28.02.2024 01:23
850
Теглар
Клуб юзига айланаётган – матбуот ва медиа хизмати. Эътибор, эътироф ва сарҳисоб қилинган ПФЛ семинари ҳақида

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси ўз анъанасига кўра, мавсум стартидан олдидан клублар матбуот ва медиа хизмати ходимлари иштирокида семинар ўтказиб, ўтган йилги камчиликлар, муаммолар билан бир қаторда ютуқларни сарҳисоб қилиб, бу йилги мақсад ва режалар билан ўртоқлашди.

Эътиборлиси, бу йилги семинарда ўтган йилгиларидан фарқли равишда клубларда фаолият юритаётган 50 нафарга яқин медиа хизмати ходимлари – матбуот котиблар, фотографлар, мобилографлар, оператор, сайт ва ижтимоий тармоқларни юритувчи админлар иштирок этишди. Шунингдек, ОАВ вакиллари ҳам қатнашди.

Дастлаб ПФЛ клубларни лицензиялаш ва халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Зоҳиржон Акрамхонов ва бош мутахассис Шерзод Ражабов янги мавсумдаги мақсад ва вазифалар, матбуот хизматига боғлиқ регламентдаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида атрофлича маълумот бергач, семинарнинг асосий қисмини ПФЛ Матбуот ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Шаҳзод Холбоев ўтказди. Унда клублар матбуот хизмати фаолияти таҳлил қилиниб, бу борада ўсиш кузатилаётгани, аммо 2024 йилда навбатдаги жиддий ўсишлар кўзга ташланиши шартлиги таъкидланди. Бу борада муаммо ва таклифлар ўрганилиб, аксарият клубларда матбуот хизматига эътибор яхшилиги, аксариятида эса клуб томонидан бу бўлимга эътибор қилинмаётгани айтилди. Клубнинг муҳим бўғини саналувчи матбуот хизматининг кенг аудитория билан ишлашдаги муаммолари ҳал қилиниши, акс ҳолда регламентга биноан клублар жаримага тортилиши маълум қилинди.

Ҳозирда Суперлига ва Про лигада кўпчилик клублар раҳбарлари ижтимоий тармоқлар қанчалик муҳимлиги, ОАВ ва мухлисларга етарли маълумотларни бериб бориш, клуб имижини ривожлантиришда медиа ва матбуот хизматининг ўрни беқиёслигини тўғри англаб, бу борада шароитларни яхшилагани эътироф этилди. Аммо айрим клубларда бу масалага эътибор қаратилмаётгани, хориж йиғинлари, сафарларда қарийб 40 кишилик делегация олиб борилиб, жамоани мухлислар ва ОАВ учун ёритиши керак бўлган матбуот котиби олиб борилмагани афсус билан айтилди.

Медиа ва матбуот хизматига эътибор масаласида «Навбаҳор» клубидаги ҳолат эътирофга лойиқ. Клуб матбуот ва медиа хизматида 2023 йилда 5 нафар ходим ишлаган бўлса, 2024 йилда шартнома асосида яна 4 нафар ходим таклиф этилиши кўзланган. «Андижон»да ҳам медиа бўлими 5 нафар ходимдан иборат, клуб ижтимоий тармоқларда ўз имижини яратишга улгурди. Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларидаги расмий саҳифалари аудиторияси бўйича энг кўп мухлисга (100 мингдан ортиқ) эга эканлиги айтилган «Насаф» матбуот хизматида 4 нафар ходим фаолият юритаётган бўлса, ўзгаришлар сезилаётган «Нефтчи» клуби матбуот хизмати ҳам 4 нафар ходимдан иборат. «Локомотив», «Сурхон», «Қизилқум» жамоалари матбуот хизматида ҳам 3 нафардан ходим ишлаб келмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати, Про лигага энди қўшилган «Дўстлик Тошкент» клубида 3 нафар медиа вакили ишлаётган бўлса, «Қўқон-1912», «Арал», «Шўртан», «Машъал» сингари Про лига клубларида 2 нафардан медиа вакиллари фаолият юритмоқда.

Клублар штатида матбуот котибидан ташқари фотограф, сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни юритувчи ходим фаолият олиб бориши белгиланган бўлса-да, Суперлиганинг айрим жамоаларида бу ишлар ҳам биргина матбуот котибига юклатиб қўйилгани маълум бўлди. Матбуот ва медиа хизматига шароит яратмаган, эътиборсиз клубларга регламент бандлари бажарилмаган тақдирда чора кўрилиши таъкидланди. Сабаби, 2024 йилда мезбон матбуот котибларнинг вазифаси янада кўпайиши, улар ўйин пайтида ижтимоий тармоқларни юритиши, суратга олиш эмас, комиссар ёнида туриб, ОАВ вакилларига шароит яратиши, назорат қилиши, журналистларнинг медиа трибунага муаммосиз киришини таъминлаши, матбуот анжуманлари ва ўйиндан кейинги флеш-интервюлар регламент талабларига мос даражада ўтишини таъминлаши талаб этилади. Суратга олиш, ижтимоий тармоқлар ва сайт учун эса штат жадвалида ҳамон ишчи ходими йўқ айрим клублар, чемпионатда муаммога йўлиқмаслик учун амалий ҳаракатни бошлаши зарурлиги ҳақида огоҳлантирилди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар