15.03.2024 21:51
754
Теглар
Эркаклар ва аёллар ўртасида маҳалла футбол терма жамоалари тузилади

Президент Шавкат Мирзиёев 15 март куни оғир атлетика ҳамда маҳаллаларда футбол инфратузилмасини ривожлантиришга оид тақдимот билан танишди.

Қайд қилинишича, Чирчиқ шаҳрида Оғир атлетика маркази ташкил этилади. У ихтисослаштирилган таълим муассасаси бўлиб, 7-11-синф болаларга сабоқ берилади. Улар илғор усуллар асосида терма жамоаларга асосий номзод сифатида тайёрланади. Марказ 2025/2026 ўқув йилидан фаолият бошлаши кўзда тутилган. 

Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг ҳомийлигида Оғир атлетика спорт клуби ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Тошкент ва Самарқанд вилоятида ҳудудий мактаблар очилади. 

Оғир атлетикани оммалаштириш мақсадида 3 босқичли мусобақалар, Марказий Осиё ва «Uzbekistan Open» очиқ чемпионатини ўтказиш режалаштирилган. 

Маҳаллаларда футбол инфратузилмасини ривожлантириш ва тармоғини кенгайтириш мақсад қилинган. Бунинг учун маҳаллаларда мавжуд стадионлар ва бошқа спорт майдончаларидан самарали фойдаланилади. Улар йўқ жойларда давлат-хусусий шериклик асосида шундай иншоотлар барпо этилади. Эркаклар ва аёлларнинг турли ёш тоифалари ўртасида маҳалла терма жамоалари тузилади. Иқтидорли ёшлар аниқланиб, профессионал футбол муассасаларига йўналтирилади. 

Бу борада маҳалладаги ёшлар етакчиларига Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ҳудудий бўлинмалари ва спорт мактаблари кўмаклашади.

 

Шунингдек, жорий йилдан бошлаб, Англия мактаблари футбол ассоциацияси тажрибаси асосида, 8-11-синф ўқувчилари орасидан мактаб футбол етакчиси танлаб олинади. 12-15 ёшлилар ўртасида икки босқичли «Маҳалла лигаси» ҳамда 16-30 ёш тоифалари орасида уч босқичли ДХХ Кубоги мусобақаларини ўтказиш йўлга қўйилади. 

Булар маҳаллалардан бошлаб футбол инфратузилмасини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни танлаш ва қўллаб-қувватлаш, миллий терма жамоалар учун сифатли захира шакллантиришга хизмат қилади. 

Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, ёшлар ўртасида спорт ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш, мусобақаларни юқори ташкилий даражада ўтказиш бўйича кўрсатмалар берди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар