Эрон миллий жамоаси ёрдамчи мураббийи Антонио Маниконе ЖЧ-2026 саралашидан ўрин олган Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди.
— Авваламбор, узр сўрамоқчиман. Бош мураббийимиз Амир Галинойи бетоблиги сабаб матбуот анжуманида иштирок эта олмаяпти. Лекин биз билан Ўзбекистонга келган ва жамоа билан бирга. Эртанги ўйинда ҳам иштирок этади.
Ўйин ҳақида тўхталсак, Ўзбекистон — яхши жамоа. Эртага ҳам шиддатли баҳс бўлади, деб ўйлайман.
— 4 ой аввалги CAFA финалидан кейин Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинида қанчалик ўзгариш кўрдингиз ва ўша ўйин билан эртанги баҳс даражаси ҳақида нима дейсиз?
— Ўша ўйин ҳам ажойиб ўтганди. Ўзбекистон — ҳамон Осиёнинг энг яхши жамоаларидан бири. Бош мураббий Сречко Катанец ҳам тажрибали. Жамоа доим чиройли ўйин кўрсатишга ҳаракат қилади.
— Эронда ижрочилар кўп, лекин одатда ҳимоявий ўйнайди?
— Бунга қўшилмаган бўлардим. Охирги ўйинларимизни кўрсангиз, биз кўп гол уряпмиз. Футбол фақат ҳужумдан иборат эмас. Керак пайтда ҳимояланишга ҳам тўғри келади.
— Алиризо Жаҳонбахшнинг йўқлиги қанчалик таъсир қилади?
— Ҳар бир ўйинчи муҳим, лекин бу жароҳат режаларимизга таъсир қилмайди.
— Доим Ўзбекистонни мақтаб, ютиб кетасизлар. Бу дипломатиями? Чунки клублар ўртасида яқинда ОКМК «Сипохон»га 0:9 ҳисобида ютқазди. Бу фарқни билдирмайдими?
— Бунақа ўйинлар учраб туради. Лекин Ўзбекистоннинг бошқа бир клуби («Навбаҳор») «Нассажи»ни 2 марта мағлуб этди-ку.
Ўзбекистон — Эрон ўйини 21 ноябр куни «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан 18:00да бошланади.