«Челси» ва Нигерия миллий жамоаси собиқ яримҳимоячиси Жон Оби Микел африкалик ўйинчиларга хос муаммо ҳақида гапирди.
«Одатда, биз африкалик ўйинчилар бу ҳақда гапирмаймиз, аммо Африкадан Европа ёки Осиёга келиб, пул ишлашни бошлаганингиз ҳамоноқ, бу пуллар сизники бўлмайди.
Катта оиланг, қариндошлар, аммавачча, тоғавачча, амакваччалар ва ҳоказо сени умидингда бўлади. Сенинг синглинг ёки опанг қандайдир йигитга турмушга чиқади, ўша йигит ҳам айнан сен таниқли ўйинчи эканинг сабабли қариндошинг бўлган қизга уйланиб олган бўлади. Ҳаттоки, ўша йигит ҳам ҳаёти энди тўкис бўлишига ишонади.
Катта пул топаётганингда оилангдан ташқари, қариндош опанг ёки синглингга ҳам пул жўнатасан, унга уйланиб олган йигит эса пулга нимани истаса, ўшани қилади. Топганинг бутун оиланг, уруғ-аймоғингники бўлади. Қўнғироқ қилган борки, пул сўрайди.
Ҳар маош олганингда бунчаси ота-онамга, буниси унга, буниси ўша одамга деб ажратасан, ўзингга эса уларга берганингдан камроқ қолади. Ҳали ҳеч қанча вақт ўтмайди, улар эса қандайдир муаммога йўлиқиб, яна ва яна пул сўрашади. Мана шунақа маданият.
Сен улардан қарздордек, доим ғамхўрлик қилишинг шарт деб ҳисоблашади. Бу ҳақда гапириш керак. Айниқса, африкалик ёш ўйинчилар буни билишлари лозим, чунки уларни худди шундай вазият кутиб турган бўлади.
Ўз вақтида «Бўлди, бас! Энди менга барибир», дея олишинг керак. Мен катта клублардан кетганимдан кейин, 5 йилча аввал шундай дейишга мажбур бўлдим. Чунки футбол ўйнаб, пул топа бошлаганимдан бери пулимни улар билан бўлишаман.
Ҳа, сен улар учун ёмонга айланасан. Чунки улар қўнғироқ қилганида сенинг аҳволингни эмас, «менга қанча бера оласан?», дея сўрашга ўрганиб қолган бўлади. Улар ўзларини бутун умр сен ўз қарамоғингга олгандек тутишади. Пул жўнатмай қўйгач, фаолиятингни охирида зарур пайтда қўнғироқ қилсанг, жавоб бермай қўйишади», - дейди «Челси» клуби собиқ яримҳимоячиси BBC мухбири билан суҳбатда.
Маълумот учун, 36 ёшли яримҳимоячи фаолияти давомида «Челси» (2014-16) ва Хитой, Англия, Туркия, Кувайт клубларида фаолият олиб борган. Оби Микел 2022 йилда футболчилик фаолиятини якунлаган эди.