«Пахтакор» бош мураббийи Максим Шацких ОЧЛ 5-туридан ўрин олган «Ал Айн»га (3:1) қарши ўйиндан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Жамоаларнинг яхши ўйинига гувоҳ бўлдик. Мухлисларга ёқадиган ҳужумкор баҳс бўлди, деб ўйлайман. Беллашувни назорат қилдик. Ғалаба қозонишимиз зарур эди ва бунга эришдик.
Йигитларнинг ўйинидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилдим. «Ал Айн» таркибида ўзгаришлар бўлишини билгандик. Улар икки кун аввал чемпионатда муҳим баҳсда майдонга тушишганди. Иккинчи бўлимда суръатни оширдик ва 3та гол билан ғалаба қозондик».
Дублга эришиб, жамоаси ғалабасига катта ҳисса қўшган Ҳожимат Эркинов ҳам фикрларини билдирди.
«Имкониятни сақлаб қолиш учун ютишимиз керак эди. Дастлаб тўп ўтказиб юборган бўлсак-да, кейин ўйинга қайта олдик. Кўплаб ҳужумлар уюштириб, 3та гол урдик. Ишқибозларни хурсанд қилдик. Имконият бор ва ундан фойдаланишга уринамиз», — дейди яримҳимоячи.
Ўзбекистон чемпиони гуруҳида 7 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди ва сўнгги турда 5 декабр куни «Ал Файҳа»ни (6) қабул қилади. «Шерлар» ғалаба қозониб, бошқа гуруҳлардаги 2-ўринларнинг натижаларини кутишига тўғри келади. Чунки 5та гуруҳдан фақат 3та 2-ўрин соҳиблари 1/8 финалга чиқади.