23.05.2024 18:58
1424
Теглар
Чусовитина жароҳат олиб, лицензион турнирда қатнашмайди

Олимпия ўйинларининг 8 карра иштирокчиси, ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина Париж-2024 Олимпиадасида қатнаша олмайди.

48 ёшли атлет 24 май куни Тошкентда бошланадиган саралаш ўйинлари олдидан жароҳат олган. «Афсусдаман, чунки мусобақага жуда катта тайёргарлик кўргандим, катта куч билан қайтгандим», деди Чусовитина.

Спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси етакчиси Оксана Чусовитина икки ойдан кейин Парижда бошланадиган Олимпия ўйинларида иштирок эта олмайди. У саралаш ўйинлари олдидан жароҳат олган.

48 ёшли спортчи бу ҳақда 23 май куни Instagram'даги саҳифасида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, спорт гимнастикаси бўйича Осиё чемпионатига тайёргарлик доирасидаги машқлар чоғида жароҳат олган. 24–26 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган чемпионат олимпиада учун саралаш вазифасини ҳам бажаради.

«Қадрли мухлисларим, гимнастика ишқибозлари. Сизларга қайғули хабарим бор. Кеча гимнастика бўйича Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати – Олимпия ўйинларига саралаш мусобақаси олдидан машғулотларда жароҳат олдим. Энди бу мусобақада қатнашолмайман. Афсусдаман, чунки мусобақага жуда катта тайёргарлик кўргандим. Катта куч билан қайтгандим. Ўз юртимда мухлислар, жамоатчилик қаршисида мусобақада қатнашишни истагандим. Лекин сиз менинг иштирокимни кўрмайсиз», – дея ёзади Чусовитина.

У барчага миннатдорчилик билдириб, мухлисларни ўзбекистонлик спортчи қизларни қўллаб-қувватлашга чақирди. «Мен ҳам ўша ерда бўлиб, қизларимизга мухлислик қиламан», – деди спортчи.

Оксана Чусовитина аввалроқ Бокуда бўлиб ўтган Жаҳон Кубоги босқичида таяниб сакраш бўйича саралаш мусобақасида муваффақиятсиз қатнашиб, 23-ўринни эгаллаганди. Оқибатда, унинг олдида Париж йўлланмасини олиш учун ягона йўл қолганди: Тошкентдаги Осиё чемпионатида кўпкураш мусобақасида биринчи ўринни эгаллаш. Аммо Чусовитина сўнгги йилларда кўпкураш баҳсларида деярли иштирок этмаган.

Оксана Чусовитина – гимнастика тарихида 8 марта олимпиадада қатнашган ягона спортчи ҳисобланади. У 1992 йилдан ҳозирга қадар бўлиб ўтган барча Олимпия ўйинларида иштирок этиб келаётган эди. Чусовитина фаолияти давомида олимпиада чемпиони (1992 йил, жамоавий баҳсларда), уч карра жаҳон чемпиони, Европа чемпиони ва Осиё ўйинлари чемпиони бўлган

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар