03.04.2024 15:00
3055
Теглар
Ҳокимлар ва футбол. Бозоров, Абдураззоқов, Азимов чемпионлик мақсадини қўйди, Абдураҳмоновга 10-рақамли либос топширилди

Ўзбекистонда янги футбол мавсуми старт олгач, вилоят ҳокимларининг жамоалар тақдимот маросимида иштирок этиши, мухлислар билан учрашиши ва жамоа олдига мақсад қўйиши анъана тусини олган. Ҳудуд раҳбари бўлиш билан бирга вилоят футбол ассоциацияси президенти саналадиган ҳокимлар орасидан бу йил бир йўла уч нафари вилояти бош жамоаси олдига чемпионлик мақсадини қўйди.

Хайрулло Бозоров: «Бу йилги мақсад битта – чемпионлик!»

Суперлига янги мавсумини кетма-кет уч ғалаба билан бошлаган ва ҳозирда турнир жадвали пешқадами бўлиб турган «Нефтчи»нинг муваффақиятларида Хайрулло Бозоровнинг ҳиссаси катта.

Фарғона вилояти ҳокими сўнгги 4 йилдан буён ўз анъаналарига эга клубга катта эътибор қаратмоқда. Бозоров таништирув маросимида 2024 йилда жамоа олдига илк марта чемпионлик вазифаси қўйилгани ва бунинг учун барча шароитлар яратилганини маълум қилди.

«Бу йилги мақсад битта, бу ҳам бўлса фақат – чемпионлик! Бош мураббийи Виталий Левченко ва жамоамизга ишонаман. Мавсумга юқори даражада тайёргарлик кўрилди, таркиб кучайтирилди. Мавсум якунида сизлар билан жамоамизни қучоқ очиб, чемпионлик билан табриклаш насиб қилсин», - деди Хайрулло Бозоров футболчиларнинг тақдимот маросимида.

«Чемпион бўлиш вақти келди» – Наманган вилояти ҳокими янги мавсум шиорини белгилади

«Навбаҳор» клубининг сўнгги йиллардаги муваффақиятида Наманган вилояти ҳокими ва жамоанинг биринчи рақамли ишқибози Шавкат Абдураззоқовнинг ҳисса катта бўлмоқда. Вилоят раҳбари сўнгги 3 йилдан буён жамоа олдига чемпионлик мақсадини қўйиб келаётган бўлса-да, Самвел Бабаян мураббийлигидаги жамоа чемпионлик совринини Наманганга олиб кела олганича йўқ. Шунга қарамай, «Навбаҳор» Осиё Чемпионлар лигасидаги натижалари орқали ўз номини Неймар, Бензема сингари машҳурлар билан бирга янграшига эришди.

Тақдимот маросимида Наманган вилоят ҳокими клуб Осиё Чемпионлар Лигасида тарихий натижа қайд этганини таъкидлаб, «Чемпион бўлиш вақти келди», дея янги мавсум шиорини белгилади. Чемпионликни Тошкентдан Наманганга олиб келиш учун эса Одил Ҳамробеков, Фаррух Сайфиев, Сиёвуш Ҳақназарий, Руслан Жиянов, Гиорги Никабадзе сингари номдор ўйинчилар таклиф этилганини маълум қилган.

Ҳоким Қашқадарё халқи чемпионликни кутаётганини айтди, Рўзиқул Бердиев ваъда берди

«Насаф» жамоасининг таништирув маросимида вилоят ҳокими Муроджон Азимов, клуб бош ҳомийси саналмиш «Шўртан газ-кимё мажмуаси» раҳбарияти иштирок этиб, 2024 йилда Қашқадарё аҳли жамоадан фақат ва фақат чемпионлик кутаётганини маълум қилди.

«Қашқадарё халқи анчадан буён севимли жамоамизнинг Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритишни орзу қилмоқда. Жорий йилда ушбу орзуни ушалишига бор кучимиз билан ҳаракат қилишимиз керак. Жамоамиз олдидаги мақсад ва вазифаларни бажариш учун вилоят раҳбарияти ҳар қандай ёрдамни аямайди», - дея таъкидлаган Азимов.

Жамоа номидан сўзга чиққан бош мураббий Рўзиқул Бердиев йил давомида «Насаф»ни қўллаб-қувватлаган барчага ўз миннатдорчилигини билдириб, янги мавсумда жамоа олдига қўйилаётган мақсад йўлида бирлашиб, вилоят аҳли узоқ кутган чемпионлик учун курашишга ваъда берган.

«Пулни ўзи сизни қувсин» – Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Пахтакор» ўйинчиларига мотивация берди

Вилоят ҳокимлари томонидан «Нефтчи», «Навбаҳор» ва «Насаф» олдига фақат чемпионлик вазифаси қўйилганига амалдаги ва кўп карра чемпион «Пахтакор» клубининг ривожланиш стратегиясини ўзгартиргани ҳам таъсир қилди, десак муболаға бўлмайди.

«Пахтакор» клубининг президенти саналмиш собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Пахтакор» ўйинчилари билан мавсум олди учрашувда клуб янгиланаётганини маълум қилган.

«Пахтакор» янгиланди. Сизларни кўриб кўзим қувнаяпти. 5-6 нафарингизни инобатга олмаса, барчангиз ёшсиз. Бундай имконият ҳар доим ҳам бўлмайди. Футболчининг спортдаги ҳаёти қисқа. 2 йил қаттиқ меҳнат қилинг, пул сизни ўзи қувсин. Мен сизлар билан ҳали катта лойиҳаларга қўл ураман. Энди клубнинг асосий стратегияси ёшларни Европага шу ернинг ўзидан сотиш бўлади. Бу эса миллий жамоамиз учун ҳам фойда. Ҳеч қачон майдонда ўзингизни хафа қилдирманг», - дея Ортиқхўжаевнинг сўзларини келтирган клуб матбуот хизмати.

Амалдаги чемпион жамоа жорий мавсум 4-туридан кейин фақат бир ўйинда ғалабага эришиб, 4 очко билан Суперлигада 9-ўринни эгаллаб турибди.

Шуҳратбек Абдураҳмоновга «Андижон»нинг 10-рақамли либоси топширилди

Суперлигани юқори кайфиятда бошлаган «Андижон» жамоасининг тақдимот маросими ҳам одатдагидек мухлислар билан гавжум ва ажойиб атмосферада ўтган.

Бу сафарги таништирув маросимига Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок эта олмаган бўлса-да, ҳоким ўринбосари Комилжон Комилов сўзга чиқиб, вилоят ҳокимининг жамоага қаратаётган эътиборини алоҳида эътироф этган ҳолда 2024 йилда ҳам барча шарт-шароитлар яратилишини маълум қилган. Ўз ўрнида «Андижон» клуби сардори Илдар Маматказин жамоа номидан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновга аталган футболчиларнинг имзоси қўйилган тўп ва 10-рақамли футболкани ҳоким ўринбосарига топширган.

Шунингдек, «Андижон» клуби бош ҳомийси – «ЎзАвтоСаноат» АЖ раҳбарияти номидан Рустам Мамажонов сўзга чиқиб, клуб янги лойиҳаларни кўзлаётгани ва ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланишини билдирган.

«Динамо»нинг тақдимот маросими ўтказилмади

«Динамо» жамоаси ҳар йили янги мавсум олдидан тақдимот маросимини ўтказар ва унда вилоят раҳбарияти, ҳомийлар, мухлислар иштирок этарди. Самарқанд жамоаси бир йиллик танаффусдан сўнг бу йил Суперлигага қайтган бўлса-да, анъанага кўра вилоят ҳокими иштирокида ўтадиган мавсум олди тақдимот маросими ўтказилмади. Бу дебютант жамоанинг мавсумни кетма-кет уч мағлубият билан бошлагани ёки кўҳна шаҳар жамоасининг ҳамон ўз стадионида ўйнамаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Вилоят ҳокими «Бухоро» жамоаси олдига Суперлигага қайтиш вазифасини қўйди

«Бухоро» клуби ҳам 2023 йилда аламли тарзда Суперлигани тарк этган бўлса-да, 2024 йил барчасини бошидан бошлади.

Про лига янги мавсуми олдидан «Бухоро» жамоаси тақдимот маросимида Бухоро вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Ботир Зарипов ва жамоа бош ҳомийси – Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи директори Акбар Фозилов иштирок этиб, клуб олдига бир йилнинг ўзидаёқ Суперлигага қайтиш вазифаси қўйилди. Бош мураббий Улуғбек Бақоев эътибор учун вилоят ҳокими ва клуб ҳомийсига миннатдорчилик билдириб, жамоа шу йилнинг ўзидаёқ Суперлигага қайтиш учун бор куч ва имкониятини ишга солишини маълум қилди.

Шунингдек, «Қизилқум» клуби олдига Навоий вилояти ҳокимлиги ва жамоа бош ҳомийси НКМК раҳбарияти томонидан юқори ўринларни эгаллаш вазифаси қўйилган. Термизнинг «Сурхон» клуби олдига жамоа хўжайини ва ҳомийси Бахтиёр Фозилов ва Eriell компанияси томонидан камида ўтган йилги натижани (6-ўрин) яхшилаш мақсад этиб қўйилган.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар