13.07.2024 10:45
3197
Левандовски бакалавр ва магистр дипломларини сотиб олишда айбланмоқда

«Барселона» ҳужумчиси Роберт Левандовски университет дипломларини сотиб олишда айбланмоқда.

2018 йилда Полша миллий жамоаси ҳужумчиси Лодздаги хусусий университетлардан бирининг магистратура босқичи талабаси бўлди. Аввалроқ у ерда бакалавр даражасини олган. Бироқ Левандовски бу ҳақда очиқ гапирмаган.

Лодз хусусий университетида дипломлар сотуви бўйича тергов 5 йилдан бери давом этмоқда. Асосий гумонланувчи икки хусусий университетга алоқадор олимдир. Бирида у ректор эди. Яна бирида эса гумонланувчи маъруза ўқиган, унинг рафиқаси у ерда ректор бўлган. Маълум бўлишича, бу олим Левандовскининг рафиқаси билан ёзишган.

Ўтган ой ушбу университетда дарс берган социология профессори Барбара Мрозинска иш бўйича гувоҳлик берди.

«Левандовски Лодздаги хусусий университетдан диплом сотиб олган. Мен буни тўлиқ жавобгарлик билан ёзяпман, чунки у мен билан иккита имтиҳондан «ўтган». Мен бу жирканч иш бўйича гувоҳ сифатида суд мажлисида қатнашдим», — деб ёзган Мрозинска бир неча кун олдин твиттерда.

«Робертнинг Лодзда тез ва осонлик билан диплом олишида асосий ҳаракатлантирувчи куч унинг рафиқаси Анна эди.

У 2007 йилда Варшавада ўқишни бошлаган ва йиллар давомида уни тугата олмаган эрининг олий маълумотга эга бўлишини, келажакда мураббийлик мактабига киришини хоҳлади», — деб ёзади Onet. 

«Роберт иккала дипломни Лодзда олган, у ёлғоннинг умри қисқа бўлишини тушунган ва ҳеч қачон бу қоғозлар билан мақтанмаган. Агар у Варшавада 13 йил ўқиб, кутилмаганда Лодзда иккита диплом олгани маълум бўлса, ғалати бўларди. Лодз дипломлари тор доирадаги одамлар учун катта сир бўлиб қолиши керак эди», — деди Onet'нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги суҳбатдоши.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йилда 19 ёшида Левандовски Варшава спорт таълими коллежида ўқишни бошлаган ва 10 йил ўтиб, 2017 йилда бакалавр даражасини олган. 2020 йилда эса магистрлик даражасини олди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар