг муҳим жанг олдидан омма орқали ҳакамлардан адолатли бўлишни сўради. У АҚШда мезбон саналмиш америкалик юлдузга қарши жанг қилаётгани, шу куни мезбон мухлислардан ташқари, ҳакамларга ҳам қарши туриб беришини тушуниб турибди.

«Бу жангда боксдаги энг кучлилар – Теренс Кроуфорд ва унинг жамоасига қарши тўқнаш келаётганимни биламан. Шунингдек, мен мухлислар ва ҳакамларга ҳам қарши туриб беришим керак. Фақат битта нарсани сўрайман – холис ва адолатли ҳакамлик», - деди Исроил Мадримов жанг олди оммага қилган мурожаатида.

Жангни қачон ва қаерда томоша қиламиз?

Профессионал боксда йилнинг энг муҳим жангларидан бири бўлмиш ушбу тўқнашув Ўзбекистонда расман намойиш этилиши масаласи яқин вақтгача сўроқ остида қолаётган эди.

Куни кеча «Зўр ТВ» телеканали Исроил Мадримов ва Теренс Кроуфорд ўртасидаги марказий жангни намойиш этиш трансляция ҳуқуқини қўлга киритгани маълум бўлди. Ушбу бокс кечаси Тошкент вақти билан 4 августга ўтар кечаси соат 01:30 да старт олади. Оқшомда жами 8 та жанг ўтказилади. Мадримов ва Кроуфорднинг жанги якшанба тонгида тахминан соат 07:00-08:00 оралиғида тўғри келиши кутилмоқда. Нафақат Мадримов учун, балки ўзбек бокси учун ҳам йилнинг энг муҳим жангида ҳамюртимизга омад ва зафар тилаб қоламиз.

Лос-Анжелесдаги бокс оқшомидан ўрин олган жанглар рўйхати:

Зиёд Алмаъюф (5-0, 1 КО) – Михал Булик (6-7, 2 КО)

Стивен Нелсон (19-0, 15 KO) – Маркос Васкес (20-0-1, 10 КО)

Энди Крус (3-0, 1 KO) – Антонио Моран (30-6-1, 21 KO)

Давид Моррел (10-0, 9 KO) – Радивое Калайжич (29-2, 21 KO)

Жаред Андерсон (17-0, 15 KO) – Мартин Баколе (20-1, 15 KO)

Энди Руис, мл. (35-2, 22 KO) – Жаррелл Миллер (26-1-1, 22 KO)

Исаак Крус (26-2-1, 18 KO) – Хосе Валенсуэла (13-2, 9 KO)

Теренс Кроуфорд (40-0, 31 KO) – Исроил Мадримов (10-0-1, 7 KO).

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар