02.04.2024 12:25
5422
Теглар
Кападзе — Осиё Кубоги ва Олимпиада, дарвозабонлар, интизом, витаминизация ҳақида

Осиё Кубоги U-23 олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон олимпия жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Ўтган 3 йил давомида анча ўсишга эришдик, икки йирик мусобақада иштирок этдик. Ўйлайманки, ушбу турнирларда муносиб иштирок этдик. Эндиликда бизни муҳим мусобақа кутиб турибди. Умид қиламанки, Қатардаги мусобақада ҳаммамизнинг орзуларимиз ушалиб, Париж Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиш насиб қилсин.

Тартиб-интизом? Бизда бу борада муаммолар йўқ. Тўғри, йигитлар ёш. Баъзи вазиятлар, карточкалар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам бор. Бироқ биз бунинг устида доимий ишлаб боряпмиз.

Бизда ҳар бир футболчи таркибга муносиб. Бир футболчига ишониб қолмаймиз. Бу — футбол. Кимлар 23 талик якуний рўйхатга кирса, ўшалар тайёр бўлади. Бироқ легионерларимиз билан биз янада кучлироқмиз. Чунки улар миллий жамоамизда ҳам асосий таркиб футболчилари ҳисобланади.

Қатарга қарши ўйин фойдали бўлди. Гуруҳ босқичида ҳам осон ўйин йўқ. Рақибларимиз ҳам ўсган. Насиб бўлса, гуруҳдан албатта чиқамиз. 

Ўз услубимиз, режамиз бор. Лекин бу рақибга қараб ҳам ўзгариб боради, албатта. Осиё ўйинларида ҳам рақибларимизга қараб режа бўйича ишладик. 

Дарвозабонлар масаласида кимга кўпроқ ишонч бериш борасида ҳали аниқ қарорга келмадик. Ҳамон ишлаяпмиз. Ким тайёр бўлса, ўзини яхши ҳис қилса, ўша ўйнайди. 

Интизом ҳақида келадиган бўлсак, йигитлар бу турнирнинг даражасини тушуниб турибди. Умид қиламиз, бу борада муаммо бўлмайди.

Витаминизация? Бу борада муаммо йўқ. Тикланиш жараёнига ҳам жиддий қараяпмиз. Бу масалага алоҳида эътибор қаратилади. 

Париж Олимпиадасига катта футболчиларни жалб этиш?  Миллий жамоада ҳам кучли футболчилар етарлича. Бу режамизда бор, кенгайтирилган таркибда уларни ҳам жалб қиламиз. Аввало, Олимпиада йўлланмасини ҳал қилайлик, бу борада ҳам ўйлаб кўрамиз», — дейди мураббий.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар