03.04.2024 13:49
1868
Теглар
ФИФА «Бунёдкор»дан трансфер тақиқини олиб ташлади

ФИФА Тошкентнинг «Бунёдкор» клубидан трансфер тақиқини олиб ташлагани маълум қилинди.

2 апрел куни «Бунёдкор» клуби Ривалдо ва Денилсон иши бўйича томонларни қаноатлантирадиган келишувга эришгани маълум қилинганди. 

«ФИФА мазкур ишни тегишли тартибда ўрганиб чиққанидан сўнг клубга нисбатан белгиланаган трансфер тақиқини олиб ташлади. Эндиликда «Бунёдкор» собиқ футболчилари билан келишув шартларига ўз вақтида амал қилиши керак бўлади», - дейилади ПФЛ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, ФИФА қарорига кўра, «Бунёдкор» Ривалдо ва Денилсон олдидаги қарздорликни шу йилнинг 7 апрель санасига қадар бартараф этиши керак эди. Янги келишувга кўра тўланиши лозим бўлган суммалар сезиларли кўринишда камайтирилди. Қўшимчасига, келишилган сумма Денилсонга 2026 йилгача уч қисмга бўлиб тўланадиган бўлди. Ривалдо билан ҳисоб-китоб эса 2028 йилга қадар ҳар йили бир мартадан амалга ошириладиган бўлди.

Аввалроқ, Tribuna.uz манбаси ФИФА «Бунёдкор»дан Ривалдо фойдасига 8,1 миллион евро, Денилсонга 1,1 миллион АҚШ доллари ундирмоқчилиги ҳақида хабар берганди. Музокаралар натижасида бразилиялик ўйинчилар ушбу маблағ камайтирилишига рози бўлган.

Маълумот учун, Ривалдо 2008-2010 йиллар давомида «Бунёдкор» клуби шарафини ҳимоя қилиб, уч карра Ўзбекистон чемпиони бўлган эди. Денилсон эса 2010 йил Тошкент клуби сафида чемпионликка эришган, Олий Лигада 14 ўйинда 4та гол, ОЧЛда эса 6 ўйинда 5та голга муаллифлик қилганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар