09.01.2024 18:58
8389
Рауф Инилеевни қитъада йил мураббийига айлантирган турнир. ОФК президенти Осиё кубоги-2007дан кейин Ўзбекистондан нега узр сўраганди?

Осиё кубоги-2004 чоракфиналида Баҳрайнга пеналтилар сериясида мағлуб бўлган Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2006 саралаш босқич ўтиш ўйинида яна Баҳрайнга рўбарў келиб, қитъалараро плей-оффга аламли тарзда чиқа олмаганди. 2006 йилда эса Валерий Непомняший Ўзбекистон билан Осиё кубогига йўлланма олса-да, истеъфога чиққач, миллий жамоамиз турнирга Рауф Инилеев мураббийлигида борганди. У ерда ҳам жамоамизни можароли ҳакамлик кутаётганди.

Непомняший қўл остида ўтган саралаш ва Қатардан кейинги ўрин

Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2006 саралаш босқич ўтиш ўйинида Баҳрайнга қарши дастлабки баҳсда 1:0 ҳисобида устун келган бўлса-да, япониялик ҳакамнинг қоидани қўпол равишда бузиб, араб жамоаси дарвозасига белгиланган пеналтини бекор қилишидан кейин ЎФФ ФИФАга мурожаат қилади. ФИФА натижани бекор қилиб, ўйин қайтадан ўтказилгач, Боб Хоугтон мураббийлигидаги жамоамиз Тошкентда 1:1, сафарда эса 0:0 ҳисобини қайд этди. Шу тариқа, Баҳрайн сафардаги гол эвазига қитъалараро плей-оффга йўлланмани қўлга киритади, жамоамиз эса ЖЧ-2006дан батамом умидни узганди.

2006 йил бошида эса Валерий Непомняший миллий жамоа бош мураббийи этиб тайинланди. Россиялик мутахассис қўл остида Осиё кубоги-2007 саралашида Қатар, Ҳонгконг ва Бангладеш билан бир гуруҳдан жой олган вакилларимиз Қатарга мағлуб бўлган, Ҳонгконг билан икки марта ҳам дуранг қайд этган ҳолда 2-ўрин билан турнирнинг финал босқичига йўлланмага эга чиқади. Аммо Непомняший истеъфога чиқиб, «Пахтакор» ва миллий жамоани тарк этганини эълон қилганди.

Инилеевнинг тайинланиши ва Осиё кубоги-2007даги иштирок

Осиё кубоги бошланишига ярим йил қолганида ЎФФ президенти Мираброр Усмонов таклифи билан Рауф Инилеев бош мураббий этиб тайинланганди. Чунки икки ой олдин Рауф Талгатович қўл остида Ўзбекистон олимпия жамоасининг Қатардаги Осиё Ўйинларида чоракфиналгача етиб бориши муваффақиятли натижа сифатида баҳоланади.

ОФК президенти ташаббуси билан Осиё кубоги-2007 бир эмас, 4 мамлакат – Индонезия, Малайзия, Таиланд ва Виетнам мезбонлигида ўтказилганди. Аслида 2008 йил ўтиши керак бўлган бу турнирнинг бир йил олдинга сурилишининг ташаббускори ҳам Муҳаммад бин Ҳаммам эди. ОФК президенти Осиёнинг энг нуфузли турнири Евро билан бир йилда ўтаётгани сабабли, мусобақанинг кўҳна қитъа биринчилиги соясида қолаётганини айтганди. Шу сабабли турнир тоқ йилларга кўчирилганди.

Ўзбекистоннинг Осиё кубоги-2007 учун «заявкаси»:

Дарвозабонлар: 1.Павел Бугало («Қурувчи»), 12.Игнатий Нестеров («Пахтакор»), 21.Ғайрат Ҳасанов («Нефтчи»).

Ҳимоячилар: Хайрулла Каримов («Машъал»), 3.Ботир Қораев («Машъал»), 4.Азиз Ибрагимов («Слован», Словакия), 6.Анзур Исмоилов («Пахтакор»), 14.Виктор Карпенко («Қурувчи»), 17.Алексей Николаев («Оқтўба», Қозоғистон), 19.Ислом Иномов («Пахтакор»), 23.Виталий Денисов («Днепр», Украина), 28.Анвар Ғофуров («Машъал»).

Яримҳимоячилар: 7.Азиз Ҳайдаров («Локомотив»), 8.Сервер Жепаров («Пахтакор»), 13.Ҳикмат Ҳошимов («Насаф»), 18.Темур Кападзе («Пахтакор»), 20.Элдор Магдеев («Пахтакор»), 22.Иқболжон Акромов («Нефтчи»), 11.Марат Бикмаев («Рубин», Россия).

Ҳужумчилар: 9.Павел Соломин («Сатурн», Россия), 10.Улуғбек Бақоев («Тобол», Қозоғистон), 15.Александр Гейнрих («Пахтакор»), 16.Максим Шацких («Динамо Киев», Украина).

Ўзбекистон миллий жамоаси турнирда Эрон, Хитой ва мезбон Малайзия билан «C» гуруҳидан ўрин олганди. Инилеев Осиё Ўйинларида ўзини кўрсата олган Азиз Ҳайдаров, Виталий Денисов, Анзур Исмоилов сингари ёшларни Осиё кубогига ҳам олиб боргани таркибни кучайтирди. Вакилларимиз дастлабки ўйинни форсларга қарши ўтказиб, 1-бўлимдан кейин 1:0 ҳисобида устунлик қилган, аммо якунда Эрон Жалол Ҳусайни ва Жавод Козимиённинг голи эвазига камбэк қилганди. Кейинги икки турда Малайзия (5:0) ва Хитойга (3:0) қарши ажойиб ўйин намойиш этган Инилеев шогирдлари 6 очко билан Эрондан кейинги 2-ўринни эгаллаган ҳолда 1/4 финалга йўлланма олади.

Чоракфиналда эса жамоамизни Саудия Арабистони кутиб турарди. Сўнгги Осиё кубогида Ўзбекистондан мағлуб бўлиб, гуруҳда қолиб кетган аламзада рақибга қарши баҳсда ҳакамлар катта саҳнага чиқишади. Саудларга қарши ажойиб ўйин ўтказган миллий жамоамиз тезкор гол ўтказиб юборган бўлса-да, кетма-кет ҳужумлардан кейин Максим Шацкихнинг зарбаси билан ҳисоб тенглаштирилганди. Бироқ жанубий кореялик қанот ҳаками яққол голни икки метрлик фарқ билан офсайд дея инобатга олмайди. Ҳакамларнинг рақиб жамоага ён босиши ўйинчиларимизга ўз таъсирини ўтказмай қолмади ва рақиблар ҳисобдаги фарқни иккитага етказишади. 82-дақиқага келиб Павел Соломин ҳисобни қисқартиргач, Инилеев шогирдларида мувозанатни тиклаш учун яна бир қанча имкониятларга юзага келган, аммо шу куни фақат ҳакамлар эмас, омад ҳам саудлар томонида бўлганди.

Шу тариқа, бош жамоамиз чиройли ўйин намойиш этган бўлса-да, турнирдаги иштирокини яна чоракфиналда тўхтатган эди. Саудия эса яримфиналда японлардан устун келиб (3:2), ҳал қилувчи баҳсда ўша турнирга мамлакатдаги урушдан етиб борган ва мўъжиза кўрсатган Ироққа мағлуб (1:0) бўлганди.

Ўзбекистондан узр сўралди, Рауф Инилеев – Осиёнинг энг яхши мураббийи

Турнир якунлангач, Осиё футбол конфедерацияси президенти Муҳаммад бин Ҳаммам Саудия Арабистони билан ўйиндаги ҳакамлик ва қўпол хато учун Ўзбекистон ва шахсан ЎФФ президенти Мираброр Усмоновдан узр сўраган эди. Йил якунида эса миллий жамоамиз бош мураббийи Рауф Инилеев Осиёнинг 2007 йилдаги энг яхши мураббийи дея эълон қилинади. Саудия Арабистони миллий жамоаси етакчиси Ёсир Ал-Қаҳтоний эса Осиёда йил футболчиси деб топилган.

Энг ажабланарлиси, Осиё кубоги-2007 турнирига мамлакатдаги уруш ҳолати сабабли катта йўқотишлар билан зўрға етиб келган, мусобақага деярли тайёргарлик кўра олмай, сенсацион тарзда Осиё чемпионлигини қўлга киритган Ироқ миллий жамоасининг етакчиси Юнус Маҳмуд ва бош мураббийи Жорван Виейра эса ОФК томонидан эътирофсиз қолдирилганди. Аслида ўша турнирда финал тақдирини ҳал қилган, тўпурар ва мусобақанинг энг яхши ўйинчисига айланган Маҳмуднинг қитъада йил ўйинчисига айланишига ҳеч кимда шубҳа қолмаганди. Бироқ ғалати қарорлари билан танилган ОФК ўшанда саудияликлар етакчисини танлаган.

Осиё кубоги-2007. «C» гуруҳи

1-тур. 2007 йил, 11 июл

Эрон – Ўзбекистон – 2:1

Голлар: Жалол Ҳусайни (55), Жавод Козимиён (78) – Раҳмон Ризои (16, автогол).

2-тур. 2007 йил, 14 июл

Малайзия – Ўзбекистон – 0:5

Голлар: Максим Шацких (10, 89), Темур Кападзе (30), Улуғбек Бақоев (45+2, пеналти), Азиз Ибрагимов (85).

3-тур. 2007 йил, 18 июл

Ўзбекистон – Хитой – 3:0

Голлар: Максим Шацких (72), Темур Кападзе (86), Александр Гейнрих (90+4).

1/4 финал. 2007, 22 июл

Саудия Арабистони – Ўзбекистон – 2:1

Голлар: Ёсир Ал-Қаҳтони 3, Ал-Муса 75 – Павел Соломин 81.

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар