04.06.2024 18:55
3782
Теглар
Раҳимбек Каримов «Навбаҳор» сардорини четлатмаган, «Олимпик» ўйинчисининг четлатилиши нотўғри қарор

Суперлига 10-тур баҳсли вазиятлари юзасидан Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси эълон қилинди.

Жорий йилнинг 2 июнь санасида Суперлига 2024 йилги мавсумнинг 10-тури якунига етди. Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази тур якунларига кўра, Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказди ва тур доирасида кузатилган баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. 10-тур доирасида ўтказилган ўйинларда жами 8 та баҳсли вазият юзага келди. Шунингдек, Про лига доирасидаги битта вазият ҳам Эксперт-ҳакамлар комиссияси назаридан четда қолмади. 

Қуйида уларнинг батафсил изоҳи ва чиқарилган якуний қарорлар билан танишишингиз мумкин.

1-вазият: «Динамо» - «Қизилқум» тўқнашуви: мезбонларнинг голи.

«Динамо» - «Қизилқум» беллашувининг 70-дақиқасида самарқандликлар ўзининг учинчи голини киритди, аммо бу вазиятда ёрдамчи ҳакам ўйиндан ташқари ҳолат борлигини қайд этди ва бош ҳакам Достон Мирзараимов голни инобатга олмади.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу ҳолатда мезбон жамоанинг офасайдда турган 10-рақамли футболчиси J.Kojo гарчи тўпга эга чиқмаган бўлса ҳам тўп учун ҳаракат қилган. Бу орқали ҳужумчи ҳимоячини чалғитган. Эксперт-ҳакамлар комиссияси реферининг қарорини тўғри, деб ҳисоблайди.

2-вазият: «Динамо» - «Қизилқум» ўйини: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.

«Динамо» - «Қизилқум» учрашувининг 45+1-дақиқасида майдон эгаларининг 21-рақамли футболчиси А. Ҳожимирзаев ҳужум қилаётган вақтда меҳмонларнинг 23-рақамли С. Шукуриллаевга тўқнаш келди. Сўнг рақибини алдашга уринган самарқандликлар вакили рақиб жарима майдонида йиқилиб тушди. Бош ҳакам Достон Мирзараимов дастлаб футболчини ўрнидан туришга чорлади, аммо ВАР орқали ҳолат таҳлил қилинганидан сўнг нуқтага ишора қилди.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳимоячи тўп учун ҳаракат қилишда кечиккан ҳамда рақибининг оёғидан чалиб қолган. Шулар сабабли пенальти белгилаш учун асос етарли. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.

3-вазият. «Навбаҳор» - «Олимпик» ўйини: сариқ карточка.

«Навбаҳор» - «Олимпик» баҳсининг 90+4-дақиқасида меҳмонларнинг 23-рақамли футболчиси А. Бўриев рақиб футболчисини ортдан тўхтатиб қолди. Бош ҳакам Раҳимбек Каримов бу вазиятда ярим ҳимоячига сариқ карточка кўрсатган.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Ушбу ҳолатда футболчи қулай вазиятга чиқиб бораётган рақибини қоида бузиш орқали тўхтатди ва наманганликларнинг истиқболли ҳужумини йўққа чиқарди. Бу каби ҳолларда фол қайд этган футболчи огоҳлантирилиши лозим. Ҳакамнинг сариқ карточка бўйича чиқарган қарори тўғри, деб топилди.

4-вазият. «Навбаҳор» - «Олимпик» беллашуви: баҳсли тўқнашув.

«Навбаҳор» - «Олимпик» ўйинининг 90+5-дақиқасида наманганликларнинг 7-рақамли аъзоси А. Аҳмедов меҳмонларнинг 64-рақамли вакили С. Қодировнинг юзига тирсаги билан зарба берди. Бош ҳакам Раҳимбек Каримов бу вазиятда футболчига ҳеч қандай карточка кўрсатмади.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу ҳолатда футболчи тўп учун ҳаракат қилмаган. Қўшимчасига, у рақибининг юзига очиқчасига зарба берган. Бу каби вазиятда футболчи ҳакам томонидан огоҳлантирилши лозим эди. Эксперт-ҳакамлар комиссияси реферининг қарорини нотўғри, деб ҳисоблайди.

5-вазият. «Навбаҳор» - «Олимпик» баҳси: иккинчи сариқ карточка.

«Навбаҳор» - «Олимпик» учрашувининг 90+10-дақиқасида тошкентликларнинг сал олдинроқ сариқ карточка олган 23-рақамли футболчиси А. Бўриев яна фол қайд этди. Бош ҳакам Раҳимбек Каримов уни иккинчи бор огоҳлантирди ва майдондан четлатди.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда футболчи тўп учун ҳаракат қилди, аммо улгурмади. Шунга қарамай, мезбонлар вакили фол қайд этилмаган тақдирда ҳам ўта қулай имкониятга эга чиқмасди. Шу сабабли, вазият иккинчи сариқ карточка учун етарли эмас. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарори нотўғри бўлганини маълум қилади.

6-вазият: Про лига, «Хоразм» - «Бухоро» тўқнашуви: қизил карточка.

«Хоразм» - «Бухоро» учрашувининг 77-дақиқасида мезбонларнинг 88-рақамли аъзоси А. Хўсинов ортдан рақиб футболчисининг бел қисмига зарба берди. Бош ҳакам Равшан Абдувоҳидов бу вазиятда футболчига дарҳол қизил карточка кўрсатди.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Мазкур ҳолатда футболчи меҳмонлар вакилининг белига мушти билан зарба берган ва бундай ҳолларда тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатиш учун асос мавжуд. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарорини тўғри, деб ҳисоблайди.

7-вазият. «Насаф» - «Локомотив» қарама-қаршилиги: баҳсли пенальти.

«Насаф» - «Локомотив» учрашувининг 44-дақиқасида меҳмонлар бурчак зарбаси тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Қаршиликлар жарима майдонида пайдо бўлган 17-рақамли С. Турсуновнинг зарбасидан сўнг тўп ҳимояланаётган 7-рақамли А. Мозговойнинг қўлига тегди, деб ҳисобланди ва пенальти белгиланди. Бош ҳакам Ғайрат Жўраев «Насаф» вакилига сариқ карточка кўрсатди. Лекин ВАР текширувидан сўнг карточка ва пенальти қарорини бекор қилди.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда тўп футболчининг елка қисмига тегиб, йўналишини ўзгартирган. Елка эса тўпга тегиш мумкин бўлган тана аъзоси ҳисобланади. Шу сабабдан, Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.

8-вазият. «Насаф» - «Локомотив» ўйини: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.

«Насаф» - «Локомотив» баҳсининг 70-дақиқасида меҳмонларнинг 7-рақамли футболчиси С. Абдунабиев рақиб жарима майдонида мезбонларнинг 6-рақамли вакили М. Раҳматов билан тўп учун курашга қўшилди ва йиқилиб тушди. Бош ҳакам Ғайрат Жўраев бу вазиятда ўйинни давом эттирди. Бироқ кейин ВАР ҳаками уни монитор ёнига чақирди ва рефери пенальти белгилади.  

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Ушбу ҳолатда ҳужумчи ҳам, ҳимоячи ҳам тўп учун кураш олиб борган. 11 метрлик жарима зарбаси белгилаш учун асос етарли эмас. Шу туфайли, ВАР ҳаками бош ҳакамни монитор ёнига чақириши керак эмас эди ва Ғайрат Жўраев пенальтини нотўғри белгилаган.

9-вазият. «Андижон» - «Пахтакор» тўқнашуви: эҳтимолий пенальти.

«Андижон» - «Пахтакор» беллашувининг 61-дақиқасида майдон эгалари хавфли ҳужум ташкил қилди. Дастлаб 77-рақамдаги Р. Турдимуродов дарвоза томон зарба берди, қайтган тўпга эса икки жамоа футболчилари кураш олиб боришди ва мезбонлар вакили бошига зарба қабул қилиб олди. Бош ҳакам Шавкат Насибуллаев бу вазиятда биринчи пенальти белгилади. Лекин ВАР орқали жараён таҳлил қилингач, у қарорини ўзгартирди ҳамда баҳсни давом эттирди.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу ҳолатда дастлаб дарвоза томон зарба берган Р. Турдимуродов ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетган. Шу боис, офсайддан кейинги қоида бузилиши ўз аҳамиятини йўқотади. Эксперт-ҳакамлар комиссияси реферининг қарорини тўғри, деб ҳисоблайди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар