21.11.2023 11:46
8667
Эрон синови олдидан. Нега Англияга ўхшашимиз ва ғалабадан муҳимроқ жиҳатлар ҳақида

Англия миллий жамоаси ҳақида гап кетганида, мамлакатда сўнгги йилларда етишиб чиқаётган бир қатор истеъдодларни тилга олиш, умуман, Саутгейтда дунёнинг энг кучли таркибларидан бири мавжудлигини эътироф этган ҳолда, яқин йиллардаги турнирларнинг асосий фаворити сифатида тилга олиш урф бўлган. Беллинҳэм Ла Лигани, Ҳарри Кейн Бундеслигани забт этмоқда, треблга эришган “Манчестер Сити” таркибида инглизлар кўп, бир қараганда тахминлар асосли. Аммо биласизми, мен учун гарчи ҳеч нарса ютмаган бўлса ҳам, аср бошидаги Англия кучлироқ бўлгандек кўринаверади. Сабабини топгандек бўлдим. Ўша Англия таркиби бугунгисига нисбатан олганда анча барқарор ва ўз даражасини узоқ йиллар исботлай олган футболчилардан ташкил топган эди. Бекхэм, Скоулз, Жерард, Лемпард яримҳимояда, ҳимоя чизиғида Фердинанд, Терри, Коул, олдинда Руни, Оуэн, қаранг, хато қилмасдан санаб бердим. Бугунги Англия ҳақида шундай дея оламизми?

Ҳарри Кейн ва Деклан Райсдан бошқа ҳеч бўлмаса уч йил юқори даражада ўйнаб турган футболчини топиш мушкул, ҳа, истеъдодлар кўп, лекин улар давомли алмашиб тургандек, атиги икки йил олдин Евро финалида майдонга тушган Маунт, Санчо, Филипс, Стерлингларга ҳозир ишониш қийин. Балким бу аслида муаммо ҳам эмасдир, муҳими айни пайтдаги энг кучлилардан рақобатбардош жамоа шакллантириш бўлади, тўғри, аммо агар турли авлод жамоаларини солиштириш керак бўлса, айниқса ўзаро тушуниш, боғламлар, энг қийин, аҳамиятли паллада устунлик бериш учун ҳам зарур хусусиятдек туюлади. Майли, кўрамиз.

Бугун Ўзбекистон миллий жамоаси Эронни қабул қилади. Осиёда биз учун энг ноқулай бўлган рақиблардан бири – сўнгги 7 учрашувнинг барчасида мағлуб бўлганмиз, ҳаммаси бўлиб 11 ўйинда атиги 1 ғалаба ва 10 мағлубият. У қадар ишончли кўринмаган Туркманистондаги баҳсдан сўнг хавотирлардан халос бўлиi бироз қийин туюлмоқда.

Аввало шуни таъкидлаш керакки, Туркманистонда энг муҳими очко йўқотмаслик эди ва бу вазифа уддаланганининг ўзи биз учун қониқарли ҳолат. Айниқса, ўйин футболчиларимиз учун жуда ноқулай бўлган сунъий қопламали майдонга белгиланганининг ўзи бир неча йил олдинги Шимолий Кореядаги аччиқ тажрибани ёдга солганди. Бу шароитда ғалаба қозониш мухлисларни хурсанд қилса-да, Катанец жамоасида етарлича муаммолар борлигини ҳам пайқаш мумкин.

Иккинчи таймни анча яхшироқ ва ташаббус билан ўтказгандек бўлсак-да, барчаси назоратимиз остида тургани борасида қатъий ишонч шахсан менда йўқ эди. Тўлиқ ишланмалар бўйича бошланган ва мантиқий якунига етган ҳужумлар у қадар кўп эмасди – урилган ҳар уч гол ҳам контрпрессинг натижасида юзага келгани ва максимум икки узатма билан зарба позициясига чиқилгани эътиборли ҳолат – одатда, савия жиҳатидан пастроқ жамоалар прессингга бардошли бўлмайди, кучлироқ, масалан, Эрон бундай имкониятлар тақдим этмаслиги шубҳасиз.

Катанецда бир пайтлар Абрамов ёки Қосимовда мавжуд бўлган шароит йўқ, сабабини юқорида Англия миллий жамоаси мисоли билан тушунтирдим. 2004-2015 йилларда бизда ҳам худди Англияда бўлганидек авлод етишиб чиққанди. Аввалига “Пахтакор” билан биргаликда халқаро майдонда юқори мақсадлар учун бирлашган, кейин Сколари қўл остида, Ривалдо билан ёнма ён замонавий трендларни ҳис қилган футболчилар гуруҳи узоқ вақт миллий жамоани ўз ортидан эргаштирди. Жепаров, Кападзе, Аҳмедов, Ҳайдаров, Исмоилов, Денисов, Нестеров, Гейнрих каби футболчилар билан миллий жамоада ишлаш мураббий сифатида бирмунча осонроқ, ишонаверинг. Янгилик ўйлаб топиш, айни пайтда қайси футболчи тайёрроқ экани ҳақида бош қотиришга ҳожат кам, муҳими, қўл остингдаги тажрибали ва албатта, савияли футболчиларнинг устунлик ва камчиликларидан келиб чиқиб тактика, режа ишлаб чиқилиши етарли.

Аҳмедовнинг кетиши билан қайсидир маънода “олтин авлод” ниҳоясига етди. Авлодлар алмашинувини амалга ошириш, тағин, терма жамоада, айниқса, ўзбек футболига бироз бегона ва янги бўлган чет эллик мураббий учун осон эмас. Бунинг устига, ўйин амалиёти борасида ҳатто етакчи футболчиларда ҳам барқарорлик кузатилмаётган паллада мана шу сифатдаги жамоани ташкил қилиш янада қийинлашиб кетади. Шукуров Туркияда етарли вақтларга эга бўлмаяпти, Шомуродов ва Ҳусановда ҳали ўша дақиқаларнинг ўзи йўқ, Файзуллаевлар эса ёш. Янгилик эмаски, Ўзбекистон Суперлигаси ва ҳатто ҳар қанча Саудия юлдузлари билан тўлмасин, Осиё Чемпионлар Лигаси ҳам, Эрон ёки Японияга қарши учрашувлар юкламасини бера олмайди.

Юклама ҳақида гап кетганида, миллий жамоамизнинг бугунги ҳолатига объектив сабаблар келтириш ҳам мумкин. Ўтган сафар жаҳон чемпионати саралашида сўнгги босқичга чиқа олмаганимиз панд берди ва қайсидир маънода бугунимизга ҳам таъсир ўтказмоқда. Охирги марта 2021 йилнинг ёзида Саудия Арабистони билан жиддий учрашув ўтказдик ва кейинги икки ярим йил фақат ўртоқлик ўйинлари ва кучсиз жамоаларга қарши ўртоқликдан ортиқ бўлмаган Осиё чемпионати саралаш баҳслари билан қолиб кетдик. Тўғри, ўртоқлик ўйинлари нисбатан кучли, муносиб рақиблар билан бўлди, аммо барибир, босим ва юклама томонидан расмий мусобақанинг ўрни катта. Тасаввур қилинг, Эрон мана шу давр мобайнида ЖЧ саралашининг сўнгги босқичида ва мундиалнинг ўзида иштирок этишга улгурди.

Расмий мусобақалар миллий жамоа футболчилари орасида турли боғламлар пайдо қилиш, ўзаро кимёни таъминлаш, айниқса, мураббийга у ёки бу футболчи ҳақида аниқ таассурот пайдо қилиш учун ҳам зарурдир. Баъзи футболчилар ўртоқлик ўйинларида ёки машғулотларда ўзини жуда яхши кўрсата олади, аммо ҳақиқий кураш пайтида босимни кўтара олмаслиги, жуда кўп нотўғри қарорлар қабул қилиши мумкин. Ёки аксинча.

Катанец етарлича вақт жамоани бошқараётган, жуда кўп ўртоқлик ўйинлари ташкил қилинган бўлса-да, ўз шогирдлари ҳақида тўлиқ ва аниқ тасаввурга эга, деб ўйламайман. Сабаби, юқорида айтганимдек, расмий мусобақалар, яъни худди оралиқ имтиҳонлар ўқувчи билимини синовдан ўтказганидек, жамоа ҳақиқий синовларга дуч келмаганидир.

Кўп ўйинлардаги бурилишлар замири ҳам балким шундан. Миллий жамоасиз Катанец қўл остида 4 маротаба иродали ғалабага эришди. Тасаввур қилинг, Катанецгача миллий жамоамиз ўз тарихида ҳаммаси бўлиб шунча иродали ғалабага эга эди. Хўш, футболчиларимиз характери қисқа вақтда ўзгариб кетдими ёки Катанец ростан ҳам ўйин пайтида керакли ўзгаришларни амалга ошириш, яъни “матч-менежмент” устасими? Бўлиши мумкин, лекин сўнгги учрашувдан хулоса қилсак, яна ўша барқарорлик етишмаслигига бориб тақалади. Оптимал асосий таркиб борасида, энг муҳими, рақиб дарвозаси олдида вазиятлар яратиш ва ўз дарвозаси олдидаги ҳужумларни бартараф этиш учун аниқ ишланмалар ҳозирча кўзга ташланмаяпти.

Эрон эса, агар иродангизни намойиш қилмоқчи, ўйинда бурилиш ясамоқчи бўлсангиз, Осиёдаги энг ноқулай рақиб. Кейруш уларнинг ДНКсини ўзгартириб юборди, бугунги, умуман сўнгги 10 йилдаги Эрон ҳимояда бехато ҳаракат қиладиган, асосан ўйинларни қандай бошласа, шундай якунига етказадиган, охирги 7 ўйиннинг барчасида ғалаба қозонган салобатли жамоадир. Бу ерда ўйин сценарийси, жисмоний тайёргарлик ёки қўшимча ўзгаришлардан кўра, энг аввалги тайёргарлик ва режа кўпроқ таъсирга эга, энг муҳими, яхши бошлаб олишдир.

Ижобий жиҳати шундаки, гуруҳда 2-ўрин ҳам кейинги босқичга олиб чиқади. Демак Эрон билан ўйинларни янги жамоамиз учун синов сифатида қабул қилишимиз тўғрироқ. Шахсан мен учун бу ўйиндаги ғалабадан ҳам кўра, жамоамизнинг оғирроқ юклама остида, аввалгиларга ўхшамайдиган шартларда ўзини қандай тутиши, қайси йўл билан хавфли вазиятлар яратишини кўриш кўпроқ аҳамиятга эга. Мураббий сифатида Катанец Ўзбекистондаги ишини бугун бошлайди. Аниқроғи, бугун намойиш қилади. Олдинда бизни жуда кўп “эронлар” кутаётганини эътиборга олсак, балки кейинроқ бизга умуман керак бўлмайдиган уч очкодан кўра, ростан ҳам, муҳимроғи мана шу тажрибадир, ким билади... 

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар