ОЧЛ 5-тури доирасидаги ОКМК - «Ал-Иттиҳод» ўйини олдидан Жидда клуби бош мураббийи Марсело Галярдо ва Фабиньо ўйин олди матбуот анжуманида иштирок этишди.
«Эртанги ўйин учун керакли тайёргарликлар кўрилган. Бу биз учун муҳим баҳс. Майдонда боримизни беришга ҳаракат қиламиз. Иш бошлаганимга кўп бўлмади. Шунга қарамай, жамоа билан тактик ва жисмоний жиҳатдан ўз стратегияларимизни аниқлаб олганмиз. Футболчиларнинг барчаси юқори даражада», - деди Саудия чемпиони бош мураббийига айланган Галярдо.
«Мураббийимиз таъкидлаганидек, эртага бор кучимизни ишлатамиз. Чунки бу баҳсда қайд эттиладиган натижа кейинги босқич йўлланмасига таъсир қилади. Барчага маълумки, дунёдаги энг кучли рақобат Европа чемпионлар лигасида. Аммо ОЧЛ ҳақида ҳам ёмон фикр билдирмаган бўлардим. Осиёга трансфер бўлишим менга янги имкониятлар эшигини очди. Бу ерда урф-одат ва қадриятлар мен учун янгилик ҳисобланади», - дея Фабиньонинг сўзларини келтирган ПФЛ матбуот хизмати.
Маълумот учун, ОКМК - «Ал-Иттиҳод» баҳси 27 ноябр куни Олмалиқда соат 21:00да бошланади.
Саудия клуби 9 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, Олмалиқ клуби очкосиз сўнгги ўриндан жой олган. «Сипоҳон» ва «Эйр Форс» ҳисобида 7 очкодан мавжуд.