Тарихда илк марта Самарқанд мезбонлигида ўтаётган шахматнинг блиц ва рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпионати очилиш маросими юқори савияда ўтказилди. Айниқса, қуръа ташлаш жараёнида кўҳна шаҳардаги бозор муҳити саҳналаштирилгани гулдурос қарсакларга сабаб бўлди.
«Silk Road Samarkand» туризм марказининг беш юлдузли «Minyoun» меҳмонхонасида ўтказилган турнирнинг очилиш маросимида ФИДE президенти Аркадий Дворкович, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Ёшлар Ишлари агентлиги директори, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Алишер Саъдуллаев, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.
Вилоят раҳбари шахмат бўйича миллий жамоа етакчиларининг аксарияти айнан Самарқанд шахмат мактаби тарбияланувчиси эканидан фахрланишини айтиб ўтди.
Очилиш маросимида Магнус Карлсен, Нодирбек Абдусатторов, Гукеш Доммаражу, Фабиано Карауна, Левон Аронян сингари шахмат юлдузлари, Вишванатан Ананд сингари жаҳон чемпионлари, мутахассислар иштирок этишди.
Очилиш маросимининг кулминацион воқеаси саҳнага турнирнинг умумий мукофот жамғармаси – 1 миллион доллар маблағ сандиқчада олиб чиқилгани ва қуръа жараёнининг кўҳна шаҳардаги бозор кўринишида саҳналаштирилгани бўлди. Қуръадан аввал эса шахматдаги Роналду дея таърифланадиган Магнус Карлсенга зарбоф чопон ва салла кийдирилди.
Tribuna.uz мухбири Усмон Ибодов очилиш маросимидан фотожамланма тайёрлади.