30.07.2024 14:15
6980
Теглар
30 дақиқа фарқ билан чемпион бўлган ака-сингил — дзюдодаги Абэлар ҳақида

Ёзги Олимпия ўйинлари давом этмоқда ва унда спортдан-да юқори бўлган воқеалар ҳам кузатилмоқда. Япония фахри бўлган Ҳифуми ва Ута Абэлар яна эътибор марказида. Ўзбекистонлик чемпион сабабчи бўлиб қолган Париждаги драма фонида 4 мартадан жаҳон чемпиони бўлган ака-сингилнинг дзюдодаги йўллари ва ютуқларига тўхталамиз.

Ота қизининг мусиқачи бўлишини хоҳлаган

Ҳифуми ва Ута Кобеда ўртаҳол оилада туғилган. Болакай 6 ёшида катта акасидан ўрнак олиб, дзюдога борган. Кейинчалик акаси спорт турини ўзгартирган, аммо Ҳифуми йўлида давом этган. Бироз вақт ўтгач, синглиси Ута унга эргашди. Қизиғи, уларнинг отаси бундан хурсанд бўлмаган, чунки у қизининг мусиқа билан шуғулланишини хоҳлаган. Бир қанча вақт уйдаги қаршилик давом этган, лекин Ута дзюдодан чекинмаган ва ҳатто акасидан ўзиб кетишни мақсад қилган.

«Ҳифуми доим мендан олдинда юрарди. У мен учун ҳаракатлантирувчи кучдир», — деганди Ута.

Иккаласи ҳам тезда ривожлана бошлашди. Ҳифуми 17 ёшида Токиодаги «Катта дубулға» турнирида ғалаба қозониб, эркаклар ўртасида энг ёш ғолибга айланди. Кейинчалик у турли мусобақаларда яна кўп маротаба зафар қучди, тўрт марта жаҳон чемпиони бўлди. Ута эса 15 ёшида Дюсселдорфда Гран-прини ютиб, тарихга кирди. Кейин «Катта дубулға» мусобақаларида муваффақиятлар ва акаси каби 4 бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

Олимпиадани ютиш эмас, унга чиқиш қийин бўлди

Ака ва сингил доим катта турнирларда бир кунда ғолиб бўлишни орзу қилишарди, аммо бу режа амалга ошмаслиги ҳам мумкин эди. Токио Олимпидаси олдидан Ҳифуми 66 килограммгача бўлган вазн тоифасида ўз мамлакати шарафини ҳимоя қиладими ёки йўқми, бу аниқ эмасди. Вазиятга ойдинлик киритиши керак бўлган Япония чемпионати эса Ковид-19 туфайли бекор қилинди. Натижада Япония дзюдо федерацияси жаҳон рейтингида 3-ўринни эгаллаб турган Ҳифуми ва 2-поғонадаги Ҳоширо Маруяма ўртасида жанг ўтказишга қарор қилди. Ғолиб Олимпиадага йўлланма оларди.

Ҳифуми 2017 ва 2018 йилги, Маруяма эса 2019 йилги жаҳон чемпиони эди. Уларнинг ўзаро тўқнашувларида тенглик қайд этилаётганди — 2:2.

Беллашувни бутун дунё жонли томоша қилди. Улар деярли 24 дақиқа курашишди. Маруяма икки марта шидо олди ва ҳужумга уринишларининг бирортасини ҳам муваффақиятли якунлай олмади. Тахминан 20-дақиқаларда Абэ «олтин очко»ни қўлга киритди. У ўнг оёғи билан рақиб оёғини илиб, Маруямани танаси билан қаттиқ туртиб юборди ва вазари ишлади.

Баҳсдан сўнг ғолиб бир неча дақиқа йиғлади, у ҳатто интервю ҳудудида ҳам тинчлана олмади.

«Бу узоқ давом этган кураш бўлди. Ҳиссиётлар жанги бўлишини билардим ва ўз йўналишимдан қайтмасликка қарор қилдим. Натижа якунда келди, чунки мен ўз фикримдан қайтмадим ва охиригача ўз дзюдо услубимни намойиш қилдим. Энди синглим Ута билан олимпия жамоасига қўшиламан ва айтишим мумкинки, биз Олимпиада олтини учун бирга борамиз. Унинг акаси сифатида ютқазишга ҳаққим йўқ эди. Ҳали мақсадга эришилгани йўқ ва мен енг шимариб, ғалабага интиламан», — деди Ҳифуми жангдан сўнг дарҳол.

Ака-сингилнинг орзуси амалга ошди

Ҳифуми сўзида турди ва Токио Олимпиадасида нафақат синглисини, балки бутун мамлакатини хурсанд қилди. Дастлаб Ута 52 килограммгача бўлган вазн тоифасида финалда франциялик Амандин Бушарни мағлуб этди. Кейинроқ -66 кг вазнда Ҳифуми татамига чиқди ва финалда грузиялик Важа Маргвелашвилидан устун келди. Шу тариқа ака-сингил бир кунда — 30 дақиқалик фарқ билан Олимпия чемпиони бўлишди ва бу борада рекорд ўрнатишди.

«Синглим биринчи бўлиб олтин медални қўлга киритди, лекин мен ҳеч қандай босимни ҳис қилмадим, чунки ғалаба қозонишга аҳд қилгандим! Бугун икки орзум бирданига амалга ошди. Бу — менинг ҳаётимдаги энг эсда қоларли лаҳзалар», — деганди Ҳифуми.

Ўз навбатида Ута ҳам унинг ғалабасига Ҳифуми сабабчи бўлганини тан олади: «Мен буни акамсиз қилолмасдим. Агар у бўлмаганида, мен дзюдо билан шуғулланган бўлармидим ёки йўқ, буни ҳам билмайман.

Жаҳон чемпионлигидан сўнг одамлар менга бошқача қарашни бошлашди. Бу руҳий чарчоқни келтириб чиқаради, лекин ҳозир бу — ҳаётимнинг ажралмас қисми, шунинг учун бунга қарши эмасман. 52 кг вазн тоифасида мен ҳеч кимни таъқиб қилмайман. Аввало, бу — ўзим билан кураш: мен ўзимдан устун туришим ва ҳар куни ўсишим керак. Агар сиз ўз спортингиз қироличаси бўлсангиз, хато қилишга ҳаққингиз йўқ», — дейди чемпион қиз.

Ута яна чемпион бўлмоқчи эди, аммо...

2023 йил май ойида Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида 22 ёшли Ута Абэ 4-бор тенгсиз дзюдочига айланди. У финалда ўзбекистонлик Диёра Келдиёровани мағлубиятга учратди.

Ута нафақат ғалабалар учун курашади, ўз кучини кўрсатиш учун ишлашдан чарчамайди. Баъзи шарҳловчилар уни «Япониянинг энг ёқимли спортчиси» деб аташган, аммо Абэ бошқача «тож» кийишга қарор қилган: «Мен уларни «кучли», «дзюдо йиртқичи» сифатида тасаввур этишларига мажбур қиламан!»

Жаҳон миқёсидаги кўплаб ажойиб ютуқлардан сўнг Утанинг ғалабага бўлган иштиёқи сўнмади. Спортчи Париж Олимпиадасида муваффақиятни такрорлашга умид қиларди ва бу ҳақда гапиришдан тўхтамади: «Агар биз олдимизга қўйилган вазифага эътибор қаратсак, акам ва мен яна ғалаба қозонишимиз мумкин. Лекин биринчи навбатда ўзимга эътибор қаратишим керак. Мен ғолиблик ҳис-туйғуларини яна бошдан кечиришни хоҳлайман. Олимпиада чемпионлигини қўлга киритганимда ҳис қилганларимни қайтадан жонлантириш истаги — менинг асосий мотивациям».

Аммо Абэ қаторасига 2-бор Олимпиада чемпионлигига эриша олмади. У Париж-2024да иккинчи босқичда Диёра Келдиёрова билан тўқнаш келди ва ўзбекистонлик дзюдочи жаҳон чемпионати финалидаги мағлубият учун реванш олиб, кучли рақибини турнирдан чиқариб юборди.

Абэ мағлубиятдан сўнг ўзига келишга қийналди — татамида йиғлаб юборди ва уни узоқ вақт тинчлантира олишмади.

Утанинг акаси Ҳифуми эса -66 кг вазнда чемпион бўлди. 27 ёшли дзюдочи икки карра чемпионликдан сўнг шундай деди: «Синглим ютқазганида, шокка тушдим ва кун бўйи ўзимни ёмон ҳис қилдим. Аммо курашишим керак эди. Синглим учун ҳам олтин медални қўлга киритганимдан хурсандман».

Сингилнинг кўз ёшлари, аканинг ўзида куч топиб чемпион бўла олгани Париж олимпиадасининг драмаларидан бирига айланди. Токиода бир кунда чемпион бўлган ака-сингиллар бу сафар бир кунда шоҳсупага кўтарилишмаса-да, воқеалар марказида бўлишди.

Ута эндигина 24 ёшда. Диёрадан учралган мағлубият уни янада ўз устида ишлашга ва кучли бўлиб қайтишга ундаши аниқ. Бу ўзбекистонлик чемпион учун ҳам ўзига хос чақирув бўлади.

Аъзамжон Иззатиллаев

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар