Фабио Куалярелла фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
«Сампдория», «Торино», «Ювентус», «Наполи» ва «Удинезе» клубларининг собиқ ҳужумчиси 40 ёшда. Август ойидан бери у эркин агент мақомида – «Сампдория» билан шартномаси якунига етгандан буён.
«Ҳа, албатта, мен мажбуран шу қарорга келаман. Балки яна қандайдир таклиф тушган бўларди, лекин мен майдонга қайтиш учун мос формада эмасман.
Менда доимо орзулар бўлади. Улардан бири футбол оламида қолиб, унда менга қандай рол мос келишини тушунишдир. Буни аниқлаш учун олдинда жуда кўп вақтим бор», — деди Куалярелла.
Фабио фаолияти давомида «Ювентус» билан 6 та совринни қўлга киритган: 3 марта Италия чемпиони бўлган, 2 бор мамлакат Суперкубоги ва 1 марта кубокни қўлга киритган. 2018/19 йилги мавсумда у Генуя клубида 26та гол билан А Сериянинг энг яхши тўпурарига айланганди.
Умуман олганда, Куалярелла клублар миқёсида 717та ўйинда 238та гол урган.