21.11.2023 16:34
1764
Тошкентда мағлуб бўлмаган рақиб. Ўзбекистон Эронга қарши ўйинлар тарихини янгилай оладими?

Бугун, 21 ноябр куни Ўзбекистон миллий жамоаси жорий йилдаги энг муҳим учрашувини ўтказади. Сречко Катанец шогирдлари Тошкентда ЖЧ-2026 саралаши доирасидаги асосий рақиби Эронга қарши саф тортади. Форслар ўз тарихида Ўзбекистонда мағлуб бўлмаган ва 2023 йилдаги 10 ўйинидан 9тасида ғалабага эришган. Миллий жамоамиз бугун 34 минг томошабин қаршисида тарихни янгилаш имкониятига эга.

«Бунёдкор» стадионида аншлаг бўлиши кутилмоқда

ЖЧ-2026 ва Осиё кубоги-2027 иккинчи саралаш босқичи 2-тури доирасида Сречко Катанец бош мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий жамоасининг гуруҳ пешқадами бўлиб турган Эронга қарши ўйинига қизиқиш жуда катта.

«Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтадиган ўйин учун чиқарилган чипталар деярли сотиб бўлинган. Ўзбекистон – Эрон ўйини чипталари онлайн савдоси Iticket.uz сайти платформаси орқали йўлга қўйилган бўлиб, сўнгги ҳафта давомида 100, 50, 30, 25 ва 20 минг сўм нархларда сотувга чиқарилган эди. 20 ноябр кечки вақтга сотувда қолган чипталар сони қарийб 300тани ташкил этаётганини кўриш мумкин эди, бугун чипталар деярли сотиб бўлингани хабар қилинган. Шундай экан, 34 минг томошабин сиғимига эга стадион бугунги ўйинда мухлислар билан тўлиб, аншлаг бўлишини кутиш мумкин.

Вакилларимиз ўтган ҳафтада Туркманистонда камбэкли ғалаба билан қайтишди ва ўйин олдидан Сречко Катанец Эронни қандай мағлуб этиш мумкинлигини билишини айтди. Бу ҳам жамоанинг ўзига бўлган ишончини ва мухлисларнинг ғалабага бўлган умидини оширади.

Ўзаро ўйинлар

Ўзбекистон миллий жамоаси бугунги кунга қадар Эронга қарши жами 12та ўйин ўтказиб, форсларни Тошкентда мағлуб эта олмаган. 12 ўйиндан 10тасида Эрон ғолиб бўлган, 1 ўйинда дуранг ва яна бир баҳсда Улуғбек Бақоевнинг Теҳрондаги ягона голи Ўзбекистон миллий жамоасига бу рақиб устидан қозонилган ягона ғалабани келтирган. Тўплар нисбати 3:16 – форслар фойдасига.

Вакилларимиз Эронга қарши сўнгги ўйинни июн ойида Тошкентда ўтказиб, CAFA Cup-2023 финалида Сардор Озмуннинг ягона голи меҳмон жамоага янги турнирнинг илк совринини келтирган эди. Вакилларимиз бугунги баҳсда Тошкентдаги нохуш анъанага чек қўйиб, тарихни янгилашга уринишади.

Ўзбекистон – Эрон. Ўзаро ўйинлар:

20.06.2023. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

08.10.2020. Ўзбекистон – Эрон – 1:2

11.09.2018. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

19.05.2018. Эрон – Ўзбекистон – 1:0

12.06.2017. Эрон – Ўзбекистон – 2:0

06.10.2016. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

11.06.2015. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

14.11.2012. Эрон – Ўзбекистон – 0:1

03.06.2012. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

05.09.2009. Ўзбекистон – Эрон – 0:0

11.07.2007. Эрон – Ўзбекистон – 2:1

14.12.1998. Ўзбекистон – Эрон – 0:4.

2023 йилда мағлуб бўлмаётган жамоа

Эрон миллий жамоаси Қатарда ўтган ЖЧ-2022да гуруҳдан кейинги босқичга чиқа олмагач, Карлуш Кейруш билан хайрлашди. Мамлакат футбол раҳбарияти жамоанинг собиқ мураббийи Амир Ғолиноийни яна миллий жамоа бошқарувига таклиф этгач, форсларнинг мағлубиятсиз серияси бошланди ва Эрон 2023 йилдаги 10 ўйинда 9та ғалабага эришди ва фақат Россия билан ўртоқлик ўйинида 1:1 ҳисобидаги дурангга рози бўлди.

«Осиё леопардлари» сўнгги 4 ўйиндан 3тасида йирик ҳисобда ғалабага эришди. Хусусан, ЖЧ-2026 ва Осиё кубоги-2027 қўшма саралаш босқичи 1-тури доирасида Сардор Озмун ва Меҳди Торемийнинг голлари эвазига Ҳонгконгни йирик ҳисобда мағлуб этиб, тўплар нисбатига кўра гуруҳда пешқадамлик қилмоқда.

Эрон миллий жамоасининг 2023 йилги ўйинлари:

23.03.2023. Эрон – Россия 1:1

28.03.2023. Эрон – Кения 2:1

13.06.2023. Эрон – Афғонистон 6:1

16.06.2023. Қирғизистон – Эрон 1:5

20.06.2023. Ўзбекистон – Эрон 0:1

07.09.2023. Болгария – Эрон 0:1

12.09.2023. Эрон – Ангола 4:0

13.10.2023. Иордания – Эрон 1:3

17.10.2023. Қатар – Эрон 0:4

16.11.2023. Эрон - Ҳонгконг 4:0

Эрон трансфер нархи бўйича Ўзбекистонни ортда қолдирмоқда

Transfermarkt порталига кўра, Эрон миллий жамоасининг умумий баҳоси 57,2 миллион еврони ташкил этаётган бўлса, Ўзбекистон миллий жамоаси 29,9 миллион евро нархга эга. Форсларнинг энг қимматбаҳо ўйинчиси Меҳди Торемий ҳисобланади – 18 млн евро, мамлакатимизнинг энг қимматбаҳо футболчиси эса Элдор Шомуродов – 6 миллион евро.

Эрон миллий жамоасининг энг қимматбаҳо 5 ўйинчиси:

1. Меҳди Торемий (Порту) – 18 млн евро

2. Сардор Озмун (Рома) – 12 млн евро

3. Алиризо Жаҳонбахш (Фейеноорд) – 4 млн евро

4. Мажид Ҳуссейни (Кайсериспор) – 2,6 млн евро

5. Саман Куддус (Брентфорд) – 2 млн евро

Ўзбекистон миллий жамоасининг энг қимматбаҳо 5 ўйинчиси:

1. Элдор Шомуродов (Кальяри) – 6 млн евро

2. Азизжон Ғаниев (Шабоб Ал-Аҳли) – 3 млн евро

3. Отабек Шукуров (Фотиҳ Карагюмрук) – 2,50 млн евро

4. Жалолиддин Машарипов (Пансерраикос) – 2 млн евро

5. Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА) – 2 млн евро.

Анонс. ЖЧ-2026 саралаши. 2-тур

21 ноябр (сешанба)

Ўзбекистон – Эрон

Тошкент, «Бунёдкор» стадиони.

Ўйин бошланиш вақти: 18:00

ТВ-трансляция: Спорт

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар