25.11.2023 14:12
1545
АПЛда пешқадамлар жанги, «Барса»да қийин сафар. Ҳафта ўйинлари анонси

Мухлисларни бу ҳафта кўплаб қизиқ учрашувлар кутмоқда.

Ниҳоят миллий жамоалар баҳоргача танаффусга чиқишди ва биз қарийб беш ой мобайнида, деярли танаффуссиз клублар ўртасидаги ажойиб баҳслар гувоҳи бўламиз. Бошланишидан даҳшат, биратўла икки чемпионатда жадвални бошқариб турган жамоалар ўзаро куч синашади. Яна бошқа қизиқарли баҳслар шунчалик кўпки, бу сафар алоҳида бештасини ажратиб олиш анча қийинчилик туғдирди. Шубҳасиз, қуйидаги ўйинлардан ташқари, «Жирона»нинг навбатдаги имтиҳони, «Тоттенҳэм» ва «Астон Вилла» ўртасидаги «сунъий офсайдлар дербиси» ҳам катта қизиқиш уйғотади.

«МАНЧЕСТЕР СИТИ» – «ЛИВЕРПУЛ» (25 ноябр, 17:30)

Бемалол айтиш мумкинки, сўнгги йилларда ушбу тўқнашув инглиз футболи классикаси айланиб бормоқда. Тўғри, масалан, «Арсенал» ҳам ўтган мавсумда «шаҳарликлар»га муносиб рақобат кўрсата олди, аммо ўзаро ўйинларни олганимизда, айнан «Ливерпул» «Манчестер Сити»га ҳар томонлама муносиб бўла олмоқда. Ҳатто Пеп Гвардиола ҳам ўз мураббийлик фаолиятида энг қийин учрашувлар айнан Юрген Клопп жамоаси билан кечганини кўп бор такрорлайди.

Бу сафар ўртага турнир жадвалидаги позиция ҳам тикилган, ушбу учрашув ғолиби турни пешқадам сифатида якунлайди. Дуранг эса «Арсенал» 1-ўринга чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Клублар футболига бўлган икки ҳафталик соғинч мана шундай катта ўйин билан бошланиши ажойиб. Шунингдек, ўйинни нафақат икки буюк мураббий, икки буюк голеадор ўртасидаги дуэл сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Эрлинг Ҳоланд қаторасига иккинчи мавсум тўпурарлар баҳсида етакчилик қилмоқда, Салоҳ эса, жорий мавсумда АПЛда энг кўп хавфли вазият яратган футболчи бўлиб турибди. Муҳими, Ҳоландга жамоадошлари яна қулай вазиятлар яратиб бериши, Салоҳнинг шериклари эса, уни қувватлаб, яратилган вазиятлардан унумли фойдаланиши керак бўлади. Айниқса, Нунез.

Таркиблар борасида ноаниқликлар кўп, агар сўнгги турларни эсласак, ҳатто Ҳоландда ҳам кичик жароҳат бўлиб, миллий жамоалар ўйинларида иштирок этмади. Аммо сўнгги хабарларга кўра, норвегиялик футболчи ўйинга тайёр бўлиши керак. Кевин де Брюйне, Ковачич каби футболчилар сафга қайтишига бироз вақт бор, Аке, Нунеш ва Стоунз эса майдонга тушиши сўроқ остида. Меҳмонлар сафида Робертсон, Жонс, Гомес, Байжетич, Алкантара каби футболчилар шерикларига ёрдам бера олмайди. Табиийки, ўйин миллий жамоалар йиғинларидан сўнг ўтаётгани боис, бир қатор сюрпризлар бўлиши ҳам мумкин, яъни базага ким қандай спорт формасида қайтганини тўлиқ билмаймиз.

Ўтган мавсумдаги биринчи давра учрашуви «Энфилд»да мезбонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаган. Баҳордаги учрашувда эса «Сити» кутилмаганда анча осонлик билан уч очко эгасига айланганди – 4:1. Лига кубоги ёки Чемпионлар Лигаси каби мусобақаларда «Ливерпул» «Этиҳад»да ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан бўлса-да, айнан АПЛ доирасида сафардаги охирги ғалаба саккиз йил олдин, 21 ноябрда (4:1) содир бўлганди. Эсингизда бўлса, бу Юрген Клоппнинг «Ливерпул» бош мураббийи сифатида «Сити»га қарши илк ўйини эди.  

«РАЙО ВАЛЕКАНО» – «БАРСЕЛОНА» (25 ноябр, 18:00)

25 ноябр куни «Барселона» Испания чемпионатининг 14-тури доирасида «Райо Валекано» меҳмони бўлади. Каталонияликлар ва мадридликлар ўйини «Кампо де Валекас» стадионида ўтказилади.

«Асалилар» учун ноябр синов ойи бўлмоқда: «Реал», «Жирона» ва «Барселона». Франсиско шогирдлари биринчи синовдан яхши ўтган ва «Сантияго Бернабеу»да очко олганди (0:0). Чемпионат пешқадами дарвозасига эса 5-дақиқадаёқ гол урилганди, аммо устунликни сақлаб қолишнинг имкони бўлмаганди: 42-дақиқада Артём Довбик мувозанатни тиклаган, Савионинг 65-дақиқадаги аниқ зарбаси жироналикларга ғалаба келтирганди.

Энди «Райо»ни амалдаги чемпионга қарши ўйнайди, аммо бу ўйиндан олдин кўпроқ кўк-анорранглилар хавотирда. Каталонияликларни осон бўлмаган сафар ўйини кутмоқда — улар ла лига доирасида «Кампо де Валекас»да сўнгги бор беш йил муқаддам, клубда ҳали Луис Суарес борлигида ғалаба қозонганди. Айнан уругвайлик ҳужумчининг дубли «Барса»га уч очко келтирган, форвард ҳал қилувчи голни 90-дақиқада урганди (2:3). Асосий вақт тугашига уч дақиқа қолаётганида ҳам меҳмонлар ортда қолаётган, 87-дақиқада Усмон Дембеле ҳисобни тенглаштирганди.

Кейинги икки мавсумни «асаларилар» сегундада ўтказишди, ла лигага қайтгач эса «блаугранлар»ни уйда икки марта мағлуб этишди (1:0 ва 2:1). Бундан ташқари, сафарда ҳам ютқазмади — «Камп Ноу»да бир ғалаба (1:0) ва бир дурангга (0:0) эришган.

Буларнинг барига қўшимча равишда танаффус чоғида Хави асосий таркибнинг яна икки футболчисидан айрилди: Гави тиззасидан оғир жароҳат олди ва мавсум охиригача сафдан чиқди, Марк-Андре тер Штеген белидаги оғриқ туфайли Германия миллий жамоаси қароргоҳини эрта тарк этган ва ҳамон машғулотларга қайтмаган. Яхши хабарлар ҳам бор: Френки де Йонг шуғулланишни бошлаган, у жароҳат туфайли икки ярим ойдан бери майдонга тушмаётганди. Нидерландиялик яримҳимоячи «Райо»га қарши ўйнаши мумкин, аммо илк дақиқадан майдонда пайдо бўлиши даргумон.

«НЮКАСЛ» – «ЧЕЛСИ» (25 ноябр, 20:00)

Ҳар икки жамоа ҳам аслида турнир жадвалида кутилганидан пастроқ ўринда бораётган бўлса-да, ўйиннинг томошабоплиги, айниқса, катта учрашувлардаги натижалар бўйича эътиборга арзийди. «Нюкасл» яқинда «Арсенал» устидан ғалабага эришди, «Челси» эса «Сити» билан мавсумнинг энг зўр учрашувларидан (4:4) бирини ўтказди. Табиийки, юқори ўринлар учун даъвогар бу икки клуб «Сент Жеймс Парк»да ажойиб томоша қўйиб беради.

Жамоалардаги яна бир ўхшашлик, прессингни қадрият даражасига чиқарган мураббийлар. Эдди Ҳаунинг энг асосий қуроли ҳам, жамоага натижа олиб келаётган энг муҳим жиҳати ҳам – прессинг. Почеттино эса, биз уни таниганимиздан буён мана шу йўналишда иш олиб боради. «Челси» ҳам мустасно эмас.

Аммо ҳар икки томондаги жароҳатлар тўлиқ куч билан ўйнашга халақит бериши мумкин. Айниқса, «Нюкасл» ҳозирда бу борада энг кўп азият чекаётган клубдир. Таркибда ўнга яқин футболчи лазаретда ва бемалол айтиш мумкинки, уларнинг аксарияти асосий таркибнинг доимий аъзоси эди. Асосий ҳужумчилар Уилсон ва Исаак, ҳимоя етакчилари Ботман ва Берн, яна Барнс ва Мёрфисиз «қарғалар»нинг ҳақиқий кучини кўриш қийин. Мигел Алмироннинг жароҳати ҳақида хабарлар чиқмаган бўлса-да, сўнгги турда у ҳам биринчи бўлимда мажбуран алмаштирилганди. Меҳмонлар сафида ҳам йўқотишлар кам эмас, фарқи, аксарият жароҳатлар мавсум бошида рўй берганди ва Почеттино мавжуд футболчилардан ўйин қуриб, ўстиришга ҳам эришиб бўлди. Сўнгги ўйинларда ўзини кўрсатаётган Палмер, Стерлинг, Галлаҳер ва Жексон каби футболчилар учрашувга тайёр.

Ўзаро ўйинларда «Челси»да устунлик бор, аммо ўтган мавсумда «Нюкасл» кучлилик қилди. «Қарғалар» ўз майдонида 1:0 ҳисобида устун келган бўлса, Лондондаги учрашувда кучлар тенг келганди – 1:1. Жамоалар ёзда ҳам ўртоқлик ўйинида куч синашишди ва бу сафар ҳам шундай ҳисобдаги дуранг такрорланди. Жорий мавсумда «Нюкасл» ўз майдонидаги 6 учрашувдан 5 тасини ўз фойдасига ҳал қилди. Фақатгина «Ливерпул» билан ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ғалабани бой берганди. Ўз навбатида, «Челси» сафар ўйинларини жуда яхши ўтказмоқда. Почеттино шогирдлари фақатгина бир марта, мавсумнинг илк сафар ўйинида «Вест Ҳэм»га ютқазганди, холос.

Дарвоқе, келаси ойда ҳам жамоалар айнан шу стадионда, Лига кубоги ярим финалчисини аниқлаш учун куч синашишади.

«АТАЛАНТА» – «НАПОЛИ» (25 ноябр, 22:00)

Кутилганидек, «Наполи» ниҳоят бош мураббийни алмаштирди. Ўн йиллик танаффусдан сўнг Валтер Мадзарри яна жамоани қабул қилиб олди. Албатта, ўтган мавсумдаги натижаларни такрорлаш жуда қийин, аммо ҳеч бўлмаса, чемпионлик пойгасига қўшилиб, халқаро майдондаги эътиборни сақлаб қолиш шарт. Энг қизиғи, янги мураббий айнан мана шу масалалар учун энг ҳал қилувчи паллада келди ва кейинги икки ҳафта катта синов даври бўлади.

«Наполи» А серияда кейинги уч турни «Аталанта», «Интер» ва «Ювентус»га қарши ўтказади. Бу ўйинларда ғалаба қозониб, пешқадамлар билан орадаги 8-10 очколик фарқни имкон қадар қисқартириш керак. Мана шу орада Чемпионлар Лигасида ҳам муҳим учрашувлар кутиб турибди: Мадридда «Реал» билан ва Неаполда «Брага» билан. Айниқса, Берлин жамоаси билан кутилмаган дуранг вазиятни сал қийинлаштириб қўйди ва бунинг оқибатида «Брага» билан ўйин ҳал қилувчи мақомда бўлиши ҳам мумкин.

«Аталанта» эса, албатта, икки-уч йил олдингидек барқарор эмас, лекин Гасперини ҳар қандай шароитда катта учрашувларга шогирдларини тайёрлашни билади. Жамоа «Ювентус» билан дуранг ўйнади, «Интер»га қарши ўйин минимал ҳисобда миланликлар фойдасига ҳал бўлди. «Наполи» билан ўзаро учрашувларда ҳам охирги 10 йилда мутлақ тенглик – ҳар икки томонда ҳам 12 тадан ғалаба.

Таркибларга келсак, меҳмонларнинг йўқотишлари жиддийроқ. Осимҳен ҳали тўлиқ тикланиб улгурмади, Зелинскида вирус пайдо бўлгани ҳақида хабарлар чиқди. Шунингдек, Мариу Руй ва Линдстрем келаси ой ўрталаридагина майдонга тушиши мумкин. Бергамоликлар жамоасида эса, Мартин де Роннинг ўрни ҳаммадан кўпроқ билинса керак. У сариқ карточкалари кўпайиб кетгани туфайли дисквалификацияга учраган. Шунингдек, Де Кателаре ва Руджерида жароҳат бор.

«РЕАЛ СОСИЕДАД» – «СЕВИЛЯ» (26 ноябр, 20:15)

Мавсум бошидан «Байер», «Тоттенҳэм» ва «Жирона» каби жамоалар кўрсатаётган ўйинлар ҳақида кўп айтилди, аммо биласизми, бироз сояда қолаётган яна бир жамоа бор – «Реал Сосиедад». Баскларнинг ла лига турнир жадвалида бироз пастроқда бораётгани бироз чалғитар, аммо агар Чемпионлар лигасини ҳам кузатаётган бўлсангиз, сосиедадликларнинг айнан ҳужумкорлик борасида рақибларидан устунлик қилаётганини кўрасиз.

Аслида Испанияда ҳам ишлар у қадар ёмон эмас. Жамоа фақат уч марта

мағлубиятга учради. «Атлетико», «Реал» ва «Барселона»дан. Ва бу ўйинларнинг барчасида «Сосиедад» камида очко олишга ҳақли ўйин намойиш қила олганди. «Атлетико» ғалаба голини фақат сўнгги дақиқада пеналтидан урди. «Реал» ўз анъанасига кўра иродали ғалабага эришди. «Барселона» билан учрашувда эса, бутун ўйин давомида «Сосиедад» устунлик қилган, фақат сўнгги дақиқалардаги гол каталонияликларга уч очко олиб келганди. «Сосиедад» ЕЧЛ плей-офф масаласини муддатидан олдин ҳал қилди, Испанияда ҳам тўртликка энг муносиб номзод бўлиб турибди.

Шунча гап, табиийки, жадвалнинг иккинчи ярмида юрган меҳмонларда ҳеч қандай имконият қолдирмаслик учун ёзилмади. «Севиля»ни ҳам яхши таниймиз. Қайси мураббий қўл остида, қандай вазиятда бўлишидан қатъи назар, алоҳида учрашувда жуда кучли бўла олишини ўтган мавсумдаги Европа Лигаси ҳам исботлаб берганди. Яқиндагина жамоа «Реал» билан дуранг ўйнагани ҳам яққол мисол. Умуман, «Севиля» ла лигадаги охирги беш учрашувини дуранг билан якунлади. Баъзи ўйинларда вазиятни ўз томонига оғдира олмагани, табиийки, жамоа икки фронтда кураш олиб бораётгани билан боғлиқ. Таркибда Ракитич, Навас, Рамос, Ан-Носирий, Окампос, Ламела, Сусо, Акуня каби футболчилари бор жамоани бирор рақибга қарши яққол аутсайдер деб аташга тил ҳам бормайди.

Ҳар икки жамоада ҳам жуда муҳим икки ном майдонга туша олмайди. Микел Ойарсабалсиз «Сосиедад»ни тасаввур қилиш ҳам қийин, аммо ушбу учрашувда бунинг гувоҳи бўламиз. Меҳмонлар сафида эса Неманя Гуделни ҳақиқий мотор дейиш мумкин. Сербиялик футболчи дисквалификация туфайли ушбу учрашувни ўтказиб юборади.

«ЮВЕНТУС» – «ИНТЕР» (27 ноябрга ўтар кечаси, 00:45)

Дам олиш кунларини яна бир суперматч якунлаб беради. «Ювентус» яна ўзига қайтгандек ва биз Италия футболидаги азалий тўқнашувни янги ижрочилар билан қайтадан яшаймиз. Бу ўйин ҳам худди Англиядаги марказий учрашув сингари, турни пешқадам сифатида якунлайдиган жамоани аниқлаб беради. Аслида сўнгги ҳафталар қизиқ тенденция кузатилаётганди – ўз ўйинини эртароқ ўтказаётган туринликлар пешқадам бўлиб олар, кейин «Интер» ўз ўйиини ютиб, ўрнига қайтиб олаётганди. «Ювентус» узоқ танаффусдан сўнг ниҳоят А серия турнир жадвалида ҳақиқий 1-ўринга кўтарилиб олиши мумкин. Бунинг учун мезбонлар ғалаба қозониши шарт.

Ҳар икки жамоа ҳам ажойиб формада. «Интер» ҳам, «Ювентус» ҳам чемпионатдаги сўнгги беш учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди. «Интер» бу ўйинларда атиги 2 марта гол ўтказиб юборган бўлса, «Ювентус» Сассуолодаги 2:4 ҳисобидан кейинги 7 ўйинда атиги бир марта гол ўтказган. «Интер» А серияда энг кўп гол урган бўлса (29-6), «Ювентус» энг кўп – 8 ўйинда ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олган (19-7).

Мануэл Локателлининг жароҳати мезбонларга анча қийинчилик келтириб чиқариши мумкин. Локателли «Ювентус» сафида ушбу мавсумда шубҳасиз, энг яхшилардан бўлиб турибди, айниқса, унинг прессинг ва ҳимояланишдаги ҳаракатлари айнан «Интер» каби рақибларга қарши жуда қўл келиши мумкин эди. Шунингдек, Данилонинг машғулотларга қайтгани айтилаётган бўлса-да, ушбу ўйинга тўлиқ тайёр бўлолмаса керак. «Интер» ҳимоячилар – Бастони ва Паварнинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Бундан ташқари, Хуан Куардадо ҳам собиқ жамоасига қарши майдонга тушиши сўроқ остида.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

25 ноябр. «БОРУССИЯ» Д – «Боруссия» М (19:30), «Вердер» – «БАЙЕР» (19:30), «Брентфорд» – «АРСЕНАЛ» (22:30), «МИЛАН» – «Фиорентина» (26 ноябрга ўтар кечаси, 00:45), «АТЛЕТИКО» – «Маллиорка» (26 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

26 ноябр. «ТОТТЕНҲЭМ» – «Астон Вилла» (19:00), «Эвертон» – «МЮ» (21:30), «Кадис» – «РЕАЛ» (22:30), «РОМА» – «Удинезе» (22:00)

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар