24.11.2023 23:23
4972
Теглар
«ФИФАга турнирни муваффақиятли якунлашни тилаймиз». Сенегал Францияни дисквалификация қилиш бўйича апелляциясини расман қайтариб олди

Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати нимчоракфиналида Франция U17 жамоасига аламли тарзда мағлуб бўлган Сенегал ўйиндан кейин французларни турнирдан дисквалификация қилиш бўйича ФИФАга расман мурожаат қилгани маълум қилинганди.

Сенегал 22 ноябр куни ЖЧ-2023 1/8 финалида Франция билан ўйиннинг асосий вақтида 0:0 ҳисобини қайд этиб, пеналтилар сериясида мағлубиятга учраган бўлса-да, Франциянинг ҳам чоракфиналда ўйнашига қарши чиқиб, французлар ҳужумчиси Яннис Иссуфунинг ЖЧ-2023 Африка саралаш баҳси доирасида Нигер ўсмирлар жамоаси сафида майдонга тушганини ФИФА регламентининг қўпол тарзда бузилиши дея ҳисоблашини маълум қилганди. Сабаби ФИФА қоидаларига кўра, футболчининг бир турнирда икки жамоа сафида ўйнаши қатъиян ман этилган. Шундан келиб чиқилса, ФИФА регламентига биноан Франция ўсмирлар жамоаси турнирдан дисквалификация қилиниши лозим эди.

Қизиғи, 22 ноябр куни ФИФАга йўллаган апелляциясида юқоридагиларни инобатга олган ҳолда бу турнирда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлмаган ўйинчини ўз сафига қўшиб олгани ва турнирда рўйхатдан ўтказгани учун Франциянинг ЖЧ-2023дан дисквалификация қилинишини қатъий сўраган Сенегал футбол федерацияси бир кун ўтиб, ФИФА билан маслаҳатлашувдан сўнг апелляциясини қайтаришини билдирди.

«Ушбу масала бўйича бугун сизнинг электрон почта жавобингизни олганимизни тасдиқлаймиз. Регламент бузилганидан кейин ўйинчининг (Яннис Иссуфу) расмий учрашувлардан четлатилиши ҳеч нарсани ўзгартирмайди, чунки қоидабузарлик аллақачон қайд этилган.

Францияга қарши 1/8 финал ўйини куни Франция матбуоти эътиборимизга ҳавола қилган регламент бузилиш актини ФИФАга йўллаш вазифамиз эди, бироқ ФИФА бу борада қандай қарор қабул қилишига аралаша олмаймиз. Буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, Сенегал футбол федерацияси бугун ўз апелляциясидан воз кечишга қарор қилади ва ФИФАдан буни инобатга олишни сўрайди.

Сенегал футбол федерацияси кейинги босқичга чиққан жамоалар ва ФИФАга Индонезиядаги турнирни муваффақиятли якунлашини тилайди», - дейилади Сенегал футбол федерациясининг Sport News Africa нашри эълон қилган хабарида.

Шу тариқа, Ўзбекистон ўсмирлар жамоасининг 25 ноябр куни Францияга қарши ўйнаш масаласи ўзгаришсиз қолади. Ўйин шанба куни соат 13:30да бошланади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар