29.11.2023 16:37
16621
Теглар
«Насаф» ва «Навбаҳор»нинг тақдири ўз қўлида, «Пахтакор» ОЧЛда мўъжизани кутади. Плей-офф учун кимда қандай имконият?

Осиё Чемпионлар лигаси 5-туридан кейин Ғарб минтақасидаги 5та гуруҳда муддатдан аввал кейинги босқичга йўлланма олган жамоалар сони 4тага етди ва улар орасида ҳозирча Ўзбекистон клублари йўқ. Сўнгги 6-тур олдидан мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган 4 клубдан 3тасида 1/8 финалга йўлланма олиш имконияти бор. «Насаф», «Пахтакор» ва «Навбаҳор» орасидан қайси бири плей-оффга чиқиш учун яхши имкониятга эга эканини сарҳисоб қилдик.

Жорий мавсумдан Осиё Чемпионлар лигасида 40та жамоа иштирок этмоқда. Шарқ ва Ғарб минтақасидаги жами 10та гуруҳдан 1/8 финалга 16та жамоа йўлланма олади. Ҳар икки минтақадан 8тадан жамоа. Ғарбий минтақадан ҳозирга келиб «Ал-Айн», «Ал-Иттиҳод», «Ал-Ҳилол» ва «Ан-Наср» расман кейинги босқичга йўл олган. Қолган 4 йўлланма соҳиби 6-турдан кейин маълум бўлади. Ҳозирга келиб Ўзбекистондан фақатгина ОКМК плей-офф йўлланмасидан умидини узиб бўлган.

«А» гуруҳи: «Ал-Айн» плей-оффда, «Пахтакор»нинг тақдири ўз қўлида эмас

«А» гуруҳида «Ал-Айн» клуби кетма-кет 4 ғалабага эришиб, ОЧЛ Ғарб минтақасидан кейинги босқичга йўлланма олган дастлабки жамоага айланган эди. Бу минтақанинг 5та гуруҳ пешқадамидан ташқари, 2-ўринни эгаллаган 5 жамоадан энг яхши кўрсаткичга эга 3таси 1/8 финал йўлланмасига эга чиқади. «Пахтакор» БААда «Ал-Айн» устидан ғалабага (1:3) эришгач, 7 очко билан 2-ўринда бормоқда. Тошкент клубида нимчоракфиналга чиқиш учун имконият сақланиб турибди, аммо барчаси ўз қўлида эмас. Шацких шогирдлари 2-ўриндаги клублар орасида энг ёмон натижа қайд этган. Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони 5 декабрда Тошкентда «Ал-Файҳа»ни мағлуб этиб, энг камида яна икки рақобатчисининг очко йўқотишини кутишга мажбур. Ўшанда ҳам сўнгги йўлланмага эга чиқишга умид қилади. Сабаби, ОКМКга 9та гол киритган «Сипоҳон» тўплар нисбатидаги +9 натижаси билан 2-ўриндаги энг яхши жамоа бўлиб турибди, «Навбаҳор» ҳам +4 кўрсаткичи билан бу борада 2-натижа эгаси ҳисобланади. Форс клуби сўнгги турда «Ал-Иттиҳод»га мағлуб бўлган тақдирда ва «Навбаҳор» Ҳиндистонда ютқазса ҳам «Пахтакор» тўплар нисбатидаги фарқни тенглаштириши қийин масала. Шунингдек, «Насаф» ўрин олган «В» гуруҳида 2-ўрин соҳиби 10 очко тўпламаслиги, «Е» гуруҳида эса «Персеполис» «Ад-Дуҳайл»ни мағлуб этмаслиги керак. Шундай экан, «шерлар» сўнгги турда аввало ғалабага эришиб, сўнг мўъжизани кутишига тўғри келади.

А гуруҳидаги вазият:

А гуруҳи. 6-тур

5 декабр (сешанба)

Пахтакор – Ал-Файҳа (С.Арабистони)

Ахал (Туркманистон) – Ал-Айн (БАА)

«В» гуруҳи: «Насаф» пешқадам, аммо 1/8 финал йўлланмаси ҳал бўлгани йўқ

«В» гуруҳида «Насаф» 10 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса-да, фақат Қарши клуби минтақада 1-ўриндаги жамоалар орасида плей-офф йўлланмасини ҳали нақд қилмаган. Рўзиқул Бердиев шогирдлари сўнгги турда «Ас-Садд»га қарши ғалабага эришса 1-ўринни кафолатлайди, дуранг қайд этган тақдирда ҳам, «Шаржа» Иорданияда 4та гол фарқи билан йирик ғалабага эришмаса, қаршиликлар пешқадам сифатида плей-оффга чиқади. Мағлубиятга учраган тақдирда «Шаржа»нинг очко йўқотиши ва қолган гуруҳлардаги вазиятга қарашга мажбур бўлади. Бу ҳолда «Пахтакор»га ҳам ғалаба ёрдам бермаслиги мумкин.

B гуруҳидаги вазият:

В гуруҳи. 6-тур

4 декабр (душанба)

Ас-Садд (Қатар) – Насаф

Ал-Файсали (Иордания) – Шаржа (БАА)

«D» гуруҳи: «Навбаҳор»да яхши имконият

Наманган клуби «Ал-Ҳилол»га учралган мағлубиятга қарамай, 2-ўриндаги 5 жамоа орасида энг яхши натижага эга 2-клуб бўлиб турибди. 10 очкога эга Самвел Бабаян шогирдлари Ҳиндистонда «Мумбай Сити»ни мағлуб этса, 1/8 финалдаги ўрнини нақд қилади. Дуранг натижа ҳам жамоани плей-оффга олиб чиқиши имконияти катта. «Лочинлар» сенсацион тарзда мағлубиятга учраган тақдирда бошқа ўйинлардаги натижаларни кузатишига тўғри келади.

D гуруҳи. 6-тур

4 декабр (душанба)

Мумбай Сити (Ҳиндистон) – Навбаҳор

Ал-Ҳилол (С.Арабистони) – Нассажи Мозандарон (Эрон).

ОЧЛ. 5-турдан кейин 2-ўриндаги жамоалар рейтинги:

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар