24.07.2024 22:44
8529
Теглар
Париж-2024. Аргентина – Марокаш ўйини 90+16-дақиқадаги голдан кейин тўхтатилди ва гол 2 соат ўтиб бекор қилинди

Ўзбекистон – Испания (1:2) ўйини билан параллел ўтган 1-тур доирасидаги Аргентина – Марокаш учрашуви Олимпиададаги дастлабки можарога айланди.

Аргентина Марокаш билан учрашувнинг 90+16-дақиқасида гол уриб ҳисобни 2:2га айлантиргач, марокашлик мухлислар Сент-Этьендаги стадионда тартибсизликларни келтириб чиқаришди. Улар томонидан майдонга турли буюмлар, петардалар отилди. Оқибатда бош ҳакам майдондагиларнинг хавфсизлиги учун ўйинни тўхтатиб, жамоаларни стадион ичкарисига олиб кирди.

Барча ўйин якунланди деб ўйлаган эди, аммо ҳакам ҳали расман ўйинни якунловчи ҳуштагини чалмаган эди. Халқаро Олимпия қўмитаси расмий сайти эса ўйин якунланганини қайд этганди.

Орадан 2 соат ўтиб, ўйин томошабинларсиз бўш стадионда давом эттирилиши ва ҳакам Аргентинанинг 90+16-дақиқадаги голини VARда текшириши маълум қилинди.

Шу тариқа, томошабинларсиз ўтказилган сўнгги 3 дақиқада аргентиналикларнинг голи офсайд сабабли бекор қилинди ва Марокаш 2:1 ҳисобидаги ғалабани сақлаб қолди.

Эслатиб ўтамиз, Марокаш – Аргентина ўйини олдидан франциялик ва марокашлик мухлислар аргентиналикларнинг мадҳияси янграётганда ҳуштакбозлик қилишди. Бу Аргентина миллий жамоаси аъзоларининг Копа Америкадаги ғалабадан кейин французларга нисбатан ирқий камситилиши билан боғлиқ экани тахмин қилинган.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар