06.03.2024 20:42
2111
Теглар
«Натижа кутмай туринглар, муаммоларни ечишимиз керак дейилиши керак». ПФЛ директори «Бунёдкор» ва легионерлар масаласи бўйича

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси директори Диёр Имомхўжаев «Спорт» телеканалида Ориф Толипов муаллифлигидаги «Mixball» кўрсатуви меҳмони бўлиб, «Бунёдкор» клубининг бразилиялик собиқ легионерлар Ривалдо ҳамда Денилсон ўртасидаги тортишуви бўйича фикрини билдирди.

«Бу вазиятдан ақлни ишлаб чиқиб кетса бўлади, фақат бир неча йил ичида. Лекин барибир қарзлар тўланиши керак. Бу борада клуб раҳбарияти билан ҳали гаплашмадик, учрашганда бу борада фикримизни билдирамиз.

Шунақа раҳбарлар бўлади, ҳамма нарсани сўраб, иш қилади. Ахийри ундан каттароқ раҳбар, «ўзи нима учун сени бу лавозимга қўйганман», дейди. Бир жойга раҳбарликка қўйилдими, ҳамма нарсани ҳаммадан сўрайвермасдан, ўша муаммони ҳал қиладиган бўлиш керак. «Бунёдкор»да ҳам шунча йиллар давомида раҳбарлар келиб-кетди, энди қайсидир раҳбар келиб, «Ўртоқлар, шунча муаммоларимиз бор. Бу муаммоларни ечими – биздан 4 йил натижа кутманглар. Мана бу ерда зўр академиямиз бор, ўшалар билан ўйнаб турамиз. Майли, Про лигага тушиб кетармиз, балки Суперлигада «Олимпик»га ўхшаб яхши қаршилик кўрсата олармиз, лекин харажатни камайтириб, академияга суянамиз. Қолган пулларимизни мана бу ердаги қатор қарзларимизга ишлатиб, узамиз», дейиши керак. Аммо аксарият клубларда мураббийлар талабини бажартиряпти, «январда Туркияга боришим керак, февралда Дубайга боришим керак» деб. Шу тариқа, бутун клуб шу мураббийга шароит қилиш билан овора. Тизим бўлиб қолган бу.

Мана, «Насаф» ва «Пахтакор»да клуб ва жамоа шунақа иккига бўлинаётганда, катта раҳбари чиқиб, «Тўхта, мураббийни ишини мураббий, раҳбар ишини раҳбар қилади» деб шарт қўйиб берди. Афсуски, аксарият клубларда мураббий чизиғидан чиқмайдиган раҳбарлар бор. Аслида раҳбар мураббий олдига вазифа қўйиши керак эмасми? «Менда шунақа шароит, хоҳла ишла, хоҳламасанг катта кўча», дея олиши керак раҳбар.

«Бунёдкор»ни охирги 3-4 йилда олиб келаётган легионерларига қаранглар. Улар кўрсатаётган натижа ва клуб уларга бераётган нарсаларни сарҳисоб қилайлик. Ўшанда жавоб чиқади. Уларнинг ўрнига академиядан фойдаланиш ва қолган муаммоларни секин-аста ҳал қилиш мумкин эди. Ривалдо ва Денилсон масаласи бугун пайдо бўлган эмас, неча йилдан буён давом этаётган тортишув бу», - дейди Диёр Имомхўжаев.

Аввалроқ, CAS қарори билан «Бунёдкор» клуби Ривалдо ва Денилсонга 2008-2010 йиллардаги фаолиятидан қолган қарздорлик сифатида қарийб 9,5 млн евро тўлаши кераклиги хабар қилинганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар