28.07.2024 23:44
6843
Теглар
Шавкат Мирзиёев Диёра Келдиёровани чемпионлик билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Парижда ўтаётган ёзги Олимпия ўйинларида дзюдо бўйича беллашувларнинг 52 килограммгача вазн тоифасида барча рақибаларини енгиб, олимпия терма жамоамизга биринчи олтин медални келтирган Диёра Келдиёрова билан телефон орқали мулоқот қилди.

«Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон тарихида ёзги Олимпия ўйинларида аёллар ўртасида биринчи марта чемпион бўлган спортчи қизимизни тарихий ғалаба билан қизғин табриклаб, ота-онаси ва мураббийларига миннатдорлик билдирди», - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Маълумот учун, Диёра Ўзбекистон тарихида ёзги Олимпиадада олтин медал ютган илк аёл спортчи сифатида тарихдан жой олди. Шу пайтгача аёл спортчиларимиздан фақатгина Екатерина Хилко Пекин-2008да трамполиндан сакрашда бронза медалини қўлга киритган ва аёллар орасида медал олган ягона спортчи эди.

26 ёшли ўзбекистонлик дзюдочи бугунги баҳсларда дастлаб нимчоракфиналдаёқ япониялик амалдаги Олимпиада чемпиони Уте Абэнинг 5 йиллик мағлубиятсиз сериясига барҳам бериб, турнирдан чиқариб юборган бўлса, чоракфиналда германиялик Маша Баллҳаусни мағлуб этиб яримфиналга чиққанди. Финал учун баҳсда эса Келдиёрова мезбонлар вакили бўлган Олимпиада-2020нинг олтин (жамоавий) ва кумуш медали соҳиби Амандин Бушарни мағлубиятга учратган эди. Финалда эса косовалик Олимпиада-2020 чемпиони Дистрия Красничини мағлуб этиб, чемпион бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд дзюдо мактаби тарбияланувчиси саналмиш Диёр Келдиёрова Токио-2020 Олимпиадасида иштирок этиб, дастлабки босқичда турнирни тарк этганди.

Диёр Келдиёрова турнир аввалидан ваъда қилинганидек, ҳукумат томонидан 200 минг АҚШ доллари мукофот пулига эга чиқади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар