Суперлига 1-тур якунларига кўра, учрашувларда қанча томошабин келгани маълум қилинди.
ПФЛ расмий сайти хабарига кўра, энг кўп томошабин Наманганда ўтган «Навбаҳор» ва «Динамо» ўртасидаги баҳсда (3:1) йиғилган – 7 891 нафар томошабин.
Жиззахда ўтган «Сўғдиёна» - «Нефтчи» (1:2) ўйинида 1810 нафар томошабин, Қаршида қорли об-ҳавода ўтган «Насаф» - «Олимпик» ўйинида (2:0) эса 1154 томошабин стадионга тушган.
Эътиборлиси, Тошкент ва Олмалиқда ўтган 4та ўйинда мухлислар сони минг нафарга етмади. ОКМК - «Андижон» (0:0) баҳсида Олмалиқдаги стадионга 890 нафар томошабин келган бўлса, Тошкентда ўтган «Локомотив» - «Металлург» ўйинига (2:2) 812 киши, «Сурхон» - «Пахтакор» баҳсига (0:3) 689 нафар мухлис, «Бунёдкор» - «Қизилқум» (1:3) учрашувига бор йўғи 251 нафар томошабин келган.
Қайд этиш жоиз, томошабинлар ташрифининг пастлиги ўтган ҳафтада юртимизда ҳукм сурган совуқ об-ҳаво билан боғлиқ эканини тахмин қилиш мумкин.
Суперлига-2024. 1-тур. Томошабинлар ташрифи: