«Палмейрас»нинг 17 ёшли ҳужумчиси, аслида «Реал»га тегишли бўлган Эндрик «Интер Майами» форварди Лионел Месси ва «Ан Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналду тўғрисида гапирди.
«Мессига келсак, у — феномен. У жуда яхши ва яна дунёдаги энг зўри. Мен унга қарши ўйнаб, уни жонли томоша қилишдан завқланмоқчиман. Уни олдин фақат видеоўйинда кўрганман. Тез орада Леони яқиндан кўраман, бу ажойиб бўлади.
Месси — ажойиб футболчи, лекин мен кўпроқ Криштиану Роналдуга мухлислик қиламан», — дея Эндрикнинг сўзларини келтиради Goal.
22 ноябр тонгида Бразилия ва Аргентина миллий жамоалари ЖЧ-2026 саралаши 6-турида тўқнаш келишади.
Эслатиб ўтамиз, «Реал» ўтган йилнинг декабр ойида ўша пайтдаги 16 ёшли Эндрик учун 35+25 млн евро тўлаганди. Бу трансфер 18 ёшгача бўлган футболчилар учун энг қиммати бўлган. Ҳужумчи ва Мадрид клуби ўртасидаги шартнома 2027 йилгача имзоланган бўлиб, у 2030 йилгача узайтириш вариантини ҳам ўз ичига олади. Эндрик 18 ёшга тўлиши биланоқ Испанияга келади.