Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Элдор Шомуродов ЖЧ-2026 саралашидан ўрин олган Эрон билан ўйин олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
— 10 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмаётган Эрон кутмоқда. Олдиндаги баҳс ҳақида нималар дея оласиз?
— Ҳамма тушуниб турибди: қийин ва муҳим ўйин кутяпти. Худо хоҳласа, барча йигитлар ўйинга тайёр. Уйда мухлислар, 12-ўйинчи билан ўйнаймиз. Уларнинг қўллаб-қувватлаши қўшимча куч бўлади. Керакли натижа — ғалаба учун ўйнаймиз.
— Эрон сафидаги йўқотишлар фойдамизга хизмат қиладими?
— Биз фақат ўз ўйинимизни ўйлаймиз. Муҳими, бизда барча йигитлар соғ, жароҳатланганлар йўқ.
— Туркманистон (3:1) билан ўйин ва майдон сифати ҳақида гапирсангиз?
— Асосийси, керакли 3 очкони қўлга киритдик. Шунақа қийин баҳслар ҳам бўлиб туради.
Майдонга келсак, рақиб ҳам биз билан бир хил шароитда эди. Ўтиб кетди. У ўйинни унутиб, олдинга назар ташлашимиз керак.
— Сардор Озмун билан гаплашдингизми?
— Йўқ.
Ўзбекистон — Эрон ўйини 21 ноябр куни «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан 18:00да бошланади.