2024 йилнинг 12 январидан 10 февралича Қатарда Осиё кубоги-2023 бўлиб ўтади. Ўйинлар учун чиқарилган чипталардан тушган даромад Фаластин халқига ёрдам сифатида йўналтирилади. Бу ҳақда турнир ташкилотчилари матбуот анжуманида эълон қилишди.
«Осиё кубоги-2023 турнири ўйинлари учун чиқарилган чипталар сотувидан тушган даромадни Фаластинга зарур ёрдам сифатида йўналтиришга қарор қилдик.
Ишончимиз комилки, ушбу ташаббус жабрланганларга ёрдам бўлади ва футбол энг қийин паллада одамларни қўллаб-қувватлаш механизми сифатида ўз ролини бажаради», - дея қўшимча қилди Ҳамад ибн Халифа Ол Тани.
Маълумот учун, Қатар мезбонлигидаги ушбу турнир ўйинлари учун чипталари сотувининг иккинчи босқичи бугун бошланган. Ўзбекистон миллий жамоаси Австралия, Сурия ва Ҳиндистон билан В гуруҳидан жой олган. Вакилларимиз 1-тур учрашувида 13 январ куни Сурияга қарши майдонга тушади.