30.03.2024 17:38
2101
Теглар
Парижга кўрилаётган ҳозирлик, нақд бўлган йўлланмалар — МОҚда ўтган анжуманнинг тафсилотлари

Миллий Олимпия қўмитасининг 2023 йилдаги фаолияти ва Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ва МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов ОАВ ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун 409 нафар спортчилар контингенти (108 нафар асосий таркиб ва 301 нафар спарринг шериклар) танлаб олинди, 103 нафар тренерлар штаби ва 53 нафар тиббиёт штаби аъзолари жалб қилинди.

Хорижий тажрибадан фойдаланиш ва тажриба алмашиш учун 21 та спорт тури бўйича 16 та давлатдан 38 нафар малакали тренер-мутахассислар таклиф этилди.

34 та Олимпия спорт турлари бўйича миллий терма жамоа аъзолари 208 та маҳаллий ва 98 та халқаро ўқув-машғулот йиғинларида иштироки таъминланди.

Ўзбекистон делегацияси айни пайтда Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига 25 та лицензия қўлга киритган. Жумладан,

1 нафар бадиий гимнастика (Тахмина Икромова - яккалик);

1 нафар эркин кураш (Жавраил Шапиев -86 кг);

2 нафар юнон-рум кураши (Арам Варданян -77 кг, Исломжон Бахромов -60 кг);

1 нафар замонавий бешкураш (Алисэ Фахрутдинова, яккалик);

9 нафар бокс (-51 кг Ҳасанбой Дўсматов, -57 кг Абдумалик Халоков,                -63.5 кг Руслан Абдуллаев, -71 кг Асадхўжа Мўйдинхўжаев, -80 кг Тўрабек Ҳабибуллаев, -92 кг Лазизбек Мулложонов, +92 кг Баҳодир Жалолов,  -50 кг Сабина Бобоқулова, -54 кг Нигина Ўктамова);

4 нафар велоспорт (UCI олимпия рейтинги орқали лицензия давлат учун ажратилган, шу сабабли спортчилар номи федерациянинг тренерлар кенгаши томонидан аниқланади);

1 нафар камондан отиш (Зиёдахон Абдусатторова – яккалик);

1 нафар енгил атлетика (Давлатов Шохрух, марафон);

4 нафар таэквондо WT (-68 кг Улуғбек Рашитов, -80 Жасур Жайсунов,

-67 кг Озода Собиржонова ва +67 кг Светлана Осипова);

1 нафар сувга сакраш (Игорь Мялин, 10 метрли платформа).

Парижда Ўзбекистон делегацияси камондан отиш ва сувга сакраш йўналишларида Олимпиадаларда дебют қилади. Шунингдек, аёллар кураши ва футбол баҳсларида ҳам илк бор йўлланмалар қўлга киритилиши кутилмоқда.

Ҳар бир миллий жамоага малакали шифокорлар бириктирилган. Улар мунтазам равишда спортчиларнинг саломатлигини назорат қилиб боряпти. МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) да режа асосида улар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, Миллий антидопинг агентлиги билан доимий алоқада бўлиб, атлетларнинг витаминизацияси ва тиббий-фармакологик воситалари назоратга олинган.

Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига саралаш даврида Тошкент шаҳри      3 спорт турида тўғридан тўғри йўлланма берувчи мусобақаларга мезбонлик қилади: бадиий ва спорт гимнастикаси ҳамда стол тенниси.

 

Олимпиада лицензиатлари спорт турларидан келиб чиққан ҳолда тўғридан тўғри йўлланма берадиган мусобақалар ва рейтинг тизими орқали аниқланади. Ҳозирда ушбу давр ўзининг ҳал қилувчи палласига кирмоқда. Париж-2024 Олимпия ўйинларининг барча йўлланма соҳиблари июль ойининг бошларида аниқ бўлади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар