Германия ва Италияда чемпионлик пойгаси якунига етаётган бўлса, Испанияда авж олиб қолиши мумкин. Англияда эса якшанба оқшомида бизни нафақат чемпионлик курашининг энг муҳим тўқнашуви, балки сўнгги йиллардаги асосий қарама-қаршиликнинг сўнгги ўйини кутиб турибди.
БОЛОНЯ – ИНТЕР (9 март, 22:00)
Сўнгги йилларда яхшигина рақобат билан эътиборни ўзига қаратаётган Италия чемпионатида бу мавсумда том маънодаги суперклуб пайдо бўлди – «Интер». Миланликлар нафақат А Серия миқёсида, балким Европа ўлчовларида ҳам юқори савиядаги ва барқарор футбол намойиш этмоқда ва Чемпионлар Лигаси фаворитларидан бири бўлиб турибди. Бу шунчаки, ўтган йили жамоа финалда ўйнагани учун эмас, «Интер»нинг айнан ушбу мавсумдаги ўйинига нисбатан олинаётгани ҳам сир эмас. «Интер» ҳозирда 15 очколик фарқ билан пешқадамлик қилмоқда ва катта эҳтимол билан кучли бешликда биринчи бўлиб расман чемпионликни нишонлайди.
Бу ўйиннинг танланганига асосий сабаб эса «Болоня». «Интер»нинг собиқ футболчиси Тиагу Мотта бошқараётган ўртамиёна клуб бу мавсумда олдинга дадил қадам ташлади ва Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун асосий даъвогар бўлиб турибди. 13-ўриндаги жамоани қабул қилиб олган Мотта ўтган мавсумда жамоани 9-ўринга олиб чиқди, ҳозир эса «Болоня» 51 очко билан 4-ўринда бормоқда. Агар бу ўйинда ғалаба қозонадиган бўлса, жамоа ҳозирданоқ ўтган мавсумдаги очколар миқдорига етиб олган бўлади. Умуман, аслида «Болоня» тарихан олганда Италиянинг тўртинчи катта клуби сифатида тилга олинади. Совринлар сони бўйича Италиянинг олтинчи жамоаси, етти марта мамлакат чемпиони бўлган. Охирги марта эса «Болоня» ўтган аср охирларида еврокубокларда қатнашган ва УЕФА кубоги яримфиналига етиб борганди. Бу кетишда болоняликлар келаси йилдан яна Европага қайтиши эҳтимоли катта.
Мезбонларда ғалаба учун имконият бўлиши мумкинлигининг сабабларидан бири, «Интер» келаси ҳафтада Чемпионлар Лигасида муҳим учрашув ўтказади – «Атлетико» майдонида биринчи ўйиндаги устунликни (1:0) сақлаб қолишга тўғри келади. А Серияда яхши фарқ билан олдинда бораётган «Интер» кўпроқ эътиборини Чемпионлар Лигаси чорак финалига чиқишга қаратиши табиий. Шу туфайли, ушбу ўйинда баъзи етакчи футболчилар дам олиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, «Болоня» ғалабали сериясини давом эттирмоқда – Мотта шогирдлари 16-4 тўплар нисбати билан охирги 6 учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди.
Ўзаро ўйинларга қараганда ҳам, ўзаро охирги уч ўйинда «Болоня» мағлубиятга учрамаётгани ҳам факт. Биринчи даврадаги ўйинда Миланда 2:2 ҳисоби қайд этилди, шунингдек, декабр ойида бўлиб ўтган Италия кубоги баҳсида ҳам Мотта шогирдларининг қўли баланд келганди. Юқорида айтилганидек, «Интер»нинг учрашувга танлайдиган таркибини тахмин қилиш қийин, «Болоня»да эса арзирли жароҳатлар йўқ. Айниқса, мезбонлар сафида 22 ёшли нидерландиялик ҳужумчи Жошуа Зиркзига алоҳида эътибор қаратишга маслаҳат берган бўлардик . Ушбу мавсумда А Серияда 10 гол урган футболчи бир қатор Европа топ клубларининг назарига тушган.
АСТОН ВИЛЛА – ТОТТЕНҲЭМ (10 март, 18:00)
Англияда чемпионлик жангига тайёргарлик сифатида мухлислар учун яна бир қизиқарли баҳс қўйилган. Кучли тўртлик учун асосий даъвогар бўлиб турган икки жамоа Бирминҳэмда орани очиқ қилади. Ҳозирда «Астон Вилла» ҳисобида 55 очко бор ва «Тоттенҳэм»ни 5 очкога ортда қолдирмоқда. Аммо лондонликлар ҳисобида битта захира ўйини ҳам бор, яъни агар «Тоттенҳэм» «Вилла»ни ютадиган бўлса, йўқотилган очколар бўйича тоза 4-ўринга чиқиб олади.
Чемпионлар Лигасида формат ўзгариши натижасида келаси мавсумдан Англиядан ушбу турнирга 5 жамоа бориши эҳтимоли бор, тўғри, бешинчи ўрин ҳам якунда йўлланмани қўлга киритиши мумкин. Аммо айни пайтда АПЛ Европа рейтингида Бундеслига ва А Сериядан орқада бормоқда, яъни бешинчи ўринга ҳам йўлланма тегишига кафолат йўқ. Бунинг устига, албатта, ғалаба қозониш ва орқадан таъқиб қилаётган жамоаларга ҳам имконият қолдирмаслик учун икки жамоа фақат ғалаба учун ўйнаши шубҳасиз.
Нафақат турнир нуқтаи назаридан, балки услубан ҳам анча қизиқарли ва томошабоп ўйин кўришимизга ишонч катта. Сабаби, ҳар икки мураббий ҳам Англияда ҳимоя блокини энг олдинга чиқарадиган ва «офсайд қопқони»ни фаол ишлатадиган мутахассислар сарасига киради. Демак анча очиқ ва вазиятларга бой ўйин кўришимиз эҳтимоли юқори. Хусусан ушбу рақибларнинг биринчи даврадаги ўйини ҳам ушбу тахминларни тўла оқлаганди. Жамоалар умумий ҳисобда 30 дан ортиқ зарба амалга оширишган, 8 та ўта хавфли вазият содир бўлган. Ўйин «Астон Вилла»нинг 2:1 ҳисобидаги иродали ғалабаси билан якунига етганди. Умуман охирги 3 ўйинда «Астон Вилла» рақиби устидан ғалаба қозониб келмоқда.
Таркиблар ҳолатига эътибор қаратадиган бўлсак, юқорида эсланган биринчи давра учрашувидан фарқли равишда «Тоттенҳэм»да муаммолар камайди – асосий таркиб футболчилари сафга қайтди. Фақатгина олдинги чизиқда Ришарлисоннинг йўқлиги муаммо бўлиши мумкин. Мезбонларда ҳам агар майдонга тушиши сўроқ остида бўлган Рэмзи, ҳамда мавсум охиригача сафдан чиққан Камарани айтмаганда, барча ижрочилар тайёр.
Фақатгина, «Астон Вилла» пайшанба оқшомида Конференциялар кубогида «Аякс»га қарши майдонга тушганини ҳам эслаб ўтиш керак. Ўша ўйинда асосий футболчилардан Уоткинс, Луис, Дин, Торрес, Лангле, Конса, Тилеманс, Кэш, Бэйли, Макгин, Морено кабилар майдонга тушишди. Яъни еврокубокларда қатнашмаётган «Тоттенҳэм»нинг жисмоний томондан имконияти юқори бўлиши турган гап.
ЛИВЕРПУЛ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (10 март, 20:45)
Ушбу жамоалар биринчи даврада учрашганда «Манчестер Сити» 1 очкога олдинда бўлган, аммо янгиланаётган ва бир қатор муаммоли ўйинларда ҳам очко олган «Ливерпул»нинг чемпионлик учун курашиши мумкинлигига ишонч камроқ эди. Клопп шогирдлари ўйин охирларида ҳисобни тенглаштириб, катта устунлик қилган мезбонлардан очко тортиб олганди. Ҳозир вазият бироз бошқача. Ҳа, «Манчестер Сити» ҳалиям ушбу пойгада фаворит сифатида тилга олиняпти, лекин «Ливерпул» жиддий шаклда курашга қўшилган, агар бу ўйинда ғалаба қозонса, 4 очколик фарқ юзага келади. «Ливерпул» бундай пойгаларда тажрибали эканини ва агар қолган ўйинларни ғалаба қозониш керак бўлса, буни амалга ошира олишини Пеп Гвардиола ҳам яхши билади. Хуллас, Англияда том маънода чемпионлик учрашуви бўлиб ўтади. Энг қизиғи, дуранг ҳам ҳам икки томонни қониқтирмайди. У ҳолда янги йилда фақат ғалаба қозониб келаётган «Арсенал» деярли етиб олиши мумкин.
Гвардиола – Клопп қарама-қаршилиги сўнгги йилларда ростан ҳам Англия Премьер-лигасининг безаги бўлди, деб бемалол айтиш мумкин. Клопп бир марта чемпионликни тортиб олганидан ташқари, икки марта сўнгги турларгача ҳақиқий рақобат кўрсатди. Бошқа қилиб айтганда, агар Клоппнинг «Ливерпул»и бўлмаганда, Пеп Гвардиола Англияни ҳам аллақачон Бундеслигага айлантириб қўйган бўларди. Яна айтиш мумкинки, бу икки мураббий шу рақобат орқали бир-бирининг жамоасини ҳам кучайтирганини ҳам тан олиш керак. Ахир охирги 6 Чемпионлар Лигаси финалининг 5 тасида ё «Ливерпул» ёки «Манчестер Сити» қатнашган. Мана шундай ажойиб давр энди тарихга айланмоқда – агар Англия кубоги баҳсида тўқнаш келишмаса, бу ўйин Клопнинг «Ливерпул»и ва Пепнинг «Сити»си ўртасидаги сўнгги баҳс бўлиши ҳам мумкин. Хуллас, ўртага жуда кўп нарса тикилган.
Таркибларга келадиган бўлсак, мезбонлар сафида йўқотишлар кўпроқ. Асосийлардан Трент Александр-Арнолд, Диогу Жота, Матип, Алисон Беккер каби футболчилар майдонга туша олишмайди. Шунингдек, Конате ҳам «Спарта»га қарши ўйинда жароҳат олди ва ушбу ўйинда тикланиб улгуриши маълум эмас. Жо Гомеснинг майдонга тушиши ҳам сўроқ остида. Байжетич, Гравенберх, Алкантара, Кетрин Жонс каби футболчиларнинг йўқ бўлишига ҳам ўрганиб қолдик. Албатта, сўнгги ойларда жуда кўп ёш футболчилар «Ливерпул» сафида дебют қилгани ва қайсидир маънода йўқларнинг ўрнини тўлдиргани бор гап, аммо мана шу даражаги муҳим ва катта ўйин ҳали бўлмаганди. Масалан, феврал ойида бўлиб ўтган «Арсенал»га қарши ўйинда Клопп жамоаси ишончни оқлай олмаган ва барча жиҳатларда мағлуб бўлганди. «Манчестер Сити» сафида Жек Грилишнинг жароҳатидан ташқари, Докунинг ҳам ҳолати сўроқ остида.
ФИОРЕНТИНА – РОМА (11 мартга ўтар кечаси, 00:45)
Қизиқ ҳолат. «Рома» 47 очко билан 5-ўринда, «Фиорентина» эса 42 очко билан 8-ўринда бормоқда. Айтиш мумкинки, ҳар иккиси ҳам Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашни давом эттиради. Бунинг учун эса йўлланмалар сони Италия учун 5 та бўлиши жуда муҳим. Бешта йўлланма бўлиши учун эса «Рома» ҳам, «Фиорентина» ҳам еврокубоклардаги иштирокини имкон қадар охиригача давом эттириши лозим. Яъни А Серияда 5-ўрин учун курашишдан ташқари, ўша бешинчи ўрин маънога эга бўлиш учун ҳам Европада очколар керак бўлади.
Ўтган ҳафтада ҳар икки клуб ҳам бу вазифани яхши уддалашди. «Фиорентина» Конференциялар кубогида сафарда «Маккаби» устидан иродали ғалабага эришди – 4:3. «Рома» эса Англияда анча кучли саналган ва ҳатто Европа Лигасида фаворит сифатида тилга олиниб келган «Брайтон»га имконият қолдирмади – 4:0. Умуман, «Рома» де Росси қўл остида ажойиб натижалар қайд этяпти. Моуриньо кетганидан кейинги 11 ўйиннинг 8 тасида ғалаба ва фақат бир мағлубият, у ҳам бўлса, «Интер»дан. Бу ҳолат худди Жозе Моуриньонинг аввалги жамоаларидан биридаги паллани эслатиб юборяпти. Моуриньонинг кетиши, клубга собиқ афсоналардан бири вақтинча ташриф буюриб, натижаларниннг кескин ўзгариши, ғалабали сериялар. Эсладингизми?
Ҳар икки жамоада ҳам дисквалификацияга учраган ўйинчилар бор. Мезбонлар сафида Луккас Белтран «Торино»га қарши ўйиндаги сариқ карточкаси туфайли қатнаша олмайди. Худди шундай карточкани «Рома» яримҳимоячиси Расмус Кристенсен «Монца»га қарши учрашувда олди. Кристенсен ўша ўйинда карточкадан ташқари жароҳат ҳам олди ва катта эҳтимол билан яна бир ой шерикларига ёрдам бера олмайди. Шунингдек, Тэмми Абраҳамнинг сафга қайтишига ҳам яқин қоляпти, аммо қизиғи, у Ромелу Лукаку билан биргаликда тўп сура олармикин? Агар де Росси иккала футболчига ҳам бир пайтда майдонда жой топиб бера олса, мавсум охиригача ажойиб тандемни кўришимиз мумкин бўларди.
Ўзаро учрашувларга эътибор қаратадиган бўлсак, охирги йилларда «Рома»нинг устунлиги яққол кўзга ташланади. «Фиорентина»да 9, «Рома»да 18 ғалаба бор. Биринчи даврадаги ўйин мавсумдаги энг муросасиз жанглардан бири бўлганди. 1:1 ҳисобида тугаган ўйинда ҳакам 9 та сариқ ва 3 қизил карточка кўрсатган. Уч футболчи жароҳат туфайли майдонни эрта тарк этишга мажбур бўлган.
Дарвоқе, ушбу тўқнашувни «Батистута дербиси» деб ҳам аташ мумкин. Аргентиналик ҳужумчининг ҳар икки жамоа тарихида катта ўрни бор. Батистута «Фиорентина» сафида ўн йилга яқин тўп суриб, 167 та гол урган бўлса, кейинчалик «Рома»да ҳам бир неча йил ўйнаган ва энг аҳамиятлиси, римликлар билан мамлакат чемпионлигини қўлга киритганди. Бу соврин «Рома» учун охирги 40 йилдаги ягона чемпионлик бўлиб турибди.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
9 март. МЮ – Эвертон (17:30), БАВАРИЯ – Манйц (19:30), Кадис – АТЛЕТИКО (20:15), АРСЕНАЛ – Брентфорд (22:30), Вердер – БОРУССИЯ Д (22:30), ЖИРОНА – Осасуна (10 мартга ўтар кечаси, 01:00)
10 март. ПСЖ – Реймс (17:00), МИЛАН – Эмполи (19:00), ЮВЕНТУС – АТАЛАНТА (22:00), РЕАЛ – Селта (22:30), БАЙЕР – Волфсбург (23:30).