14.06.2024 21:56
2493
Теглар
Евро-2024 бошланмоқда: фаворитлар қандай ҳолатда?

Айрим кучли миллий жамоаларда ўртоқлик учрашувларидан кейин муаммолар юзага келган. Немис мухлислар Нойерни алмаштиришни талаб қилмоқда, Нидерландиянинг икки асосий футболчиси сафдан чиқди, Исландияга ютқазган инглизларга эса кўпчилик ишонмаяпти.

Тошкент вақти билан 15 июнга ўтар кечаси Евро-2024 турнири старт олади. Мезбон Германия Шотландия билан биринчи учрашувни ўтказади. Сўнгги кунларда барча миллий жамоалар турнир арафасидаги охирги ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишди. Европа чемпионати старти арафасида топ жамоалар билан нималар рўй берди? Қуйида фаворитларнинг ҳолати кўриб чиқилади.

Германия

Немислар иккита назорат учрашуви ўтказди, аммо жамоа ўйини катта таассурот қолдирмади. Юлиан Нагелсман жамоаси аввалига Украина билан голсиз дуранг қайд этди, кейин эса грекларни катта қийинчилик билан мағлуб этди — 2:1. Иккинчи ўйинда Германия характер намойиш этиб, 0:1 ҳисобидан чиқиб кетди, ғалаба голини эса 89-дақиқада Паскал Грос урди. Ўйиндан кейин Нагелсман асосий дарвозабон Мануэл Нойерни ҳимоя қилди — у ўтказилган голда қўпол хатога йўл қўйганди. Тажрибали дарвозабон тўпни рақиб оёғига ташлаб берганди. Тони Кроос миллий жамоа ўйинидан норозилигини билдириб, жамоанинг ҳолати март ойидаги каби эмаслигини қайд этди. Ўшанда немислар французларни (2:0) ва нидерландларни (2:1) мағлубиятга учратганди.

Германиядаги Kicker нашри миллий жамоанинг биринчи рақами эгаси ким бўлиши кераклиги борасида сўровнома ўтказган. Фойдаланувчиларнинг 80 фоизи ҳисоблашича, жамоа дарвозасини Нойер эмас, балки Марк-Андре тер Штеген қўриқлаши керак. Нашр мухбири Себастян Волф эса Нагелсман Мануэлга ишонишда давом этиб катта таваккалчилик қилаётганини таъкидлайди: «Мураббий ким биринчи рақам бўлиши борасида ҳеч қандай муҳокамага йўл қўймайди. Бу жуда хавфли. Ҳа, Нагелсман Мануга ишонч бағишламоқда, аммо бу билан у рақобатни ҳам йўқ қилмоқда».

Германиялик собиқ дарвозабон Ули Штайн Нагелсман Нойерни Евро-2024 учун таркибга олмаслиги керак бўлганини айтган. «Агар сиз Нойерни олсангиз, у ўйнаши керак. Аммо унинг асосий таркибда пайдо бўлишини спорт нуқтайи назаридан оқлаб бўлмайди. Ману уйда қолиши керак эди. Ҳа, бу жуда оғир, аммо ақлли қарор бўларди. Нойер аввалгидек эмаслиги ҳақида фикрлар бор», — дейди Штайн.

Испания

Испанияликлар Евро арафасида ҳеч қанақасига топ жамоалар сафига кирмайдиган икки рақиб билан ўйнади. Улар аввал Андоррани таслим этишди (5:0), кейин эса Шимолий Ирландия дарвозасига ҳам шунча гол уришди — 5:1. Бу ўйинларда Микел Оярсабал ўзини кўрсатди. У Андорра дарвозасига ҳет-трик қайд этди, кейинги учрашувда ҳам бир гол урди.

Испания миллий жамоасининг собиқ аъзоси ва Евро-2008 чемпиони Маркос Сенна ватандошлари совринни яна бир бор қўлга киритишга қодир деб ҳисоблайди: «Испания — ҳар қандай турнирда фаворит. Бизда ёш футболчиларнинг ажойиб авлоди, шунингдек тажрибага эга ажойиб футболчилар бор. Бу жуда яхши жамоа бўлиши керак. Ўйлайманки, биз Евродаги янги ғалабани орзу қилишимиз мумкин».

«Ҳозирги Испания миллий жамоаси кўзгу синдромини енгиб ўтди, — дея ёзади Marca нашри. — Бу 2008 йилдан 2012 йилга қадар муваффақият қозонган ўша жамоанинг нусхасига ўхшаб кўринишни хоҳлаш синдроми. Киевдаги чемпионлик ўйинидан буён 12 йил ўтди ва энди бизнинг жамоамиз бутунлай бошқача услубга эга. У ўзидаги мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланади».

Италия

Италия ҳам турнир арафасида кучли рақиблар билан ўйнамади. Аввалига Европанинг амалдаги чемпионлари турклар билан голсиз дуранг қайд этишди, кейин камтарона боснияликларни минимал ҳисобда енгишди (1:0). Иккинчи ўйинда ҳам гол ўтказилмагани учун жамоа Жанлуижи Доннаруммадан миннатдор бўлиши керак. У икки бор ҳимоячиларнинг қўпол хатоларидан кейин қутқарди.

Иккинчи ўйинда «Интер»нинг захира футболчиси Давиде Фраттези ҳам ёмон ўйнамади ва захирадан тушиб ғалаба голини урди. Ушбу ҳужумкор яримҳимоячи 2023 йил сентябридан буён Италия миллий жамоаси сафида тўққиз ўйинда қатнашган ва тўрт гол урган.

«Ўртоқлик учрашувлари айрим деталларга аниқлик киритди. Доннарумма ҳамон яхши ҳолатда, Фраттези эса бошланғич таркибда бўлса ҳам, захирадан ўйинга қўшилса ҳам, жамоага фойда келтиришга тайёр. Қолганлар бўйича ўйлаб кўриш керак. Ҳозирча шундай ҳиссиёт уйғонмоқдаки, ҳозирги Италия миллий жамоаси ҳали ҳам ишланмалар жараёнида. Жамоага аниқлик, уйғунлик етишмаяпти. Мудофаада ҳозирча барчаси жойида эмас. Бир неча хатолар дарвозамизга голга айланиши мумкин эди, аммо Доннарумма топ-даражада ўйнади», — дея ёзди афсонавий мураббий Фабио Капелло Gazzetta dello Sport учун колонкасида.

Хорватия

Испания, Италия ва Хорватия — бир гуруҳдаги жамоалар. Олдинги икки жаҳон чемпионати совриндорлари ўртоқлик учрашувларида яхши қатнашди. Златко Далич жамоаси аввалига Шимолий Македонияни осонлик билан мағлуб этди — 3:0. Кейин эса португалларни енгди (2:1). Иккинчи ўйинда болқонларга Анте Будимир ғалаба келтирди, ўйин аввалида эса жамоа фахрийси Лука Модрич пеналтини аниқ ижро этганди.

«Хорватиянинг айрим фаол танқидчилари жамоа ўйинини олдиндан ўқиш осонлашаётганини айтишаётганди. Аммо Далич, худди профессор Балтазардек (югослав мултсериалидаги ихтирочи персонаж), шляпасидан бир неча янги комбинацияларни олиб чиқиб, португалиялик футболчиларга муаммо туғдирди. Бизнинг футболчиларимизнинг бу авлоди янги ютуқларга тайёр. Жаҳон чемпионатидаги кумуш ва бронза, Миллатлар лигасидаги бронза. Фақат олтин етишмаяпти. 15 июл куни жамоани кубок билан кутиб оламизми?» — дея савол қўйилади хорватларнинг Vecernji list нашрида Португалия билан ўйиндан кейин чиққан мақолада.

Англия

Англия миллий жамоаси бош мураббийи Гарет Саутгейт кенгайтирилган заявкани қисқартирди, аммо унинг қарори жамоатчилик ўртасида баҳс-мунозара келтириб чиқарди. Якуний таркибдан Жеймс Мэддисон ва Жек Грилиш тушиб қолди. Мураббийнинг севимли футболчиси сифатида кўриладиган Ҳарри Магуайр ҳам турнирга олиб кетилмади, аммо унинг жароҳати бор эди. Англия сўнгги ўртоқлик учрашувларидан биринчисида боснияликларни танаффусдан кейин уч гол уриб, осонлик билан мағлуб этди (3:0). Аммо бу рақиб ҳозирги ҳолатида ўртамиёнадан пастроқ даражада. Кейин эса Англия Европа чемпионатига чиқа олмаган Исландия билан ўйинда муаммога учради (0:1). Инглизлар бу сафар ҳам фаворитлар қаторида келтирилмоқда, аммо уларда муаммолар етарли.

«Англия миллий жамоасининг Исландия билан ўйини таркиб борасидаги шубҳаларни юзага чиқарди. Жамоамизга нисбатан бундай барқарорлик ҳисси камдан-кам кузатилади. Жамоа 4-2-3-1 схемасида ўйнашига ва асосий таркибнинг етти-саккиз футболчиси аниқ эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Аммо Магуайрнинг жароҳати туфали жамоада юқоридаги яккакурашларда муаммолар юзага келиши мумкин, майдон маркази ва чап қанотда эса камчиликлар яққол кўзга ташланмоқда. Бошқа томондан, миллий жамоалар ўртасидаги турнирнинг ўзгачалиги ҳам шунда. Ҳеч кимда идеал таркиб бўлмайди. Ҳеч ким қисқа фурсатда мувозанатли таркиб туза олмайди.  Бундай шароитда тизим қуриш клуб даражасидагидан қийинроқ», — дея ёзган The Guardian журналисти Жонатан Уилсон.

Франция

Франция миллий жамоасининг Евро-2024 учун қайдномаси эътиборга молик. Таркибдаги номларга қаралса, французлар — турнирнинг асосий фаворитлари. Мураббий Диде Дешам ҳар бир чизиқ учун топ-футболчилар танловига эга. Лекин ўртоқлик учрашувлари ҳар доим ҳам фамилиянинг ўзи натижа келтира олмаслигини кўрсатди. Ҳа, Франция Люксембургни ҳеч қандай қийинчиликсиз мағлуб этди (3:0). Аммо кейин Канада дарвозасига йўл топа олмади (0:0). Канада футболи даражаси ўсмоқда, жамоа сафида Алфонсо Дэвис ва Жонатан Дэвид каби юлдузлар бор.

Лекин французлар Канада даражасидаги рақибни енгиши шарт эди. Бунга Дешам айбдорми? Унинг жамоаси услуби барчага ҳам маъқул эмас. «Менга Дешамнинг футболга қарашлари ёқмайди. У айтаётган ҳар қандай гап менинг ғазабимни қўзитади. Бугунги кунда унга бирор бир клубда жой топилмаган бўларди. Яқинда Дешам интервюда шундай иборани келтирди: «Қачонки сен ютмасанг, сени эслашмайди». Бу мутлақо аҳмоқлик. Бизда бунга далиллар минглаб топилади. Бизда 1982 ва 1986 йиллардаги жамоалар бўлган. Бизда катта ғалабаларга эришмаган бўлса ҳам одамлар ёқтирган кўплаб жамоалар бўлган. Етар, кет! Биз янгича қарашларни кўришни истаймиз, биз Зиданни миллий жамоа раҳбарлигида кўришни истаймиз! Келинг нимадир янги нарса кўрайлик: янги футболчилар, услуб, чиқишлар», — деган RMC Sport журналисти Даниэл Риоло.

Нидерландия

Нидерландия миллий жамоаси Евро-2024 арафасида иккита ажойиб ўртоқлик учрашуви ўтказди. Роналд Куман жамоаси Исландия ва Канадани тор-мор этди, бу жамоаларга тўрттадан гол уриб, бирорта гол ўтказиб юбормади. Аммо Нидерландияда бошқача муаммолар бор. Френки де Йонг Европа чемпионатида жамоага ёрдам бера олмайди. «Барселона» яримҳимоячиси апрел ойида «Реал» билан учрашувда олган жароҳатидан кейин тиклана олмади. Френки Евро учун якуний қайдномага киритилганди, аммо сўнгги кунларда пляжда дам олаётган Ян Матсенни чақириб олишга тўғри келди. Яримҳимоячи Тён Копмейнерс эса Исландия билан учрашувдан олдинги машғулот чоғида жароҳатланди ва турнирни ўтказиб юборадиган бўлди.

«Эҳтимол, биз ҳеч қачон Нидерландиянинг умидларини оқлай олмасмиз. Аммо, ўйлайманки, бизда барчаси яхши. Нидерландияда енгиш қийин бўлган яхши жамоа бор. Жароҳатлар борасида омадимиз келмади. Аммо бизда юқори савияли футболчилар кўп. Эҳтимол, бошқа айрим жамоалар билан солиштирганда, бизнинг танловимиз камроқдир. Аммо ҳозир менда сифатли жамоа бор», — дея қайд этди Куман турнир старти арафасида.

Белгия

Белгияликлар Евро-2024 старти арафасида иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушишди — Черногория (2:0) ва Люксембург (3:0) билан. Доменико Тедеско жамоаси кутилганидек икки учрашувда ҳам ғалаба қозонди. Аммо жамоа атрофидаги асосий мавзу — ўйинга оид эмас. Тедеско Еврога дарвозабон Тибо Куртуани олиб кетмади. Мураббий ва посбон ўртасида 2023 йил ёзидаёқ келишмовчилик юзага келган, 2023/2024 йиллар мавсумининг катта қисмини Тибо тиззасидаги жароҳатни даволаш билан ўтказган, фақат май ойига келиб майдонга қайтганди. Аммо Куртуа бу оралиқни жуда яхши ўтказиб, Чемпионлар лигаси финалида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Тедеско эса Тибони жамоага чақирмаганини у «формасини тиклай олмагани» билан изоҳлаганди. Энди эса унинг бу сўзлари ғалати кўринмоқда.

Белгиянинг «олтин» авлодида катта турнирда ғалаба қозониш учун охирги имкон қолмоқда. Шу туфайли футболчилар жамоа ичида ва унинг атрофида муҳит яхши бўлишига интилмоқда. «Мен икки томон билан ҳам гаплашдим. Мен уларга бу борада нимани ўйлаётганимни айтдим. Охир-оқибат, миллий жамоа — асосийси. Биз ундаги футболчиларда ишонч уйғотишимиз керак. Агар Куртуа ва Тедеско гаплашиб олишни исташса, улар буни қилиши керак. Биз юлдузисиз қолган ягона жамоа эмасмиз. Бу чиндан ҳам қийин вазият. ОАВ эса фақат оловга мой сепмоқда. Қайсидир паллада улар буни бас қилишларига тўғри келади. Шунчаки футболчиларга ишонч бағишлайлик. Биз олдинга қарашимиз керак, биз машғулот лагеридамиз. Келинг имкон доирасидаги барча ишни қиламиз», — деган Ромелу Лукаку Het Laatste Nieuws учун интервюсида.

Португалия

Португаллар бошқа жамоалардан фарқли равишда июн ойида учта ўртоқлик учрашуви ўтказишди. Уларнинг ҳар бирида ўртамиёнадан юқори даражадаги рақиблар дуч келди. Роберто Мартинес шогирдлари финнлар (4:2) ва ирландларни (3:0) мағлуб этди, аммо хорватларга куч етмади (1:2). Португалия сафида бу ўйинларда Бруну Фернандеш, Диогу Жота ва Криштиану Роналду иккитадан гол уришди. «Ан-Наср» футболчиси ўз фаолиятида олтинчи бор Европа чемпионатига келган. Роналду ирландларга қарши ўйинда дубл қайд этиб, 39 ёшида ҳам яхши ҳолатда эканини намойиш этди — унда ҳет-трик қилиш учун ҳам имконият бўлганди.

Хорватия билан ўйиндан кейин португаллар босим остида қолишди. Айрим экспертларда жамоа амбициялари бўйича шубҳалар пайдо бўлди. Аммо Ирландия билан ўйиндаги ғалаба вазиятни бироз яхши томонга ўзгартирди. Нима бўлганда ҳам булар шунчаки назорат учрашувлари эди.

«Биз яхши ўйин намойиш этдик. Ўйлайманки, жамоа кўпроқ гол уришга ҳақли эди. Мен тайёргарликни идеал деб атаган бўлардим, чунки биз жароҳатлардан қутулиб қолдик. Бир неча кун олдин менинг ихтиёримда шунчаки 26 нафар ажойиб футболчи бор эди, энди эса биз ҳақиқий жамоага айландик. Менинг фикримча, Португалия Еврога тайёр. Биз катта иш бажардик», — деган бош мураббий Мартинес Ирландия билан ўйиндан кейин.

«Жамоамиз 2016 йилги натижани такрорлай оладими? Қадамма қадам олдинга бориш керак. Жамоа таркибида кўплаб истеъдодли футболчилар бор. Жамоа жиддий натижани орзу қилишга ҳақли. Аммо ёдда тутиш керакки, буни фақат катта меҳнат эвазига қилиш мумкин. Қаттиқ тер тўкиш лозим», — дея қайд этган Роналду.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар