«Пахтакор» 16-бор Ўзбекистон чемпионига айлангандан кейин бош мураббий Максим Шацких ўз фикрларини билдирди.
«Ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Биринчи бўлимда гол уролмадик, аммо иккинчи бўлимда ўз мақсадимизга эришдик. Рақиб ҳисобни қисқартира олди. Энг муҳими, чемпионликка эришдик.
Мавсумни бир текисда ўтказа олмадик, шу сабабли қийинчиликларга дуч келдик. Кўп очко йўқотдик ва кўп тўп ўтказиб юбордик. Рақибларга кўп бор гол уришга имкон берганимиз мени хавотирга солади. Чемпионликка осонлик билан эришиб бўлмайди. Ўтган мавсум сўнгги турда, бу мавсумда бир тур аввал чемпионликни нишонладик.
Янги футболчиларни жамоага жалб этамиз. Бу борада режа тузганмиз ва уни амалга оширишга интиламиз. Кейинги мавсум жамоа бутунлай ўзгаради. Янада кучлироқ ва агрессивроқ жамоани кўрасизлар. Кўп такрорлаганман, қишки трансферлар ойнасида яхши футболчиларни харид қилиш қийин. Сабаби, кўп чемпионатлар куз-баҳор тизими бўйича мавсум ўтказади, сифатли футболчилар эса ўз жамоаларида ўйнаётган бўлишади. Йил ярмида яхши номзодларни топиш бироз қийинчилик туғдиради.
Суарес ва Кавани билан музокара олиб бордик. Лекин бир нарсани тушунинглар, кўпгина яхши футболчиларнинг Ўзбекистонга келиши — қийин масала. Юлдуз футболчини олиб келиш муаммо эмас, аммо уни таъминлаш керак. Топ футболчининг ёнида унинг даражасига тенг жамоадошлари бўлиши керак. Масалан, Месси жамоадошларисиз ҳам бемалол ўйнай олади. Қолганлар эса ундай эмас. «Пахтакор» топ футболчини Ўзбекистонга бемалол олиб кела олади, аммо бунга тўсқинлик қиладиган бир нечта муаммолар бор. Юлдуз футболчи топ даражадаги шароит бўлишини истайди.
Бизда режалар улкан, сиз уларнинг қандай эканлигини тассавур қила олмайсиз. Мақсадларимизни олдиндан айтиб қўймайман. Ўзингиз кейинчалик билиб оласиз. Юртимизда бундай режаларни тез амалга оширишнинг иложи йўқ. Бунга бироз вақт керак.
«Пахтакор» чемпионатда ҳеч кимдан кучсиз эмас. Биз энг кучли жамоамиз, бизни ҳеч бир рақиб ўйин тарафлама мағлуб эта олмайди. Биз фақат ўзимизга ўзимиз мағлуб бўлишимиз мумкин. Ўзингиз биласиз, «Пахтакор»га қарши ҳар бир жамоа қўшимча иштиёқ билан ўйнайди», — дейди Шацких.