Италиянинг Монтесилвано шаҳрида ўтган шахмат бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик шахматчи, 14 ёшли Афруза Ҳамдамова ғолиб бўлиб, жаҳон чемпиони бўлди. Бугун Тошкент Халқаро аэропортида Афруза тантанали тарзда кутиб олинди.
12−25-ноябр кунлари Италиянинг Монтесилвано шаҳрида шахмат бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик 3 нафар шахматчи ҳам қатнашиб, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди. Эътиборлиси, чемпионатнинг 14 ёшгача бўлган ёш тоифасида Афруза Ҳамдамова муддатидан олдин жаҳон чемпиони бўлди ва Афруза Ўзбекистон тарихида қизлар ўртасидаги илк жаҳон чемпионига айланди.
Тошкент халқаро аэропортида шахмат бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатида иштирок этган шахматчиларни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева 26-ноябр тонгида Ўзбекистонга қайтиб келган Афрузани шахсан кутиб олди. Саида Мирзиёева қизнинг бош мураббийи — отаси Акбар Ҳакимовга алоҳида миннатдорлик билдирди.
“Ўз ғалабалари билан барча ташаббусларимиз, биз курашаётган мақсадларимиз тўғри эканини тасдиқлаган Афрузадан жуда миннатдорман. Тенг имкониятлар, хотин-қизларга ҳурмат ва улар иқтидорининг эътирофи шулар жумласидан. Қизалоқнинг бош мураббийи – отаси Акбар ака Ҳакимовга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Қизингизнинг истеъдодини ривожлантиришга куч ва вақтингизни аямаганингиз учун ташаккур”, деб ёзади Саида Мирзиёева ўз телеграм саҳифасида.
Фото: Telegram/Саида Мирзиёева
Афруза Ўзбекистон тарихида қизлар ўртасидаги илк жаҳон чемпионига айланди. Эътиборлиси, Афруза Ҳамдамова Шенген визасини расмийлаштириш кечиккани учун биринчи раундни ўтказиб юборди, аммо техник мағлубиятга қарамай, 9 та ғалабага эришди.
“Мен ушбу ғалабамни халқимга, президентимга бағишлайман. Рақибларимнинг барчаси яхши шахматчилар эди. Уларга қарши бир неча йилдан буён ўйнаб келганим сабабли, қандай юришларни амалга оширишини ёддан билардим. Асосий ўйинларда қора рангларда ўйнаш қийинчилик туғдирди. Агар улар хато қилсагина менинг ғалаба қозониш имкониятим ошарди. Хато қилмаса, ўйин дуранг билан якунланарди. Рақибларимнинг асосий камчилиги охирида эндшпилда яхши ўйнай олмаслиги бўлди. Шу сабабли қайси рангда бўлишимдан қатъи назар эндшпилда ғалаба қозондим. Энг катта мақсадим — Ўзбекистон байроғини баланд кўтариш, аёллар ўртасида энг ёш гроссмейстерга айланиш”, дейди шахмат бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамова.
Афруза Ҳамдамова, шахмат бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Фото: Kun.uz
14 ёшгача бўлган ёш тоифасида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган 10-турда Самарқанд шахмат мактаби тарбияланувчиси Афруза Ҳамдамова Анна Шукманга қарши баҳс олиб бориб, муҳим ғалабага эришди. Шу тариқа, ўзбекистонлик ёш шахматчи муддатдан аввал жаҳон чемпионига айланди. У очколар бўйича унга етиб олиши мумкин бўлган ягона таъқибчиси — қозоғистонлик шахматчини ўзаро ўйинда мағлуб этган. Турнир регламентига кўра, очколар тенг келиб қолса, ўзаро ўйинга қаралади.
“Она сифатида жудаям хурсандман. Фарзандининг ютуғини кўриш, ҳар қандай онанинг орзуси. Мусобақага кетишдан олдин виза билан боғлиқ муаммолар бўлди. Шу сабабли 1 та турни ўтказиб юборди. Шунда ҳам бораверасанми, ютишингга кўзинг етадими, деган саволга ўйланиб қолди-да, ютишимга 80 фоиз ишончим комил деб жавоб берди. Қизим чемпионлиги билан Ўзбекистон тарихига кирди. Дадаси қўнғироқ қилиб, хабарни етказганида, жудаям хурсанд бўлдим.Оилавий муҳит - энг асосий сабаб. Чунки дадаси ҳам, амакилари ҳам шахмат билан шуғулланиб келган. Дадаси мураббий сифатида жуда қаттиққўл. Дада сифатида қараганда, бу ютуқларга эриша олмасди деб ўйлайман”, дейди Афрузанинг онаси Шабнам Исматова.
Ёшлар пресс клубида Афруза Ҳамдамовага 100 миллион сўм, мураббийига эса 50 миллион сўм пул мукофотлари топширилди.
Эслатиб ўтамиз, мамлакат ўсмирлар ўртасидаги шахмат тарихида Нодирбек Абдусатторов (8 ёшгача тоифа) ва Шамсиддин Воҳидов (14 ёшгача) жаҳон чемпионатларида классик назоратда ғолибликни қўлга киритган. Ўзбекистонлик қизлар ўртасидаги бундай чемпионатларда ҳалигача олтин медал олинмаганди. Шу тариқа Афруза Ҳамдамова Ўзбекистон тарихида шахмат бўйича биринчи аёл жаҳон чемпиони бўлди. Шу пайтга қадар Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Баҳора Абдусатторова ўз ёш тоифаларида кумуш медални қўлга киритган эди.