Жуд Беллингҳем Евро-2024 финалида Англиянинг Испанияга мағлубиятидан (1:2) сўнг фикрларини билдирди.
«Буни қабул қилиш осон эмас. Сўнгги ҳафталарда биз ғолиблик учун кўп нарсани қурбон қилгандик. Зич тақвимда ўтган мавсум якунида ҳал қилувчи муҳим турнирга тайёр бўлиш жуда оғир эди. Руҳий ва жисмонан жуда қийин. Биз чарчаганмиз.
Мамлакатимиз учун боримизни беришга тайёр эдик, аммо бундай муҳим баҳсда мағлуб бўлиш – жуда оғир зарба.
Эҳтимол, энг яхши ўйинимизни кўрсата олмагандирмиз, аммо яхши вазиятлар ҳам бўлди. Голдан кейин ўйинга қайтганимизни ҳис қилгандик, бироқ бу тарзда ютқазиш ҳафсалани пир қилади.
Албатта, Англия биз билан фахрланишини истагандик, аммо ундай бўлмади. Сабаблар кўп, бу ўйин ҳали таҳлил қилинади. Бу турнирдан келажак учун хулоса чиқарамиз. Аммо барчасига негатив қараш билан ҳеч қачон ҳеч нарса ўзгармайди», - дейди Жуд Беллингҳем.