31.07.2024 15:55
4356
«Олимпиада – катта тажриба бўлди». Кападзе Париж-2024 якунлари, омадсизлик сабаблари ва турнир хулосаси ҳақида

Ўзбекистон олимпия жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Доминикан Республикаси жамоасига қарши ўтган 3-тур ўйинидан (1:1) кейин Олимпиададаги иштирок ва турнирни эрта тарк этиш сабаблари ҳақида фикрларини билдирди.

«Аввало, халқимизга бизни қўллаб-қувватлаб тургани учун раҳмат айтаман ва ўзим ҳамда жамоа номидан узр сўрайман. Биз ўйинларда ғалаба қозониш учун ҳаракат қилдик, афсуски бунга эриша олмадик. Қаердадир омад етишмади, яна қаердадир тажриба ва маҳорат камлик қилди. Ўзига яраша камчиликларга йўл қўйдик. ИншаАллоҳ, келаси сафар ўйинларимиз билан хурсанд қиламиз.

Олимпиадага чиққанимиз ҳам биз учун катта ютуқ бўлди. Бу турнирдан ҳам қандайдир ютуқ билан қайтмоқчи эдик, аммо насиб қилмаган экан. Келдик, ўйнаб тажриба тўпладик. Турнирдан хулоса чиқарамиз. Бу ердаги атмосфера, турнир муҳити бизни янада кучли қилади. 

Биз биринчи ўйиндан (Испания, 1:2) кейин тикланиш машқларини бажариш ўрнига бошқа шаҳарга йўлга чиқдик ва бир кунни йўқотдик. Миср билан қийин ўйиндан (0:1) кейин яна йўлга чиқдик ва тикланиш ўрнига вақтни йўлда ўтказдик. Тиғиз пайтда вақт муҳим аҳамиятга эга.

Аслида бундан кўпига лойиқ эдик, деб ўйлайман. Бунга кучимиз етарди. Учала ўйинда ҳам ўз хатоларимиз билан очколарни йўқотдик. Вазиятлардан фойдаланишда ҳар доим нимадир етишмади. Шунга қарамай, Париж-2024 Олимпиадаси катта тажриба бўлди. Турнир давомида ўзим ҳам, мураббийлар штаби ҳам тажриба йиғдик, анча ўсдик ва ўзимизга хулоса чиқардик. Яна шунақа вазиятга тушсак, энди тажрибага эгамиз ва нима қилишни билган ҳолда ҳаракат қиламиз», - дейди Темур Кападзе турнирдаги иштирокидан сўнг.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия жамоаси турнирдаги илк иштирокида 3 ўйинда битта дуранг қайд этиб, С гуруҳини бир очко билан сўнгги 4-ўринда якунлади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар