28.04.2024 16:54
2504
Теглар
Хосе Венансио Лопес: «Жаҳон чемпионати олдидан кўп жиҳатларни яхшилашимиз керак»

Ўзбекистон футзал миллий жамоаси бош мураббийи Хосе Венансио Лопес Осиё Кубогида Тожикистонга қарши 3-ўрин учун кечган баҳсдан (5:5, пен — 3:1) сўнг матбуот анжуманида иштирок этди. 

«Ўйиннинг бориши жуда ўзгарувчан бўлди. 2:0 ҳисобида олдинда бораётган вақтимизда 3-голни уришимиз ва ўйин тақдирини ҳал қилишимиз керак эди. Баъзи вазиятларда ўзимиз назоратни йўқотдик ва Тожикистон ҳатто ғалаба қозониши ҳам мумкин эди. Бироқ пеналтилар сериясида адолат тантана қилди. Бугун биз ғалабага ҳақлироқ эдик.

Ғолиб бўлишга етишмаган жиҳат? Жаҳон чемпионати олдидан кўп жиҳатларимизни яхшилашимиз ва янада кўпроқ меҳнат қилишимиз керак. Баъзида тактик тайёргарликдан кўра руҳият муҳимроқ бўлади. Эронга қарши яримфиналда айнан шу омил бизга панд берди. Йигитлар маълум вақт концентрацияни йўқотишди. Барчага бирдек муносабатни сақлаб қолишимиз керак. Бу — ғалаба учун энг муҳим элементлардан бири.

Тожикистон билан ўйин? Рақиб ушбу турнирга жуда яхши тайёрланган ва ўйин жиҳатдан анча ўсишга эришган. Айниқса, гуруҳда 1-ўринни эгаллаб, чоракфиналга йўл олганидан сўнг руҳий томондан ҳам ўсган. Улар ҳеч қачон таслим бўлишмайди, охиригача жанг қилишади ва жуда рақобатбардош жамоа. Мотивациямиз бўлмагани сабабли назоратни йўқотдик, айрим вазиятларда футзалчиларимиз хатоларга йўл қўйишди. Аввалги учрашувлардаги ғалабаларимиз ва бугунги ютуғимиз ўртасида жуда катта фарқ бор.

Жамоага келганимдан сўнг бир қанча тактик ўзгаришлар қилдим. Жамоага янги схемаларни киритдим, лекин мен учун энг муҳими — жамоамиз турли вазиятларга қандай муносабатда бўлишлари, ўйинни назорат қилишларида. Ўйлайманки, бу — биз яхшилашимиз керак бўлган энг катта муаммо, чунки ўйинни назорат қилиш учун умуман хатоларга йўл қўймаслик лозим», — дея испаниялик мутахассиснинг сўзларини келтиради ЎФА матбуот хизмати.

Маълумот учун, Ўзбекистон футзал миллий жамоаси қитъа чемпионатида 6-бор бронза медалига сазовор бўлди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар