05.06.2024 20:14
11391
Теглар
Файзуллаев Шомуродовни ортда қолдириб, Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо футболчисига айланди

Transfermarkt портали Россия Премьер-лигаси-2023/24 йилги мавсумидан кейин бир қатор футболчиларнинг трансфер баҳосини ўзгартирди.

Хусусан, Ўзбекистон миллий жамоасининг 20 ёшли яримҳимоячиси Аббосбек Файзуллаевнинг трансфер баҳоси яна бир миллион еврога кўтарилиб, 6 миллион еврога етди.

Қайд этиш жоиз, Файзуллаев ЦСКАда трансфер баҳосида энг катта ўсиш кузатилган ўйинчи бўлди ва у трансфер баҳосига кўра, Федор Чалов (11 млн евро) ва Иван Обляковдан (9 млн евро) кейин клубнинг энг қимматбаҳо 3-ўйинчисига айланди.

Шу тариқа, Аббосбек 6 миллион евро нарх билан Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо футболчиси бўлиб турган Элдор Шомуродовни ортда қолдирди. Мавсумни «Каляри»да ўтказган 28 ёшли форвард Осиё кубогини ўтказиб юборгач, унинг трансфер баҳоси ўзгаришсиз (5 млн евро) қолганди.

Ўзбекистон олимпия жамоаси сафида Париж-2024га йўлланма олган Файзуллаев 6 миллион евро трансфер баҳоси билан нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёнинг ҳам энг қимматбаҳо ўйинчисига айланди.

Эслатиб ўтамиз, Осиё кубогидан кейин турнирда Ҳиндистон ва Таиланд дарвозасига гол урган 20 ёшли яримҳимоячининг трансфер баҳоси 1 миллион еврога ошиб, 4 миллиондан 5 миллион еврога кўтарилганди.

Маълумот учун, Элдор Шомуродов сўнгги 4 йилдан буён Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо ўйинчиси бўлиб турганди. Энди бу ном Аббосбек Файзуллаевга тегишли бўлади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар