26.12.2023 03:06
4151
Теглар
Магнус Карлсен: «Қайси мамлакат шахматни ривожлантирмоқчи бўлса, Ўзбекистонни ўрнак қилиб кўрсатяпман»

Самарқандда старт олаётган шахматнинг блиц ва рапид йўналиши бўйича ФИДЕ жаҳон чемпионати олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда жаҳоннинг биринчи рақамли шахматчиси Магнус Карлсен ҳам иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Норвегиялик гроссмейстер матбуот анжуманида шахмат бўйича ривожланишни истайдиган, бу спорт турининг оммавийлигини оширишни мақсад қилган мамлакатларга Ўзбекистонни ўрнак қилиб кўрсатаётганини айтиб ўтди.

«Ўзбек шахматининг келажагини қандай баҳолайман? Қайси мамлакат шахматни ривожлантирмоқчи бўлса, Ўзбекистонни ўрнак қилиб кўрсатяпман. Ўтган йили Қозоғистонда ўтган жаҳон чемпионатидан олдин ҳам мендан қозоқ шахмати келажагини қандай кўрасиз, дея савол беришганди. Ўшанда уларга шундай жавоб бергандим: Ўзбекистонга боқинг, ўшанда сизнинг шахматдаги келажагингиз ҳам уларникидек бўлади», - дея Магнус Карлсеннинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Шунингдек, норвегиялик шахматчи россиялик таниқли гроссмейстер, 14-жаҳон чемпиони Владимир Крамникнинг танқидий чиқишларидан кейин Chess.com шахмат платформасидаги блоги ёпиб қўйилганига муносабат билдириб, сўз эркинлиги жуда муҳимлигини эслатди.

«Бу ҳолат ҳақида алоҳида гапиришни истамасдим, аммо вазиятга сукут билан эмас, жўяли фикр билан жавоб бериш керак, деб ўйлайман. Айтмоқчиманки, сўз эркинлиги – бу жуда муҳим», - дея Карлсен Крамникни фикри учун блогини ёпиб қўйилишини маъқулламади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлиб, 188 жамоа иштирок этган Олимпиада чемпионига айланганди. Натижада, илк марта ўзбекистонлик 4 шахматчи FIDE рейтингида ТОП-100таликдан жой олганди. Йил якунида эса Ўзбекистон энг яхши шахмат мамлакати деб топилган эди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар