Фернандо Диниз Бразилия миллий жамоаси бош мураббийлигидан озод этилди, деб ёзади Globo Esporte.
Бразилия футбол конфедерацияси президенти Эдналдо Родригес шундай қарорга келди.
Диниз бошчилигида Бразилия ЖЧ-2026 саралашида 6та ўйин ўтказди: Боливия ва Перу устидан ғалаба, Венесуэла билан дуранг, шунингдек, Уругвай, Колумбия ва Аргентинадан учралган мағлубият.
«Флуминенсе»да ҳам ишлайдиган Диниз бир йил муддатга «пентакампеонлар» мураббийи этиб тайинланганди. У Карло Анчелотти 2024 йил ёзида келгунига қадар ишлаши режалаштирилганди, аммо якунда италиялик мутахассис «Реал» билан шартномасини узайтирди.
Эдналдо Бразилия бошқарувида ҳозирда «Сан-Паулу»да ишлаётган Доривал Жуниорни кўрмоқчи.
Маълумот учун, 2024 йилнинг 20 июнидан 14 июлига қадар АҚШда Америка Кубоги бўлиб ўтади. Диниз турнир бошланишига 6 ой қолганда ишдан бўшатилди.