20.03.2024 17:56
3805
Теглар
«Бу ўйинга оддий баҳс сифатида қарамасликларини маслаҳат бераман». Катанец ва Ҳамробеков Ҳонгконгга қарши ўйин олдидан

ЖЧ-2026 2-саралаш босқичи 3-тури доирасидаги Ҳонгконг – Ўзбекистон учрашуви олдидан миллий жамоамиз бош мураббийи Сречко Катанец ва футболчи Одилжон Ҳамробеков матбуот анжуманида иштирок этишди.

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец:

— Биз бу ерга ғалаба қозониш учун келдик. Бир ҳафта давомида ўйинларга яхши тайёргарлик кўриш учун барча ишни қиламиз. Ироқ терма жамоаси мураббийи сифатида аввал Ҳонгконг миллий жамоасига қарши баҳс олиб борганмиз. Бироқ бу умуман бошқа даражадаги ўйин эди. Ўшанда рақиб жамоа чуқур ҳимояланган. Ҳозир вазият ўзгарган. Жамоа Осиё кубогида ҳам ёрқин ўйин намойиш этди. 

Ҳонгконг Эронга қарши ва гуруҳдаги бошқа учрашувларда бир қанча хавфли ҳужумлар ташкил этди. Бу жамоа қандай қилиб турнирда очко қўлга кирита олмагани ва фақатгина битта гол ургани ҳайратланарли. Футболчиларимга бу ўйинга оддий баҳс сифатида қарамасликларини маслаҳат бераман. Кимдир осон ўйин бўлади дейиши мумкин, бироқ ундай эмас. Ҳонгконг таркибида бир қанча бразилиялик маҳаллийлаштирилган футболчилар бор. Ушбу жамоани ҳурмат қиламиз. 

Туркманистонга қарши сунъий чимли майдонда ўйнадик, эртанги баҳс ўтказиладиган стадион майдони эса бироз кичикроқ экан. Шундан келиб чиққан ҳолда улар бизга яхшигина қаршилик кўрсатади, деб ўйлайман.

Жаҳон чемпионати саралаш босқичи барча футболчилардан жиддий ёндашувни талаб қиладиган мусобақа. Бу ерга кеча оқшомда етиб келдик ва бир марта машғулот ўтказдик. Эртага муҳим ўйинда иштирок этишимиз керак. Қандай ҳолат бўлишини олдиндан билмаймиз. Шунга қарамай режалар ўзгаргани йўқ.

Эртанги баҳсда рақиб жамоа мухлислари кўпроқ бўлади. Бу ўйинга жиддий таъсир ўтказмайди, деб ўйлайман.

Одилжон Ҳамробеков:
— Мақсадимиз сари яна бир муҳим баҳс бизни кутиб турибди. Жамоадошларимиз билан биргаликда учрашувга тайёрмиз, дея Ҳамробековнинг сўзларини келтиради ЎФА матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Ҳонгконг – Ўзбекистон ўртасидаги учрашув 21 март, пайшанба куни соат 17:00да бошланади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар