23.06.2024 09:54
3530
«Дуранг учун «Динамо» мухлисларидан узр сўрайман» – Абрамов «Андижон» билан ўйин ва Самарқандга футбол қайтгани ҳақида

Суперлига 12-тури доирасидаги «Динамо» - «Андижон» (1:1) учрашувидан кейин Вадим Абрамов стадионни тўлдирган минглаб мухлисларга миннатдорчилик билдириб, дуранг учун узр сўради. 

- Афсуски ғалаба қозона олмадик, Самарқандда ажойиб футбол атмосферасини яратган мухлислардан узр сўрашни истардим, байрамга яраша натижа бўлмади. Ютиш керак эди, аммо биринчи бўлимда яратилган вазиятлардан фойдалана олмадик. Айниқса, қарши ҳужумларда хавфли эдик, аммо иккинчи голни ура олмадик. Иккинчи бўлимда эса Ягр яккама-якка вазиятдан фойдаланишда омад ундан юз ўгирди. Сен урмасанг рақиб уради, дейишади. Шундай бўлди. Адашмасам, ягона зарбаси голга айланди. Шунақаси бўлиб туради. 

- Бугунги ўйинда стадион тўлди, очилиш маросими эди, қолаверса Самарқанднинг бир қатор таниқли тадбиркорлари шу ерда эканини кўрдик. Бу жамоага қўшимча босим юкламадими?
- Очилиш баҳси ўйинчиларга бироз босим юклаши табиий, чунки одатдаги ўйинимизни тўлиқ ўйин давомида кўрсата олмадик. Шунга қарамай, биринчи бўлимда вазиятлар ярата олдик, аммо иккинчи бўлимда ўз ўйинимизни кўрсата олмадик. Самарқандлик мухлислар бугунги футбол байрамида ғалабага ҳақли эдилар. Стадион сўнгги дақиқагача қўллаб-қувватлади, ўйиндан кейин олқишлади, демак ўйинимиз уларга қай даражада бўлса ҳам ёққан бўлса керак. Кейинги ўйинларга уларни хурсанд қилишга интиламиз.

- Иккинчи даврада жамоа таркибини кучайтириш режаларингиз борми?
- Албатта, бундай режалар бор. Янги ўйинчилар билан таркибни кучайтиришга умид қиламиз. Бунга номзодлар ҳам бор. 

- Шоҳрухбек Абдураҳмоновни «Динамо»га қайтариш режангиз борми?
- Йўқ, биз бошқа клубга тегишли ўйинчилар ҳақида гапира олмаймиз. Унинг «Сўғдиёна» билан шартномаси бор.

- Ҳисобда олдинда бораётганда ғалабани сақлаб қолиш учун ҳимоявий ўйнаш режангиз бормиди?
- Бундай режа бўлганида ҳам тушуниш керак – бу ғалаба келтиришига кафолат йўқ. Айниқса, бўйдор ўйинчиларга эга, стандартларда яхши ўйнайдиган «Андижон»дек рақибга қарши. Яримҳимояда ўйинни назорат қила олмадик, йигитлар таваккал қилишга журъат қила олишмади. Шу боис ўзгаришлар қилдик. Таваккал қилишдан қўрқмаслик керак. Мен одатда футбол ўйнашдан қўрқадиган ўйинчиларга эътироз билдираман. Хато ҳаммада бўлади, аммо футбол ўйнашдан қўрқмаслик керак. 

«Сўғдиёна»га қарши кейинги ўйин? Мухлисларни хурсанд қилиш учун ҳаракат қиламиз», - дея Абрамовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар