19.07.2024 22:59
1072
Теглар
ФИФА Исроилни футболдан четлатиш масаласини 31 августга қолдирди. Мамлакат олимпия жамоаси Олимпиадада қатнашади

ФИФА Исроилни футболдан четлаштириш масаласини кўриб чиқиш муддатини кейинга қолдирди, дея хабар бермоқда ESPN.

ФИФА Фаластиннинг Исроилни Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари учун расмий турнирлардан четлатиш масаласида май ойидаги мурожаатини 20 июл шанба куни навбатдан ташқари кенгаш йиғилишида кўриб чиқиб, қарор қабул қилиши керак эди.

Аммо ФИФА «бу жараённи батафсил ўрганиш ва аниқ баҳо бериш учун кўпроқ вақт керак» деб ҳисоблаган. Яъни, қарор энди Олимпиада-2024дан кейин қабул қилинади. Қайд этилишича, ҳар икки томон ҳам «ўз позицияларини тақдим этиш учун» муддатни узайтиришни сўраган. Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқшунослар томонидан ўтказилган мустақил ҳуқуқий баҳо эса энди 31 августгача ФИФАга топширилиши белгиланган.

Шу тариқа, Исроил олимпия жамоаси Париж-2024 турнирида иштирок этади. Исроилликлар гуруҳда Япония, Мали ва Парагвай майдонга тушади.

Аввалроқ, Осиё футбол конфедерацияси ҳам Фаластиннинг Исроилни ФИФА байроғи остида ўтадиган барча расмий турнирлардан четлатиш ҳақидаги талабномасини қўллаб-қувватлагани хабар қилинганди.

Маълумот учун, Исроилнинг Ғазога ҳужуми натижасида экславда ҳалок бўлганлар сони 38 минг 794 нафарга етган. 89 минг 364 киши ярадор қилинган. 21 мингдан ортиқ болалар бедарак йўқолган ҳисобланади. Сўнгги бир сутка ичида Исроил армияси 4 та оммавий қирғин ўтказиб, 81 кишининг ўлими ва 198 кишининг яраланишига сабабчи бўлди. Ҳужумлар натижасида Ғазода фаолият кўрсатиб келган 26 та шифохонадан 23 тасининг фаолияти тўхтаган.

Эслатиб ўтамиз, ФИФА ва УЕФА сўнгги марта 2022 йилнинг 28 феврал куни Россияни Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари учун ўз байроғи остида ўтадиган барча халқаро турнирлардан четлатганини эълон қилганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар