Муаллиф: Usmon Ibodov
13.01.2024 17:36
7702
Ўзбекистон Осиё кубоги-2023даги юришини бошламоқда. Эктор Купер бошқарувидаги Сурия қанчалик хавфли?

Бугун, 13 январ куни Ўзбекистон миллий жамоаси Осиё кубоги тарихидаги 8-юришини бошлайди. Сречко Катанец шогирдлари 1-турда миллий жамоамизнинг собиқ устози Эктор Купер қўл остидаги Сурияга қарши саф тортади.

Турнирга ким қандай етиб келди?

Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Сурия ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичи «А» гуруҳида Хитой, Филиппин, Малдив ва Гуам билан бир гуруҳдан ўрин олиб, 8 ўйинда 21 очко тўплаган ҳолда Осиё кубоги-2023га квартет пешқадами сифатида йўлланмани қўлга киритганди.

Вадим Абрамов мураббийлигидаги жамоамиз эса ЖЧ-2022 ва Осиё кубоги-2023 қўшма саралаш босқич «D» гуруҳида 15 очко билан 2-ўринни эгаллаб, 3-саралаш босқичи орқали турнирга йўлланма олиши мумкинлиги ойдинлашганди. 2022 йил Наманганда ўтказилган «C» гуруҳида Таиланд (2:0), Малдив (4:0) ва Шри-Ланкадан (3:0) устун келган Сречко Катанец шогирдлари Осиё кубоги-2023га йўлланмани қўлга киритишган.

Таркибдаги йўқотишлар ва Сурия таклиф қилган «легионерлар»

Қитъа биринчилиги стартидан уч ҳафта олдин Ўзбекистон миллий жамоаси таркибида жиддий йўқотиш рўй берди. «Оқ бўрилар» етакчиси Элдор Шомуродов «Каляри» сафида оёғининг кафт суякларини синдириб, 1,5 ойга сафдан чиққани маълум бўлди. Мусобақа бошланишидан бир ҳафта олдин эса жамоамизнинг асосий ҳимоячиларидан бири Ҳусниддин Алиқулов жароҳат сабабли турнирни ўтказиб юборадиган бўлди.

Сурияликлар таркибида ҳам йўқотиш кузатилди. Жамоанинг кўп йиллик етакчиси Омар Ас-Сома декабр ойида «Ал-Аҳли» сафида жароҳат олиб, турнирни ўтказиб юбориши маълум бўлди. Қолаверса, суриялик 34 ёшли ҳужумчининг Эктор Купер билан муносабати ҳам ёмонлиги сабабли унинг турнирга бориши сўроқ остида эди.

Эктор Купер қўл остидаги жамоада Сурия фуқаролиги берилиб, маҳаллийлаштирилган ўйинчилар талайгина. Хусусан, аргентиналик мураббий турнирда ҳамюрти Эзикел Ҳэм, Жалил Эллиас, Иброҳим Ҳесар, перулик Пабло Саббаг, швециялик Элмар Абраҳам, Антонио Якуб, Айҳам Уссу сингари ўйинчилар хизматидан фойдалана олади.

Суриянинг Осиё кубоги учун таркиби:

Дарвозабонлар: Иброҳим Олма («Тишрин»), Тоҳа Муса («Ал Фотува»), Аҳмад Мадания («Жабле»), Максим Сарраф (ЦСКА);

Ҳимоячилар: Айҳам Уссу («Ҳэкен» Швеция), Моаяд Ажан («Ал Жаиш»), Омар Мидани («Ан Наср», Қувайт), Амро Жениат («Ал Карама»), Таер Крума («Ал Фотува»), Ҳолид Курдагли («Ал Виҳдат»), Муаяд Ал Хули («Ал Жаиш»), Абдул Роҳман Вайс («Афина Каллифея», Греция);

Яримҳимоячилар: Эзикел Ҳэм («Индепенденте Ривадавия», Аргентина), Камел Хмейше («Ал Аҳли», Қатар), Муҳаммад Ал Ҳаллаж («Ал Аҳад», Ливан), Аммар Рамазон («Дунайска Стреда», Сербия), Муҳаммад Анез («Ал Риффа», Бахрайн), Элмар Абраҳам («Скёвде АИК», Швеция), Фаҳд Юсуф («Аш Шорта», Ироқ), Жалил Элиас («Сан Лоренцо», Аргентина), Иброҳим Ҳесар («Белграно», Аргентина);

Ҳужумчилар: Омар Ҳарбин («Ал Ваҳда», БАА), Алаа Ал Дали («Нафт Миссан»), Пабло Саббаг («Алианса Лима», Перу), Антонио Ёқуб («Гефле», Швеция), Маҳмуд Ал Асвад («Ал Карама»).

Ўзаро ўйинларда тенглик

Миллий жамоамиз 2016 йилдан 2020 йилгача Сурияга қарши 5та марта майдонга тушган бўлиб, баҳсларда тенглик кузатилган: 2тадан ғалаба ва 1 дуранг.

Жамоаларнинг ўзаро сўнгги ўйинлари:

2016 йил. Ўзбекистон – Сурия – 1:0

2017 йил. Сурия – Ўзбекистон – 1:0

2018 йил. Ўзбекистон – Сурия – 1:1

2019 йил. Ўзбекистон – Сурия – 2:0

2020 йил. Ўзбекистон – Сурия – 0:1.

Жамоалар қандай ҳолатда: Ўзбекистонда мағлубиятсиз серия, Сурияда эса...

Ўзбекистон АҚШга қарши ўртоқлик ўйинидаги мағлубиятдан (0:3) кейин 7 ўйин ўтказиб, 5 ғалаба ва 2 дуранг қайд этди. Мексика (3:3) ва Эрон (2:2) билан дуранг қайд этилган бўлса, қолган баҳслар Катанец шогирдларининг устунлиги билан тугаган.

Сурия эса сўнгги 5та ўйинида фақат Шимолий Кореяни мағлуб эта олди, Япония ва Кувайтга ютқазиб, Малайзия ва Қирғизистон билан дуранг қайд этди.

Ўзбекистон миллий жамоасининг сўнгги 5 ўйини:

16 октябр. Хитой – Ўзбекистон – 1:2

16 ноябр. Туркманистон – Ўзбекистон – 1:3

21 ноябр. Ўзбекистон – Эрон – 2:2

25 декабр. Ўзбекистон – Қирғизистон – 4:1

7 январ. Ўзбекистон – Фаластин 1:0

Сурия миллий жамоасининг сўнгги 5 ўйини:

17 октябр. Сурия – Кувайт – 1:2

16 ноябр. Сурия – Шимолий Корея – 1:0

21 ноябр. Сурия – Япония – 0:5

5 январ. Сурия – Қирғизистон – 1:1

8 январ. Сурия – Малайзия – 2:2.

Трансфер баҳоси: Ўзбекистон таркиби Суриядан қимматроқ

Transfermarkt порталига кўра, Ўзбекистон миллий жамоасининг умумий баҳоси 25,5 млн еврони ташкил этмоқда. Бунгача Элдор Шомуродов таркибда бўлганида бу нарх 30 млн евродан кам эмасди. Шунга қарамай, Сречко Катанец қўл остидаги жамоанинг трансфер баҳоси Суриядан юқори. Рақибларимизнинг бу борадаги нархи 16,5 млн еврони ташкил этмоқда.

Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо ўйинчиси Аббосбек Файзуллаев (4 млн евро) бўлса, рақиблар сафида «Ал-Ваҳда» форварди Омар Харбиннинг баҳоси бироз қимматроқ – 4,5 миллион евро.

Ўзбекистон миллий жамоасининг энг қимматбаҳо 5 ўйинчиси:

1. Аббосбек Файзуллаев, яримҳимоячи – 4 млн евро

2. Отабек Шукуров, яримҳимоячи – 2,5 млн евро

3. Жалолиддин Машарипов, яримҳимоячи – 1,5 млн евро

4. Абдуқодир Ҳусанов, ҳимоячи – 1,5 млн евро

5. Игор Сергеев, ҳужумчи – 1,2 млн евро.

Сурия миллий жамоасининг энг қимматбаҳо 5 ўйинчиси:

1. Омар Харбин, ҳужумчи – 4,5 млн евро

2. Жалил Элиас, ҳимоячи – 3 млн евро

3. Айҳам Уссу, яримҳимоячи – 2 млн евро

4. Пабло Саббах, ҳужумчи – 1 млн евро

5. Эзикел Хам, ҳимоячи – 700 минг евро.

Сурия ҳақида маълумот ва фактлар:

Сурия Футбол Ассоциацияси 1936 йилда ташкил этилган. 1937 йилдан буён ФИФАга аъзо. 1970 йилдан эса ОФКга аъзо.

Бош мураббий – Эктор Купер.

Сардор – Иброҳим Алма.

Лақаби – «Касиюн бургутлари». Уй стадиони – «Аббасийин Стэдиум» (Дамашқ) – 30000 ўрин.

Либоси ранглари – қизил футболка, қизил шорти, қизил гетра.

ФИФА рейтингида – 91-ўрин (2023 йил, декабрь).

ФИФА рейтингида энг юқори ўрин – 68 (2018 йил, июл). ФИФА рейтингида энг қуйи ўрин – 152 (2014 йил, сентябр).

Дастлабки ўйин: Ливан – Сурия – 1:2 (1942 йил).

Энг йирик ғалаба: Сурия – Уммон – 13:0 (1965 йил).

Энг йирик мағлубият: Греция – Сурия – 8:0 (1949 йил), Миср – Сурия – 8:0 (1951).

Эришган ютуқлари: Араб Кубоги финалчиси – 1963, 1966, 1988. Ўртаер денгизи ўйинлари ғолиби-1987.

Энг кўп ўйин ўтказган: Моҳир Ас-Саид (109 ўйин).

Энг кўп гол урган: Фирас Ал-Хатиб (36 гол).

Анонс. Осиё кубоги-2023. 1-тур

В гуруҳи. 13 январ (шанба)

Ўзбекистон – Сурия

Стадион: «Жассим бин Ҳамад», Доҳа.

Ўйин бошланиш вақти: 22:30

ТВ-трансляция: Спорт.

Усмон Ибодов 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар