02.07.2024 22:19
11371
Теглар
Ўзбекистон футболчилар уюшмаси ёзги трансфер ойнасида Суперлиганинг уч клуби билан шартнома имзолашда ҳушёр бўлишга чақирди

Бугун, 2 июлдан Суперлигада ёзги трансфер ойнаси очилгач, Ўзбекистон футболчилар уюшмаси футболчиларга мурожаат билан чиқди.

Ўзбекистон футболчилар уюшмаси ёзда жамоасини ўзгартиришни режа қилган ўйинчиларга Суперлиганинг учта клуби – «Нефтчи», «Навбаҳор» ва «Сурхон» билан шартнома имзолашда ҳушёр бўлишга чақирди.

«Ҳурматли футболчилар! Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Профессионал футбол лигаси ва Ўзбекистон футболчилар уюшмаси футболчиларимизни ёзги трансфер ойнаси очилишида «Нефтчи», «Навбаҳор», «Сурхон» футбол клублари билан шартнома имзолашда ҳушёр бўлишга чақиради.

ЎФАнинг футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмитаси ўтган йилнинг 25 декабр санасида футбол клубларини профессионал футболчилар олдидаги шартномавий мажбуриятларини бажаришга чақириб, барча қарзларни 2024 йилнинг 10 январгача қоплаш учун муддат белгилаган эди. Бир қатор клублар бу мажбуриятларини бажарган ва қарзларни белгиланган муддатга қадар тўлаган бўлса-да, аксарият клублар тўлов муддатини узайтиришни сўраб мурожаат қилишган.

Бу мурожаатлар Ўзбекистон футболчилар уюшмаси томонидан қўллаб-қуватланган бўлса-да, «Нефтчи» ва «Навбаҳор» жамоалари қарзларни апрел охиригача бартараф этишлари белгиланган бўлса-да, бугунги кунга келиб ҳам қарздорликни бартараф этишмаган. Бу эса регламентнинг 12-бис моддасига зид: «Клуб футболчилар ва бошқа клублар олдидаги, шунингдек, профессионал футболчилар билан имзоланган шартномалар ва трансфер келишувларида кўрсатилган шартларга мувофиқ, ўз молиявий мажбуриятларига риоя қилиши лозим».

Бундан ташқари, «Сурхон» ФК бир неча бор Ўзбекистон футбол ассоциациясининг мақоми ва ўтиши бўйича қўмитаси қарорларини бажармаган. Бу ҳолат жиддий санкцияларга, жумладан, мусобақа жадвалида очколарни йўқотишга олиб келиши ҳақида кўп маротаба огоҳлантирилган. ФИФА нормалари ва қоидаларига мувофиқ, клублар футболчиларга шартномаларга биноан барча қарзларини тўлашлари шарт. Акс ҳолда, клублар жорий трансфер ойнасида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш имкониятидан маҳрум бўлишлари мумкин», - дейилади ташкилот хабарида.

Маълумот учун, Суперлига 1-даврасидан кейин «Навбаҳор» (7-ўрин), «Нефтчи» (8) ва «Сурхон» (9) турнир жадвалида ёнма-ён бормоқда.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар