18.07.2024 22:56
979
Теглар
ФИФА Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар учун Исроилни футболдан дисквалификация қилиши мумкин – Reuters

Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлари давомида Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) қоидаларини бузгани учун футбол билан боғлиқ барча фаолиятдан четлатилиши мумкин. Бу ҳақда халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган ҳуқуқшунослар томонидан ўтказилган мустақил ҳуқуқий таҳлилга асосланиб, Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Манбанинг ёзишича, Фаластин футбол ассоциацияси май ойидаёқ Исроилнинг дисквалификациясини сўраб, ФИФАга талабнома жўнатган. Ўз навбатида ФИФА бунга зудлик билан ҳуқуқий баҳо берилиши лозимлигини маълум қилиб, бу масала июл ойида ташкилот кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида кўриб чиқилишига ваъда берганди.

Қайд этилишича, Осиё футбол конфедерацияси ҳам Фаластиннинг Исроилни ФИФА байроғи остида ўтадиган барча расмий турнирлардан четлатиш ҳақидаги талабномасини қўллаб-қувватлаган.

Маълумот учун, Исроилнинг Ғазога ҳужуми натижасида экславда ҳалок бўлганлар сони 38 минг 794 нафарга етган. 89 минг 364 киши ярадор қилинган. 21 мингдан ортиқ болалар бедарак йўқолган ҳисобланади. Сўнгги бир сутка ичида Исроил армияси 4 та оммавий қирғин ўтказиб, 81 кишининг ўлими ва 198 кишининг яраланишига сабабчи бўлди. Ҳужумлар натижасида Ғазода фаолият кўрсатиб келган 26 та шифохонадан 23 тасининг фаолияти тўхтаган.

Эслатиб ўтамиз, ФИФА ва УЕФА сўнгги марта 2022 йилнинг 28 феврал куни Россияни Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари учун ўз байроғи остида ўтадиган барча халқаро турнирлардан четлатганини эълон қилганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар