«Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри А Серия 19-туридан ўрин олган «Салернитана»га (2:1) қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Реалист бўлишимиз керак. «Интер» ажойиб мавсум ўтказмоқда. «Салернитана» устидан қозонилган ғалаба 5-ўрин билан фарқни сақлаб қолиш учун муҳим эди. 15 очколик устунлик 5та ғалабани англатади, бу муҳим.
Ҳозир биз ажойиб жисмоний ҳолатдамиз, қийин вазиятларда хотиржам ҳаракат қиляпмиз. Биринчи бўлимни яхши ўтказдик. «Салернитана» яхши ҳимояланди. Умуман олганда, 0:1 ҳисобида ютқазаётганда ҳам яхши ҳаракат қилаётгандик.
Лекин менга ёқмаган жиҳат бор. Йигитлар бу ҳақда билишади — «Фрозиноне» билан ўйиндаги каби тўп ўтказиб юбордик. Италия Кубогида эса ўйин бошланганидан 40 сония ўтиб тўп ўтказдик. Бу — ёмон сигналлар.
Ҳар сафар рақиб жарима майдончамизга келганида тўп ўтказиб юбориш хавфи бор, деган фикр бўляпти. Бу борада аввалгидек ишончли эмасмиз. Хотиржам ишлашимиз керак, шунда кутилмаганда тўп ўтказиб юбориш хавфига дуч келмаймиз.
Энди биз яхшироқ ҳужум уюштиряпмиз, аммо ёмон ҳимояланяпмиз», — деди Аллегри DAZN эфирида.
Турин клуби 46 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди ва пешқадам «Интер»дан 2 очкога ортда қолмоқда.