Tribuna.uz ва Kun.uz сайтида «Самарқандга футбол керак эмасми?» сарлавҳали мақола эълон қилиниб, унда «Динамо» жамоасидаги молиявий танг ҳолат ҳамда шаҳардаги стадионлар футбол мавсумига тайёр эмаслиги танқид остига олинганди.
«Динамо» клуби расмий муносабатига кўра, клубда молиявий ҳолат ўнгланаши бошланган, Самарқанддаги стадион ҳам Суперлига баҳслари учун деярли шай ҳолатга келтирилган.
«Шуни маълум қиламизки, жамоа олдидаги муаммолар раҳбарият томонидан бирин-кетин ҳал этилмоқда. «Динамо» ПФК жамоасида бугундан ойлик-маошлар берилиши бошланди.
Шунингдек, «Динамо» марказий ўйингоҳини Суперлига ва халқаро учрашувларни ўтказишга тайёрлаш мақсадида «Nasaf Megastroy» МЧЖ томонидан ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, футбол майдонига дренаж тизимини ўрнатиш, суғориш тизимини модернизация қилиш ҳамда ёритиш тизимини кучайтириш ва чим қопламасини ётқизиш ишлари бажарилган. Айни вақтда стадионнинг югуриш йўлакларига асфалт ётқизиш ишлари ҳам амалга оширилиб, ишлар якунлаш арафасида.
Самарқанд шаҳридаги «Afrosiyob Arena» стадионини ҳам стандарт ҳолатга келтириш борасида мутасаддилар томонидан тегишли ишлар бошланган», - дейилади клуб хабарида.
Аввалроқ, клубда феврал ойидан буён маош берилмаётгани ҳақида хабарлар янграган эди.
Маълумот учун, «Динамо» жорий мавсумдаги уй ўйинларини Жиззахда ўтказиб келаётган эди. Самарқанд жамоаси Суперлига доирасидаги навбатдаги турда 20 май куни «Пахтакор» жамоасини қабул қилади. Бу ўйин Самарқандда ўтказиладими ёки Жиззахда – ПФЛ томонидан ҳозирча эълон қилинмаган.