02.04.2024 11:41
8545
Равшан Эрматов: «Легионерларни Осиё Кубоги U-23га олиб бориш борасида музокаралар ўтказяпмиз. Ҳозирча 2 футболчи бўйича келишувга эришдик»

Осиё Кубоги U-23 олдидан Ўзбекистон олимпия жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе ва ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов иштирокида матбуот анжумани ўтказилмоқда. 

Унда Эрматов легионер футболчиларнинг турнирдаги иштироки борасида ўз фикрларини билдирди. 

«Авваламбор, катта мусобақа олдида турибмиз. Бутун халқимизнинг орзуси бўлган Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишни ният қиляпмиз. 

Бу йўлда улкан ҳаракатлар амалга оширилди. Бу борада профессионал ёндашувга қўл урилиб, «Олимпик» клуби ташкил этилди. Ўтган 3 йил давомида Темур Кападзе бошчилигидаги мураббийлар қўл остида ёш футболчиларга ишонч билдирилди. Машғулотлар замонавий футбол имкониятлари асосида таҳлил қилиб борилди. Ёшларимиз халқаро мусобақаларда етарлича тажриба тўплади.

Легионер футболчилар? Футболда майда масалалар бўлмайди. Футболчиларимиз катта клубларда тўп тепмоқда. Улар клубларининг асосий ўйинчисига айланган ва бу биз учун қувонарли, албатта. 

Аммо бу турнир биз учун ҳам жуда муҳим. Айни пайтда клублар билан ҳар куни алоқада бўлиб, музокаралар ўтказяпмиз. Ҳозирда 2 футболчимиз бўйича келишувга эришдик, 3 футболчимиз бўйича музокаралар давом этмоқда.

Афсуски, ушбу турнир ФИФА кунларида ўтказилмаяпти. Ҳар бир клуб ўз чемпионати, ўз ўйинлари ҳақида ўйлайди. Биз ҳам буни тушунган ҳолда, уларни ҳурмат қилишимиз керак. 

Бироқ таъкидлаганимиздек, клублар билан музокараларни давом эттиряпмиз ва уларга тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз», — дейди Эрматов. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аббос Файзуллаев (ЦСКА), Абдуқодир Ҳусанов («Ланс»), Ҳожимат Эркинов («Ал Ваҳда») ва Иброҳимхалил Йўлдошев («Қайрат»)  каби ўйинчиларнинг Осиё Кубоги U-23да қатнашиши сўроқ остида эканлиги айтилганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар