26.06.2024 13:26
3155
Яна Рангникнинг устидан куласизми? У — Евродаги энг катта сенсация муаллифи

Германиялик мураббийнинг стратегияси Австрияни бутунлай ўзгартириб юборди. Жамоа Евро-2024 плей-оффида.

2022 йилнинг баҳори Австрия миллий жамоаси учун ёмон ўтди. Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралашидаги 4-ўрин (Дания, Шотландия ва Исроилдан кейин) жамоанинг Евро-2020даги ўйинларидан сўнг мухлисларни тезда эйфориядан халос қилди. Аввалги қитъа чемпионатида австрияликлар гуруҳдан чиқишган, лекин 1/8 финалда бўлажак чемпион — Италияга мағлуб бўлишганди. Бироқ мундиал саралаши анча қийин бўлди: 10 ўйинда беш ғалаба, икки йирик мағлубият. Сўнг жамоа плей-офф йўлланмаси учун курашиши керак эди. Ҳаммаси яримфиналда якунланди – австрияликлар Уэлсга имкониятни бой беришди.

Шошилинч чора кўриш ва ниманидир ўзгартириш керак эди, акс ҳолда Австрия Германиядаги навбатдаги йирик турнирни ҳам ўтказиб юборган бўларди. Австрия футбол федерацияси спорт директори Петер Шёттел янги мураббий излашни бошлади, аммо номзодлар рўйхати у қадар узун эмасди — у фақат Red Bull тизимида ишлаганларни ҳисобга олди.

Австрия бренди том маънода 2000 йилларда футболга учиб кирди ва ўйинчиларни излаш ҳамда ўқитишда ўзига хос ёндашувни ишлаб чиқди, натижада бутун истеъдодлар фабрикаси яратилди. Red Bull умумий қабул қилинган тизимдан узоқлашди ва асосий эътиборни координация қобилиятларини ривожлантиришга қаратди. Улар кенг қамровли технологияларни, маълумотлар таҳлилини қўшишди, ҳаммасини барча мураббийлар учун ягона фалсафа билан тажриба қилишди: дунёдаги энг яхши академиялардан бири тайёр. Аммо Шёттел Red Bull тизимининг собиқ ходимларига мана шу жиҳат учун эмас, Австрия таркибидаги аксарият ўйинчилар ўша тизимдан келиб чиққани учун қаради. Унга футболчиларни тушунадиган одам керак эди.

«Залцбург»нинг ўша пайтдаги спорт директори Кристоф Фройнд Шёттелга унинг параметрларига тўлиқ мос келадиган мураббий рақамини берди. У Англияга қўнғироқ қилиши керак эди.

Ўшанда Ралф Рангник «Манчестер Юнайтед»да ишлаётганди ва у даврни муваффақиятли деб аташ қийин эди. Аммо Шёттел уни Австрия миллий жамоасига таклиф қилганида, Рангник барибир ўйлаш учун вақт сўради.

Апрел ойи охирида ОАВ Австрия жамоасининг янги бош мураббийи номини маълум қилди. Рангник Премер-лигада мавсум тугаганидан сўнг Австрияда иш бошлаши ва мураббийликни «МЮ»даги маслаҳатчи лавозими билан бирлаштириши керак эди. Бироқ унинг сўнгги матбуот анжуманидан бир ҳафта ўтиб, клуб қуруқ расмий баёнот берди. «Юнайтед» Рангник бор эътиборини фақат миллий жамоага қаратишини айтиб, унга фаолиятининг янги босқичида омад тилади.

Рангник Франко Фода қўл остида консерватив футболни ғояларсиз ва ҳеч қандай самарадорликсиз ўйнаган жамоани қабул қилиб олди. Австрияда миллий жамоага бўлган муҳаббат беқарор чизиқ бўйлаб яшайди: қизиқишнинг ортиши озми-кўпми муваффақият билан бирга келади. ЖЧ саралашидан сўнг мухлислар қизиқишни йўқотишганди. Натижалар ачинарли бўлди, Австриянинг буюк истеъдодлари беҳуда кетаётганини ҳис қилиш янада кучайди – жамоа ўз имкониятларидан анча паст ўйин кўрсатаётгани яққол кўриниб турарди. Ҳужумкор ва ёрқин ўйинчилар бор, аммо эҳтиёткор мураббийнинг ғоялари уларни бостириб қўйганди.

Трибуналар бўш эди — фақат оптимистлар миллий жамоа ўйинларига боришда давом этишди, улар ҳамма нарсага қарамай, энг яхшисига ишонишни хоҳлашди. Аммо ишонадиган ҳеч нарса йўқ эди.

Рангник келиши билан тенденцияни бошқа йўналишга айлантирди. Дарҳол эмас, балки ўз ҳаракатлари билан босқичма-босқич мухлисларнинг миллий жамоага бўлган қизиқишини қайтарди. Немис икки жабҳада ишлади – у жамоани қайта тиклаб, мухлисларга ёндашув изларди. У Австрияга кўчиб ўтди, бу миллий жамоа мураббийи имижи учун, шунингдек, мамлакат ичидаги фаолияти учун жуда муҳим. Унинг қарорига кўра, кичикроқ арена Линцда иккита ўйин ўтказилди — трибуналар тўлсин ва шу билан бирга пойтахт ташқарисидаги мухлислар миллий жамоага яқинлаштирилсин.

Рангник ички чемпионатдан ўйинчиларни жалб қилиш учун Австрия клубларига ҳам эътибор бера бошлади — шу пайтгача жамоа асосан Европанинг бошқа лигаларида ўйнаётган футболчилардан тузилганди. Рангникда ўз ғояларини амалга ошириш учун вақт ва жой бор эди, шунинг учун Ралф функционал ва эҳтиёткор ўйнайдиган жамоани аста-секинлик билан тажовузкор футбол ўйнашга тайёр ва қодир бўлган жамоага айлантира бошлади. Австрия Рангникбол ўйнай бошлади — тезкор ўтишлар, рақиб «синдирилгунча» прессинг ва контрпрессинг. Жамоа жонли, тез, қизиқарли ўйнай бошлади ва бу билан биринчи муваффақиятлар келди.

Австрия миллий жамоаси яримҳимоячиси Кристоф Баумгартнер шундай деганди: «Бу Австрия футболида содир бўлиши мумкин бўлган энг яхши воқеа. У шунчаки ажойиб тажриба олиб келади ва жуда кўп вақт, куч сарфлайди. Бу биз учун жуда яхши, чунки биз узоқ вақт оғир қўлларда ўтирган халқмиз. У, албатта, бундай бўлишига йўл қўймайдиган киши. Рангник бизни ҳар куни максималликка мажбур қилади».

Австриянинг муаммоларидан бири — ўтмишга интилиш ва ҳатто энг кичик муваффақиятдан узоқ вақт завқланишдир. Рангникнинг позицияси шундаки, сиз бир ёки икки кун давомида ғалабани нишонлашингиз мумкин, аммо кейин олдинга қараб, навбатдаги ютуқ сари ҳаракат қилишингиз керак. У Австрияни носталгия доирасидан олиб чиқди: агар бугун ғалаба қозонсангиз, кейинги ютуқ учун янада тезроқ ва кучлироқ бўлишингиз керак. Рангник одатда психологияга катта этибор беради: у ҳар бир футболчи билан мулоқот қилади, жамоада соғлом муҳитни сақлаб қолиш учун кескин қарорлар қабул қилади (баҳорда у «Рапид» ўйинчиларини ксенофобик баёнотлари учун жамоадан ҳайдаб юборган).

Баумгартнернинг айтишича, Полша билан ўйинга кетаётиб, мураббий унга «Лейпциг»да голини нишонлаётган суратини юборган. Сўнг футболчи Полшага ҳам гол урди. «Мен вақти-вақти билан ўйинчиларни «ёндириш» учун шундай қиламан», — деди Рангникнинг ўзи бу воқеани шарҳлаб.

Немис яна бир муҳим ишни уддалади: у индивидуал иқтидорли ўйинчиларни барча футболчилар бир-бирини тўлдирадиган ва бир-бирига соя солмайдиган жамоага бирлаштирди. Ўйинчилар уни ҳурмат қилишади, чунки Рангник профессионаллик ва инсонийлик ўртасида мувозанатни сақлайди.

Рангникнинг Австрия билан муваффақияти сири унинг ёндашуви ёки психологиясида эмас, балки шунчаки унинг фалсафаси бу жамоа учун мукаммал эканлигидадир. Ҳозирги жамоадаги ўйинчиларнинг ярми Red Bull истеъдодлар инкубаторидан унинг ўзи белгилаб берган тамойилларни ўрганиб келишган. Рангник тамойилларини учта «K» билан тасвирлаган.

🔘 Концепция: академиянинг барча даражаларида ягона ДНК. Ўйин услуби осонгина таниб олинадиган бўлиши керак — жуда ёмон кунларда ҳам жамоа қандай футбол ўйнашни хоҳлаётганини билиб оласиз.

🔘 Компетенция: етакчилик ва жамоа қуриш учун энг яхши одамларни топиш.

🔘 Капитал: агар сиз дастлабки икки тамойилга амал қилсангиз, бу шаклланади.

Рангник ўйинчилар билан бир тилда гаплашади ва бу жамоага олдинга силжиш имконини беради. Германиядаги Еврода икки йил ичида кескин ўзгаришларга учраган Австрия аутсайдер мақомида етиб келди.

Турнир олдидан Рангник агар Австрия Франция ва Нидерландия бор гуруҳдан чиқишга муваффақ бўлса, уёғига ҳеч нарсадан қўрқмаслик кераклигини айтди. Австрияликлар бу турнирга етарли даражада ишонч билан келганга ўхшайди: улар Францияга (0:1) қарши кучли ўйин кўрсатишди, Полшани (3:1) йўқ қилишди, сўнг Нидерландияни (3:2) мағлуб этишди. Гуруҳдан чиқилди, энди нима бўлади?

Жамоа 1-ўрин билан чиқиш орқали плей-оффда нисбатан қулай сеткага тушиб олди. Австрия 1/8 финалда Туркия, Чехия ёки Грузия билан ўйнайди. Эҳтимолий финалгача бўлган йўлда топ жамоалардан фақат Англия ёки Италия учраши мумкин холос. Франция, Германия, Испания, Португалия каби фаворитлар бошқа сеткада.

Хуллас, тизимли футбол қурадиган 65 ёшли мутахассис Евродаги чиройлик ўйин ва сенсацион натижалар билан танқидчиларга, уни хоҳламаган мухлисларга муносиб жавоб бермоқда. Ралфни «МЮ»даги атиги 6-7 ойлик фаолиятида ерга уришганди, икки ой аввал эса «Бавария» мухлислари унинг келмаслиги учун петиция имзолашганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар